Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси билан “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида“ги қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузганлиги учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилгани, жумладан, лойиҳадаги кредит бюроларга нисбатан Марказий банк томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳамда Марказий банкнинг кредит бюроларини фаолиятини тартибга солишга доир ҳуқуқий нормаларга таҳририй ва аниқлаштирувчи тузатишлар киритилгани қайд этилди.
Халқ вакилларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолларининг олдини олиш ҳамда кредит бюролари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.