Душанбе шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Россия” ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитлари доирасида Ўзбекистонда атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда телекўприк орқали Жиззах вилоятида қазиш ишларига старт берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев, Россия Федерациясининг атом энергияси бўйича “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ҳамда икки давлат вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, тадбир доирасида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига ҳам расман старт берилди ва марказ қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди.
Маросимда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, С.Березин номидаги тиббиёт институти бошқарув раиси Аркадий Столпнер, соҳанинг етакчи мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Россия Президентлари даражасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, икки давлат ҳамкорлигининг яна бир ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Ядро тиббиёти маркази нафақат замонавий клиника, балки мамлакат тиббиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий, амалий ва ижтимоий аҳамиятга эга йирик ташаббус ҳисобланади. У инсон ҳаётини сақлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва миллий тиббиёт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.
Маълум қилинишича, лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади. Унга тайёргарлик жараёнида халқаро ядро тиббиётининг ҳозирги ҳолати чуқур таҳлил қилинди, етакчи мамлакатлар тажрибаси ўрганилди ва самарали ечимлар таққослаб чиқилди.
Марказ С.Березин номидаги тиббиёт институти (МИБС) иштирокида инвестиция асосида барпо этилади. Умумий майдони 12 минг квадрат метр бўлган объектда муҳандислик, геологик, экологик ва бошқа лойиҳаолди тадқиқотлар амалга оширилган.
Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ/КТ), циклотрон мажмуаси ва радиофармпрепаратлар лабораторияси билан жиҳозланган ядро диагностика маркази фаолияти йўлга қўйилади. Кейинги босқичларда радионуклид терапияси йўлга қўйилиб, изотоп тадқиқотлари кўлами кенгайтирилади.
Маълумки, бу турдаги ташхис ва даволаш хизматлари чет элда жуда қиммат туради. Марказ фаолият бошлаши билан фуқароларимиз замонавий тиббий хизматларни мамлакат ичида қулай ва тежамкор шароитда олиш имкониятига эга бўлади.
Марказ йилига тахминан 8 минг нафар беморда касалликларни илк босқичда аниқлаш имконини беради. Бу эса тўлиқ шифо топиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Шу билан бирга, лойиҳа тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам замин яратади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — юздан зиёд юқори технологияли иш ўринларининг яратилишидадир. Марказ фаолияти орқали ядро тиббиёти соҳасида миллий кадрлар базаси шаклланади. Бу муассаса фақат ташхис ва даво билан чекланмай, илмий изланишлар, янги усулларни синовдан ўтказиш ва мутахассислар тайёрлаш учун ҳам платформа вазифасини бажаради.
Лойиҳа доирасида ядровий технологиялар асосида замонавий ташхис ва даволаш усуллари жорий этилади. Онкология ва радиология соҳасида кадрлар салоҳияти, илмий база ва инфратузилма янада ривожланади. Бу эса мамлакат тиббиётида янги босқични бошлаб беради.
Инсон саломатлигини муҳофаза қилишда аниқлик, самарадорлик ва замонавий ёндашув устувор аҳамият касб этади.








