Бу сингари саволлар, айниқса, медиа оламига янги иштирокчилар кириб келаётгани, ички ва ташқи ахборот ўртасида вужудга келаётган турли зиддиятлар, ахборот хуружларига қарши превентив ва оператив чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари миллий контент яратилишига тизимли ва кўп томонлама ёндашиш масъулиятини талаб этади. Бизнингча, қуйидаги фикр-мулоҳаза ва таклифларимиз миллий контент ривожига маълум маънода ҳисса қўшиши мумкин.
Таълим ва ўзбек тили миллий контенти. Миллий контент, энг аввало, таълим жараёнида ўз аксини топиши лозим. “Дунё” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошади. Ҳозир хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда. Аммо бу ўзбек тилининг миллий ва халқаро нуфузини ошириш учун етарли эмас. Шу боис, олий таълим муассасаларида “Ўзбек тили стипендияси”ни таъсис этиш талаба-ёшларнинг она тилига бўлган ҳурмат-эҳтироми ва эътиборини жонлантиришга муайян даражада хизмат қилса, стратегик ва яқин ҳамкор давлатларнинг олий таълим муассасаларида ўзбекология факультетларини очиш хорижликлар кўз ўнгида ўзбек тили, маданияти ва тарихи ҳақида ёрқин тасаввур пайдо бўлишига ёрдам беради.
Ўз навбатида, хорижнинг энг нуфузли интернет ёки ахборот нашрлари электрон сайтларидаги тиллар гуруҳида ўзбек тили учун ажратилган алоҳида бўлим деярли учрамайди. Миллий ўзбек тили контентини нуфузли хорижий сайтлар саҳифасида акс эттириш ишлари тегишли ташкилотлар томонидан ўзаро келишилган ҳолда босқичма-босқич ижро этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўзбек тилини ўрганаётган хорижликлар учун Халқаро ўзбек тили нотиқлик танловини ўтказиш, шунингдек, ўзбек тили ва адабиётининг дурдона асарларини инглиз ва бошқа хорижий тилларга таржима қиладиган “Ватан” нашриётини таъсис этиш ҳам ўзбек тилининг халқаро ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Миллий медиа контент. Ойнаи жаҳонда муттасил тақдим этиб бориладиган, лекин миллий анъана ва қадриятларга ёт ғояларни тарғиб этаётган миллий ҳамда хорижий кинолар, сериаллар, дастурлар фаолиятини тақиқлаш вақти келди. Бунинг ўрнига ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, буюк аждодларнинг бой илмий ва маданий меросини тараннум этадиган кўрсатувларни эфирларда кенгроқ ва кўпроқ кўрсатиш айни муддао бўларди.
Ўзбекистоннинг хориждаги миллий ахборот брендини таъсис этиш лозим. Масалан, Uzbek News Network — UzNN. Унда хорижий давлатларда аккредитациядан ўтган ўзбек мухбирлари халқаро майдонда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни шарҳлаб бориш ва бошқа нуфузли контентлар билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади. Бу эса истиқболда миллий контент бўйича профессионал кадрлар малакасини оширишда муҳим роль ўйнайди.
Миллий ақлий марказлар. АҚШ Федерал алоқа комиссиясининг собиқ раиси Нютон Меноу бундай деган эди: “Ғояларни амалга ошириш учун сарфланган 1 доллар маблағ бомбалар ишлаб чиқариш учун кетган 100 доллар қийматига тенг”. Сир эмас, Ўзбекистонда миллий контент фаолиятини ривожлантириш ёки жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганишга ихтисослашган ақлий марказлар сони кутилган даражада етарли эмас. Айнан шу мақсадда дастлаб “Миллий контент” ахборот-таҳлилий марказини ташкил этиш, кейинчалик шунга ўхшаш ақлий марказлар сонини кўпайтириш янги ғоялар пайдо бўлишига, соҳа олимларининг таклиф ва ташаббусларидан унумли фойдаланишга замин яратади.
Умуман, кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб бораётган интернет ва ундан келаётган зарарли маълумотлар миллий ўзлигимизга рахна солишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бугунги ахборот майдонида миллий контентнинг йўқлиги миллий ўзликнинг йўқотилиши сифатида баҳоланиши шарт ва лозим. Шу боис, ахборот хуружи кенг авж олаётган майдонда нафақат рақобатбардош миллий контентни яратиш ва у орқали ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарур, балки уни хорижий ахборот ресурсларида ҳам доимий акс эттириш вазифаси давримизнинг кечиктириб бўлмайдиган талаби ҳисобланади.
Суҳроб БЎРОНОВ,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори
“Янги Ўзбекистон” мухбири Баҳор Хидирова ёзиб олди.
“Янги Ўзбекистон” газетаси 2024 йил 2 февраль, № 24