“Ўзбекистонга саёҳат” номли китоб тақдимоти

    Китоб доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома қаламига мансуб

    Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида диёримизга келаётган сайёҳлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани, улар орасида Ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган олимларининг ҳам борлиги бизга ифтихор бағишлайди.

    Хусусан, 2018 йил машҳур муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ бошчилигидаги меҳмонлар юртимизга ташриф буюргани ажойиб воқеа бўлган эди. Ушбу ташрифда қиблагоҳига ҳамроҳлик қилган Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома сафар давомида олган таассуротларини жамлаб, “Ўзбекистонга саёҳат” номли асарни таълиф этди.

    Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ушбу китоб тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда таниқли уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар, талабалар, медиа соҳа вакиллари, жамоатчилик қатнашди.

    Тақдимот тадбири Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кейинги йилларда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, мавжуд улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

    Маълумки, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш учун дунёнинг ҳеч бир чеккасида учрамайдиган кўплаб ноёб маданий мерослар, осори-атиқалар, алломаларимиз қўним топган мақбара ва зиёратгоҳлар мавжуд. Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат маркази, бутун жаҳонга алломалар, буюк олимларни камолга етказган замин бўлгани тадбирда алоҳида қайд этилди. “Ўзбекистонга саёҳат” номли асар шу жиҳатларни ўзига қамрагани билан аҳамиятлидир.

    Тадбирда доктор Муҳйиддин Аввома мазкур асарни ёзишга бўлган асосий омиллар, унинг таркибий қисмлари, келтирилган замин алломаларининг ҳаётлари ва фаолиятлари, илмий сафарлари, дунё кезган бўлсалар-да, ўз она юртларига қайтиб, ўзлари улғайган Ватан тупроғига дафн этилганлари каби ибратли воқеаларни изоҳлаб берди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу китобда зиёрат давомида ташриф буюрган ҳар бир олимнинг таржимаи ҳоллари ҳам келтирилгани, юртимиз, алломаларимиз довруғини янада кўпроқ дунёга таратишга хизмат қилиши каби муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

    Нодир Маҳмудов

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates