Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) конференция залида “Марказий Осиёда ёввойи табиатга қарши жиноятлар билан курашишда салоҳиятни мустаҳкамлаш ва кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган yashiltamojnya.uz янги онлайн платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус Республика экологик ресурслар маркази “Экомактаб” томонидан, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти кўмагида амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, yashiltamojnya.uz платформаси божхона ва чегара хизматлари ходимларига тезкор ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. Унинг ёрдамида ёввойи фауна ва флора вакилларини тезда аниқлаш, уларнинг CITES конвенцияси бўйича мақомини текшириш ва зарур рухсатномаларнинг мавжудлигини тасдиқлаш мумкин. Бу, айниқса, ҳайвонлар ёки уларнинг қисмлари (шох, тери, тиш ва ҳ.к.) сувенир ёки уй ҳайвони сифатида яширилган ҳолларда муҳим аҳамиятга эга. Рақамли воситалар инспекторлар ишини самаралироқ қилади ва хато хавфини камайтиради.
Иштирокчилар, шунингдек, жойлардаги мутахассислар малакасини ошириш зарурлиги ҳамда аҳолига экологик жиноятларнинг олдини олишга доир тарғибот ишларининг аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар.
Тадбир давомида Экология вазирлиги, Green University, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда “Экомактаб” ННТ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. У барқарор ривожланиш мақсадида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ҳаво сифати, биохилма-хиллик ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ёшлар ва аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, АйТи ечимлар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, жамоат экологик инспекторларини ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда экологик қонунчиликни такомиллаштириш жараёнларини ўз ичига олади.
"Яшил Таможня" платформаси тақдимоти Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда экологик фаолиятни рақамлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. “Савол-жавоб” сессияси давомида берилган саволлар иштирокчилар платформасига бефарқ эмаслигини кўрсатди.









