Кейинги йилларда ташқи савдо соҳаси давлатимиз иқтисодий ривожланишининг муҳим шаклларидан бирига айланди. Бу ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва турли хизматлар кўрсатишга хизмат қилмоқда. Кўпинча экспортга йўналтирилган Европадаги Германия ёки Осиёдаги Хитой каби илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, айнан ташқи савдо давлатнинг иқтисодий ривожланишининг двигателига айланиши мумкин.
Ўтган қисқа муддатда Ўзбекистон ушбу экспортга йўналтирилган моделни тўлиқ ўзлаштириб кўпкина мамлакатлар билан савдо ҳамкорларини кучайтириш ва ташқи савдони кўпайтириш бўйича фаол қадамлар қўйди. Ушбу ўзгаришга саноатдаги ишларнинг ҳолатини чуқур таҳлил қилиш ёрдам берди.
2000-2015 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация ва такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, табиий ресурслар Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти бўлиб қолди. Чекланган ташқи ҳамкорлар ҳисобга олинса, бу Ўзбекистон талаб ва нархлар ўзгаришига нисбатан заиф бўлиб қолди.
Ушбу давр мобайнида 10 та етакчи ҳамкордан Ўзбекистон фақат Aфғонистон билан савдо балансида ижобий сальдога эга бўлган бўлса, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи ва бошқа етакчи ҳамкор давлатлар билан савдо тақчиллиги сақланиб қолган. Импорт қилинадиган асосий товарлар республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологиялар, асбоб-ускуналар ва дори воситалари эди.
Шунингдек, мамлакатимизда замонавий, сифатли ва рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун етарли қувват ва технологиялар йўқлиги экспорт имкониятларимизни чеклаб қўйган эди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар экспорт ҳолатини сезиларли даражада яхшилаш имконини берди. Шундай қилиб, 2017-2021 йилларда мамлакат экспорти ҳар йили 15 фоизга ўсди.
Бунда давлатимиз раҳбарининг республика ташқи савдоси соҳасидаги ишлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратгани катта роль ўйнади. Президентимиз доимий равишда барча вазирлик ва идоралар ҳамда вилоятлар раҳбарлари иштирокида экспорт ва сармояларни жалб қилиш масалалари бўйича муҳокама йиғилишлари ўтказиб келмоқда. Хизматлар экспорти улушини оширган ҳолда экспорт тузилмасини тубдан диверсификация қилиш зарурлигини қайта-қайта таъкидлаб, инвестицияларни жалб этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига мунтазам ва қайта-қайта ташриф буюриб, уларда инвестиция лойиҳалари ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини шахсан кўриб чиқади.
Ўз вақтида кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортёрларни амалий ва молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли механизмлар ишлаб чиқилди. Умуман олганда, ташқи савдо эркинлаштирилди. Тарифсиз тўсиқлар, турли акциз солиқлари ва миллий валютанинг конвертация қилинмаслиги бартараф этилди. Ташқи савдо фаолиятини олиб бориш сезиларли даражада соддалаштирилди.
Бундай ўзгаришлар қисқа муддат ичида ўз натижаларини берди – иқтисодий ислоҳотлар хорижий мамлакатлар билан савдо алоқаларини жадал ривожланишига ёрдам берди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, агар 2016 йилда товар ва хизматлар экспорти ялпи ички маҳсулотнинг 15 фоизини ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 31 фоизга етган. 2017-2022 йилларда республиканинг жами экспорти 95 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди, шундан 2022 йилда 19 миллиард доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди, бу 2016 йилга нисбатан 60 фоизга кўпдир.
Сўнгги йилларда республикада экспортни рағбатлантириш, импортни оптималлаштириш ва умуман, мувозанатли ташқи савдони таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2023-йилнинг январ-сентябрь ойларида мамлакатимизда ташқи савдо айланмаси 44,7 миллиард долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,1 фоизга ўсди ёки 8,1 миллиард долларга кўпдир.
“Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотлар жаҳон бозорида тобора кенг тарқалмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 204 та мамлакати билан савдо алоқаларини олиб бормоқда. Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Россия Федерацияси, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Корея Республикаси, Қирғизистон ва Германия билан қайд этилган.
Шу билан бирга, экспорт ўсиши юқори қўшимча қийматга эга бўлган электр жиҳозлари, тикув ва трикотаж маҳсулотлари, кабел ва симлар, қурилиш материаллари каби саноат маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши ҳисобига таъминланди.
Aйни пайтда давлатимиз ресурс-иқтисодий имкониятларимиз ва инсон салоҳиятимизга мос келадиган жаҳон савдо тизимида ўзининг муносиб ўрнини топиш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаол мулоқотни бошлади.