«Ўзбекистон матбуоти» журналининг бугун қайта нашр этила бошлагани жуда яхши, лекин бизда яна бир журнал борки, у ҳам 2019 йилда иқтисодий қийинчиликлар сабаб ўз фаолиятини тугатишга мажбур бўлганди.
Биласиз, «Муштум»га жадидларимиз асос солган. Умуман олганда бу журнал биз учун бир қадрият ва уни йўқотиб юбориш катта хато бўлар эди.
Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда «Муштум»нинг асосий қуроли ҳисобланган. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар учун ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезонидир.
Сизларга хурсандчилик билан айтмоқчиманки, бугун «Муштум» журналининг қайта тикланаётган илк сонини босмахонага топширдик. Насиб этса, яқин кунларда унинг ҳам тақдимотини ўтказамиз», – деди Ўсаров.
Журналнинг қайси маблағлар ҳисобидан қайта тикланаётгани ҳақида ҳозирча маълумотлар очиқланмади.
Маълумот учун, 1923 йилдан нашр қилина бошлаган «Муштум» журналига тараққийпарвар, халқпарвар зиёлилар: Абдулла Қодирий ва Ғози Юнуслар асос солган.
Журнал номи Абдулла Қодирий таклифи билан шундай аталган. Унинг таъбирича, бу шунчаки муштум эмас, балки халқнинг адолат муштумидир, яъни мазлумларнинг зўровонларга, нопокларга, зулмкорларга, эксплуататорларга қарши муштуми ҳам бўлиши керак эди.
«Муштум»даги ўткир мақола, фельетон, ҳажвия ва карикатуралар қисқа вақт ичида жуда оммабоп бўлиб кетди. Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам журналга 10 дан ортиқ тахаллус билан кўплаб мақола, ҳажвия ва фельетонлар ёзган. Журналда халқимиз тараққиёти, маданияти, ривожи учун тўсиқ бўлган ҳар бир даврга хос камчилик ва нуқсонлар танқид қилинди.
Журнал уруш йилларида ўз этиборини халқимизнинг руҳини кўтарадиган сиёсий плакатлар, расмларга қаратди. Айниқса, 50–80 йиллар «Муштум» нинг энг ривожланган даврлари бўлган. Ундаги материаллар асосан қишлоқ хўжалиги, саноат, савдо, фан-техника ижтимоий ва маиший мавзудаги мақолалар, расмлар жуда машҳур бўлган.
Ўша даврларда бу журнал мамлакатнинг биринчи рақамли нашри ва Ўзбекистон Компартияси МКнинг органи ва давлатнинг мафкураси ифодаси ҳисобланар эди. Бу ўзига хос оддий меҳнаткаш халқ учун минбар вазифасини ҳам ўтаган. Шикоятлар объектив ўрганилган, қонунбузарлик, ноҳақликларнинг олди олинган, айбдорларга чоралар кўрилган, халқ бу журналга ишонган.
Нафақат ёш ижодкорлар учун, балки халқимизнинг кўплаб авлодига маънавий озуқа берган, бадиий ва эстетик дидини шакллантирган, жонкуяр устоз, тарбиячи вазифасини ўтаган.
Ўз вақтида «Муштум» журнали бир ойда икки марта чоп этилган, бир ойлик умумий тиражи 1 500 000 дан ошиқни ташкил этгган. Ўзбекистонда деярли бу журнал кириб бормаган шаҳар, қишлоқ, туманни, ташкилот ва хонадонни топиш қийин бўлган.
Мустақиллик йилларида журнал таҳририяти иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолди. Унинг моддий-техника базаси, кадрлар сони-салмоғи замонавий талаблар даражасида қайта шакллантирилмади.
2017 йилга келиб «Муштум журнали «Шарқ» НМАК томонидан атиги 1000 дона атрофида чоп этилгани маълум.
Албатта, соғлом, холис, объектив танқид жамият тараққиёти учун мезон ҳисобланади ва бу борада қайта тикланаётган «Муштум»нинг аҳамияти доим юқори бўлган.