Ўзбекистонлик талаба МДҲда йилнинг энг яхши ёш олими бўлди

    Кейинги авлод 27 май 2021 2499

    Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси МДҲ давлатлари ўртасидаги халқаро танловда «Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021» кўкрак нишони билан тақдирланди.

    Ўзбекистон номидан қатнашган Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси Аслиддин Акбаров ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб тиббиёт йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

    Мураккаб пандемия шароитига қарамай, юртимиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган турли танловлар ёшларнинг илмий изланишларини рағбатлантириб, уларнинг фаолиятида мотивация бўлиб хизмат қилмоқда.

    Жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистоннинг Нур-султон шаҳрида бўлиб ўтган «МДҲ ёш олимлари – 2021» халқаро танловда МДҲнинг 14 мамлакатидан турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бораётган мингдан ортиқ иқтидорли ёшлар иштирок этди.

    Танлов натижаларига кўра Аслиддиннинг илмий ишлари қўлга киритган ютуқлари ва танлов давомидаги саралаш жараёнлари ҳисобга олинган ҳолда ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб, танлов иштирокчилари орасида тиббиётга оид энг яхши изланиш деб топилди ва 1 ўринга муносиб кўрилди.

    Аслиддин Акбаров Самарқанд вилоятида туғилган ёшлик чоғлариданоқ тиббиёт соҳасига ўзгача меҳр қўйиб ҳаракат ва интилиш билан биргаликда ота онасидан ҳамиша дуо оларди.

    Аслиддин 2019 йилда Ургут тиббиёт коллежи «Даволаш иши, йўналишини имтиёзли тугатиб Самарқанд давлат тиббиёт институти талабалар сафидан жой олди. Ўқиши давомида ўзининг фаол ва зукколиги ўқув фаолиятида ташаббускорлиги билан устозлар меҳрини қозонди. Унинг 40 га яқин илмий мақола тезислари республика ва халқаро конференцияларда нашр этилган. Турли танлов конкурс ва халқаро олимпиада ғолиблигини қўлга киритган.

    Бутун дунёни хавф остига солиб турган коронавирус пандемияси даврида қийинчиликларга қарамай ўз касбига содиқлиги ва масъулият билан 2020 йил 22 июлдан 20 августга қадар Тошкент вилояти Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси карантин зонасида тиббиёт фельдшери вазифасида беморларни даволашда ўз ҳиссасини самарали қўшиб фидокорона меҳнати учун Соғлиқни сақлаш ташаккурномаси ва пул мукофоти билан тақдирланди.

    Суҳбатимиз давомида Аслиддин барча эришаётган ютуқларидан устозларига самимий миннатдорчилигини билдирди. Келажакдаги мақсадлари йўлида ўқишни тамомлагач таълимнинг магистратура йўналишини Германия университетларида ўқиб юртимиз равнақи ва ривожи учун хизмат қилиш менинг асосий вазифамдир, дейди қаҳрамонимиз.