Ўзбекистондаги илк биоархеология лабораторияси

    Фан 22 сентябр 2020 3002

    Кишилик цивилизацияси ўчоқларидан бири бўлган Марказий Осиё доимо турли маданиятлар кесишган минтақа бўлиб келган. Ушбу минтақанинг қоқ ўртасида жойлашган Ўзбекистоннинг бой ўтмиши ўтган давр давомида археологлар томонидан кенг ўрганилиб, юртимиз ва минтақада кечган тарихий жараёнларни қайта тиклашда сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Хусусан, тош давриданоқ ўзлаштирила бошлаган Марказий Осиё илк шаҳарлар ва давлатчилик шаклланган минтақалардан бири бўлгани илмий асосланди.

    Кейинги йилларда фан, таълим ва иқтисодиётнинг интеграциялашувига қаратилган янги ўзгаришлар юртимиздаги археологик изланишларни янада чуқурлаштириш, йирик археологик ёдгорликларда кенг кўламли қазишмаларни олиб бориш, очиб ўрганилган археологик объектларда очиқ осмон остидаги музейларни ташкил этиш ҳамда бой ўтмишимиз ва маданиятимизни минтақа юртдошларимиз, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиш учун 2019 йил 21 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида» Қарори чиқарилди. Ушбу Қарорда республика бўйлаб олиб борилаётган археологик изланишларни илмий-услубий томондан йўналтириш ва табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини археологик изланишларда кенг қўллашни кўзда тутиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Миллий археология маркази ташкил этилди.

    Қарорда Миллий археология марказида 2019 йили Ўзбекистонда илк бор «Биоархеология» йўналишида изланишлар олиб борадиган замонавий асбоб‑ускуналар билан жиҳозланган Биоархеология лабораторияси ташкил этилиши кўзда тутилди. Унда илмий изланишлар археология ва табиий фанлар билан уйғунликда олиб борилади. Бугунги кунда ушбу лабораторияни ташкилий жиҳатлари, яъни лаборатория учун ускуна ва жиҳозлар рўйхатини тузиш, уларни сотиб олиш харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ва энг муҳими ана шу асбобларни ўз изланишларида қўллай оладиган илмий ходимлар, лаборантларни жалб этиш ва тайёрлаш устида ишлар олиб борилмоқда.

    Лабораторияда «Биологик (органик) артефактлар таҳлили ёрдамида тарихий жараёнларни тиклаш» мавзусида илк изланишлар бошлаб юборилди. Инглиз тилидаги биоархеология бўйича адабиётларнинг кўпчилиги аниқ бир тадқиқот муаммосига, бирор‑бир географик ўлкага ёки назарий перспективага қаратилганини кўрсатди. Бу йўналишда америкалик антрополог олим К. Ларсеннинг талабадан кўра кўпроқ амалиётчига мўлжалланган Bioarchaeology: Interpreting Behavior from the Human Skeleton” (Cambridge: Cambridge University Press, 1999) ҳамда талабалар ва мутахассис бўлмаганларга атаб ёзган “Skeletons in our closet: Revealing our past through bioarchaeology” (Princeton: Princeton University Press, 2000) дарсликларини келтирса бўлади. Умуман, биоархеология фанининг юзага келиши, жаҳондаги йирик биоархеология илмий тадқиқот лабораториялари ҳамда уларда олиб борилаётган изланишлар тўғрисида маълумотлар тўпланди. Америка, Буюк Британия ва Россия каби давлатларда биоархеология бўйича ишлаётган антропологларнинг методологик аҳамиятга эга изланишлари ўрганилиб, биоархеологияда фанлараро ёндашув устуворлик қилиши тўғрисида хулосага келинди. Шунинг учун К.С. Ларсен биоархеологиянинг кучи унинг фанлараро кенг қамраб олинганида деб уқтирган эди.

