Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичи қандай?

    Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 июнидан 31 июнигача бўлган даврда республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоиз ошди.

    Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолияти юқори даражада ўзгарувчанлиги ва минтақавий хилма-хиллиги билан ажралиб турмоқда. Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари ҳар ойда тадбиркорлик фаолияти ҳолати мониторингини вилоят ва туманлар миқёсида олиб бормоқда.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишбилармонлик фаолияти таҳлили ҳар ойда марказга келиб тушган тезкор маълумотлар асосида амалга оширилади.

    Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 июнидан 31 июнигача бўлган даврда республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоиз ошди.

    Шу билан бирга, Қашқадарё (27,1 фоиз), Фарғона (13,5 фоиз), Сурхондарё (13,4 фоиз), Андижон (13,3 фоиз), Самарқанд (12 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (12,7 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли даражада ўсиши қайд этилди.

    Солиқ тушумларининг кўпайиши тадбиркорлик фаолияти ва кучли иқтисодий ўсиш ҳолатини, “яширин иқтисодиёт”нинг қисқариши ва солиқ маъмурчилигининг яхшиланишини кўрсатади. Солиққа тортиш деярли барча мамлакатларда давлат даромадларининг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Қўшимча солиқ тушумлари ҳукуматларга таълим, инфратузилма ва инновацияларга сарф-харажатларни ошириш орқали ижтимоий бирдамликни рағбатлантириш имконини беради.

    Таҳлил қилинган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 7,2 фоиз ошди. Даромаднинг энг юқори ўсиши Навоий (43,8 фоиз), Тошкент вилоятлари (19,4 фоиз), Тошкент шаҳри (12,6 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (20,5 фоиз) кузатилди.

    Ҳозир Ўзбекистон асосий савдо ҳамкорлари — Хитой, Россия ва Қозоғистон билан савдо алоқаларини яхши олиб бормоқда. Бинобарин, ташқи савдо айланмасининг кўпайиши ва мамлакатда ички талабнинг ортиши божхона даромадларининг ўсишига олиб келди.

    Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспортининг ҳажми 8,4 фоиз ошган. Товарлар экспорти ҳажмининг ўсиши Жиззах (31,5 фоиз), Навоий (26,1 фоиз), Самарқанд (24 фоиз), Хоразм (19,6 фоиз), Андижон (18,1 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (18 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.

    Ўзбекистон экспорт ҳажмининг ошишини экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан изоҳлаш мумкин.

    Ўтган ойда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 11,8 фоиз ошди. Берилган кредитлар ҳажмининг энг юқори ўсиши Сирдарё (76 фоиз), Самарқанд (72,3 фоиз), Сурхондарё (59,1 фоиз), Андижон (52,2 фоиз) вилоятларида кузатилмоқда.

    Тижорат банклари берадиган кредитлар ҳажмининг ошиши тадбиркорлик тузилмалари фаолиятининг босқичма-босқич такомиллашиб бораётганидан далолат беради.

    Таҳлил қилинган даврда 8 минг 210 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (1 минг 230), Қашқадарё (990), Тошкент (831), Фарғона (798) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида(1 минг 339) рўйхатга олинган.

    Таҳлил этилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 9,1 фоиз ошди.

    Биржа фаоллигининг сезиларли ўсиши Наманган (45,6 фоиз), Сурхондарё (35,1 фоиз), Сирдарё (20,7 фоиз), Қашқадарё (17,5 фоиз) вилоятлари, Тошкент шаҳри (14,8 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (26,1 фоиз) кузатилмоқда.

    Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, дизел ёнилғиси, пахта толаси, автомобиль бензини, цемент, қора металлар, мис, қанд, техник чигит ва полиэтилен каби товарлар сотувини кўпайтириш орқали таъминланмоқда. Биржада битимлар ҳажмининг ўсиши юридик шахслар фаолиятининг ошишини, жисмоний шахслар даромадининг кўпайишини кўрсатади. Бу эса талаб омиллари орқали ишбилармонлик фаолиятининг ўсишига ёрдам беради.

    Жорий йил бошидан буён мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич ўсиши кузатилмоқда. Бу пандемия билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг муваффақиятини кўрсатади. Умуман олганда, иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар миқёсида нисбатан ижобий тенденциялар мавжуд. Бинобарин, корхоналар ва тураржойларнинг даромади сезиларли даражада ошиши ва тадбиркорлик фаолияти ҳажмининг ўсиши 2021 йил давомида иқтисодий тикланишнинг доимий моделини кўрсатади.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий фаолиятнинг асосий омиллари сифатида фойдаланилган айрим воситаларнинг жорий этилиши сезиларли даражада кенгайди ва бу борада тегишли стратегия ва ишлар давом эттирилмоқда. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар глобал пандемия туфайли юзага келган иқтисодий инқироздан кейин сезиларли ижобий тикланишни кўрсатади.

    2021 йилда иқтисодиётни босқичма-босқич қайта тиклаш, шунингдек, ҳар ойда ўтказиладиган Ўзбекистонда бизнес иқлим ҳолатини баҳолаш бўйича корхоналарнинг сўров натижалари ҳам далолат беради. Тадқиқот мамлакат бўйлаб ишбилармон доираларнинг кайфиятини акс эттиради, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоатчилик билан алоқалар хизмати хабарида.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates