“Фалон ҳудудда Қизил китобга киритилган айиқ отиб ўлдирилди”, “Қизил китобга киритилган қушни сотмоқчи бўлганлар ушланди”, “Тадбиркор Қизил китобга киритилган ўсимликни кесиб ташлаб, табиатга фалон сўмлик зарар етказди”, “Икки бош камёб буғу темир симдан ясалган қопқон орқали овланиб, нобуд қилинди...” Булар тўқима гаплар ёки олисдаги қайсидир мамлакатда рўй берган воқеалар эмас — ҳаммаси ўзимизнинг юртимизда содир бўлган ва расман тасдиқланган, интернетда, телевизорда эълон қилинган хабарлардан айримлари.
Тўғри, одамлар бир хил эмас, инсон омили деган тушунча бор, шунинг оқибатида табиатга зиён етказиш ҳолатлари барча давлатларда кузатилади, дейишингиз мумкин. Лекин Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш, ноёб турдаги ўсимлик ва дарахтларни кесиб ташлаш охирги вақтларда сезиларли кўпайган.
Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот турлари, экотизимлар ва ландшафтларни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак? Бунинг энг самарали йўлларидан бири бу — “муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар” ташкил қилишдир.
Бу борада Президент ва хукумат раҳбарларининг соҳага алоҳида эътибори туфайли кейинги йилларда катта ишлар амалга оширилди. Охирги 5 йилда соҳага оид 2 та Президент қарори, 14 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
2016 йилда биохилма-хиллик билан боғлиқ бўлган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 2,011 млн гектарни ёки мамлакатимиз ҳудудининг 4,64 фоизини ташкил қилган эди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 2028 йил якунига қадар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш назарда тутилган эди.
2019 йилда Хоразм миллий табиат боғи, 2020 йилда “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи, 2021 йил “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси, 2022 йилда “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонаси, “Марказий Қизилқум”, “Юқори тўпаланг”, “Боботоғ”, “Поп”, “Оролқум”, “Омонқўтон” миллий табиат боғлари, “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхоналари ташкил этилди.
2023 йилнинг 1 январь ҳолатига, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,321 млн гектарга етказилди ва уларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги улуши 14,08 фоизни ташкил қилди.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва шу орқали Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш мақсадида Самарқанд вилоятида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудини 2 минг гектарга, Жиззах вилоятидаги Нурота давлат қўриқхонасини 4 минг гектарга, Сурхондарё вилоятидаги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудини 5 минг гектарга (умумий 11 минг гектар) кенгайтириш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, Зарафшон миллий табиат боғи, Сурхон ва Нурота давлат қўриқхонаси ҳудудларини кенгайтириш бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари амалга оширилиб, кенгайтирилиши режалаштирилган ҳудудларнинг бирламчи хариталари тайёрланди. Ҳозирда уларнинг майдонини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
2024 йилда Фарғона водийсида (Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари) умумий майдони 100 минг гектардан иборат янги табиат боғи ташкил этилади.
Натижада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг майдони 6,432 минг гектар ёки мамлакатимиз ҳудудига нисбатан 14,3 фоизга етказилади.
Ҳозир мамлакатимизда 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 12 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги мавжуд. Мазкур ҳудудларда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган умуртқали ҳайвонларнинг 102 тури (83 фоизи), ўсимликларнинг 280 тури (89 фоизи) учрайди.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базаси ривожлантирилиб борилмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармаси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида маъмурий биноларнинг бир қисми таъмирланди, Чотқол биосфера ва Ҳисор давлат қўриқхоналарида ташриф марказлари ташкил этилди.
Зомин давлат қўриқхонаси учун янги маъмурий бино ва инспекторлар уйи (кордон) қурилди, Нурота, Сурхон давлат қўриқхоналарининг маъмурий бинолари капитал таъмирланди ва 6 дона кордон янгидан қурилди, Қизилқум давлат қўриқхонасига инспекторлар уйи сифатида фойдаланиш учун 2 дона контейнер олиб берилди. Ҳисор давлат қўриқхонасида 4 дона кордон уйлар тўлиқ таъмирланди.
Ҳалқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Чотқол биосфера ва Ҳисор давлат қўриқхоналари, “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи фаолиятига SMART патрул қўриқлаш тизими татбиқ этилди. 500 дан ортиқ демаркация белгилари, фотоаппарат, оптик кузатиш воситалари, фотоқопқонлар ва бошқа асбоб-ускуналар билан таъминланди.
2023 йилга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар моддий-техник базасини яхшилаш, назорат ва биохилма-хиллик мониторингини ҳамда илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш мақсадида давлат бюджетидан 19 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу маблағларга йўлтанламас автомобиллар, замонавий дрон, фотоқопқон, фотокамера, дурбин, портатив метеостанциялар, компьютер, принтер, ётоққоп, палатка ва бошқа асбоб-анжомларни харид қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, 2024-2025 йиллар давомида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда мониторинг ишларини ташкиллаштириш мақсадида йилига 25 млрд сўм ажратиб борилиши назарда тутилган.
Вазирлик бу соҳада ҳалқаро йўналишда ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон билан трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда.
2016 йилда Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (Майдонтол участкаси) ва Угам-Чотқол давлат биосфера резерватининг қўриқхона зонаси (Бошқизилсой участкаси) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
2023 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси томонидан “Сайгачий” мажмуа буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилди.
2021 йилда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг Бутунжахон биосфера резерватлари тармоғи рўйхатига киритилди.
Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари (2020 йилда), Судочье кўллар тизими (2023 йилда) Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқлик ҳудуди сифатида Рамсар Конвенциясининг Рўйхатига киритилди.
Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон билан трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда. Сурхон давлат қўриқхонаси жойлашган ҳудудларни Куҳитанг тоғи экотизимлари сифатида Туркманистон билан биргаликда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон табиий мероси рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрланмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 715 тури, умуртқасиз ҳайвонларнинг эса 14900 дан ортиқ тури бор. Шулардан Ўзбекистон Қизил китобига 206 тур ҳайвонот дунёси киритилган. Шундан умуртқасизлар 83 турни, умуртқалилар 123 турни (балиқлар – 18 тур, судралиб юрувчилар – 21 тур, қушлар – 52 тур, сут эмизувчилар – 32 тур) ташкил қилади.
Мамлакатимиз ўсимлик дунёси 11000 тур ўсимлик, замбуруғ ва сув ўтларидан иборат. Шундан 4300 турга яқини юксак ёввойи ўсимликлар, уларнинг 8% эндемик турлардир. Буларнинг 314 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.