    Биоархеолог кенг турдаги метод ва техникаларни қўллаган ҳолда ўтмишда яшаб ўтган кишилар турмуши тўғрисида кўпроқ маълумотларни йиғишга уринади. Инсон танаси турмуши давомида ташқи таъсирларни ўзида акс эттиради. Инсон скелет тизими эгилувчан (пластик) ва консерватив бўлиб, у ҳаёт давомида бошдан кечирган баъзи салбий эпизодларни қайд эта олади. Масалан, боланинг ўсишига қадимда одамлар кўпинча бошдан кечирган қаттиқ очарчилик ёки боланинг ўсиши ва ривожланишини вақтинча тўхтатувчи жиддий бирор касалликка ўхшаш салбий шарт‑шароит таъсир қилган бўлиши мумкин. Кейинчалик бу физиологик стресс йўқ қилинганига қарамай, тиш тузилишида бу ўсиш даврлари стрессларни «эмаль қатлами гипоплазияси» деб аталувчи излар ўлароқ қайд этилади. Худди шундай рентгенограмма орқали суякларнинг «Гаррис линияси» деб номланувчи касаллик туфайли ўсишдан ортда қолганини билса бўлади. Шундай қилиб, қадимги ёки ҳатто, қабрдан қазиб олинган бугунги одамнинг скелетини ўргана туриб, унинг қандай яшагани ва нима билан овқатланганини билса бўлади.

    Изланувчилар суяк тўқимасининг кимёвий таркибини таҳлил қилишда изотоп таҳлили ва атомли‑абсорбцион таҳлил каби методларни қўллайдилар. Қадимда одамларнинг асосан эт емас (вегетариан)лар бўлганми ёки этли озуқаларни ёқтиришганми, улар қандай касалликлар билан оғриганлар каби кўплаб саволларга илмий жавоб топишда бу иккала усул қўл келади. Кўпгина касалликларнинг келиб чиқиши, масалан, ўтмишда инфекцияларнинг тарқалиши борасида фикр юритса бўлади. Биоархеолог аниқ тадқиқот саволларига жавоб топиш учун археологик қолдиқларни таҳлил қилади. Бу таҳлил давомида математика, тиббиёт ва кимё фанларида кенг қўлланиладиган методларни кўпинча бирга қўллашга тўғри келади. Бошқача айтганда, биоархеологиянинг бугунги ютуқлари тиббиёт, физика, кимё каби фанларда амалга оширилган тажриба ва синовлар натижаси билан узвий боғлиқ.

    Шундай қилиб, биоархеологнинг бош вазифаси сочилиб кетган ва кўпинча узуқ‑юлуқ парчалар бўлган маълумотларни тўплаш ҳамда уларни интерпретация қилишдир. Археологик қазишмалардан олинган бундай аралаш маълумотларни ўрганиш орқали илк жамиятлар ва ўтмишдаги аҳолининг турмуш тарзи тўғрисида бир бутун тасаввурга эга бўлинади. Ёки бирор кишининг остеобиографиясини қайта тиклаш орқали ўтмишдаги кишилар жамоаси ва уларнинг иқтисодий‑ижтимоий турмушини англаса бўлади.

    Қисқаси, эндиликда берилган имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда замонавий табиий фанларнинг сўнгги ютуқларини археология ва умуман ижтимоий фанларга ҳам тарғиб этган ҳолда изланишлар олиб бориш керак. Бусиз ҳар қандай мавзуда чиқарилган илмий хулосалар бир томонлама ёндашилган бўлиб қолади. Замонавий биоархеология фани антропологик изланишлардаги кўпгина эски қарашларни ўзгартиришга ва ечими топилмай келаётган муаммоларни ҳал этишга сезиларли улуш қўшади. Шундай экан, ушбу лаборатория Ўзбекистон илм‑фанига, хусусан, археология соҳасидаги изланишларга янада ойдинлик киритади.

    Мунира Хатамова,

    тарих фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD),

    катта илмий ходим, ЎзР ФА Миллий археология маркази.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates