"Дунё" ААнинг хабар беришича, тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Мальдив ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Президент Муҳаммад Муиззу Мальдив Республикаси Ўзбекистон билан БМТ, ИҲТ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида томонларни қизиқтирган масалалар, жумладан, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Алоҳида эътибор туризм ва олий таълим йўналишида шерикликни ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида Мальдив Республикаси талабаларини ўқитиш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.
Томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифлар ташкил қилиш, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари делегациялари алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикр билдирди.









