Делегациямиз аъзолари 17—21 октябрь кунлари Рим шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилган Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида иштирок этди. ФАО томонидан "Соғлом овқатланиш. Соғлом Дунё" мавзусида ташкил этилган тадбирда қатнашиш учун Италия пойтахтида дунёнинг турли мамлакатларидан 2 минг дан ортиқ вакиллар тўпланди ва бундан ташқари бутун дунёдан ўн минглаб иштирокчилар тадбирга онлайн шаклда қўшилишди.
Тадбир доирасида Глобал ёшлар форуми, ФАО фан ва инновациялар форуми ва ФАО инвестиция форуми бўлиб ўтди. Бир ҳафта давомида бўлиб ўтган учрашув ёшлар, фермерлар, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, сиёсатчилар, олимлар ва инвесторлар ўртасида глобал озиқ-овқат муаммолари тўғрисида мулоқотни ривожлантиришга ёрдам берди.
ФАО маълумотларига кўра, можаролар, иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемияси глобал озиқ-овқат инқирозининг асосий сабабларидан бири бўлди. ФАО ўзининг “2022 йилда дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати” мавзусидаги сўнгги ҳисоботида ўтган йили дунё бўйлаб 828 миллион киши очарчиликка дучор бўлгани, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 46 миллион кишига кўп эканлигини маълум қилди.
Дунё ёшлари ўткир озиқ-овқат инқирозини ҳал этиш бўйича глобал ҳаракатни яратиш орқали очиб бера олиши мумкин бўлган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Тадбир турли мамлакатлардан кўп сонли ёшларни ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозига қарши инновациялар ва технологиялар орқали курашишнинг энг самарали усулларини муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар делегацияси аъзолари – ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёшлар билан ишлаш бўйича масъул ходими Наргиза Хўжаева, Тошкент давлат аграр университети докторанти Саиджахон Хасанов ва барқарор ривожланиш соҳасидаги стартап лойиҳалари раҳбари Умматой Йўлдошевалар бор.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Элчихонаси томонидан “Ёшлар учун муҳим имкониятлар: рақамли воситалар ва қишлоқ хўжалигидаги инновациялар” мавзусида алоҳида тадбир (“Uzbekistan side-event”) ташкил этилди. Тадбир иштирокчиларига ўзбек халқининг бой маданий меросини акс эттирувчи ўзбек ошхонасининг асосий миллий таоми — анъанавий палов тортиқ этилди. Қувонарлиси, тадбир жорий йилда Рим шаҳридаги ФАО бош қароргоҳида очилган Uzbekistan lounge тематик залида бўлиб ўтди.