Ўзбеклар ва туркманлар – энг бой маданий, илмий анъаналарнинг ворислари ва сақловчилари

    Ўзбекистон қўшни Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратади. Миллий анъаналар, муштарак дин, тил ва маданий якдилликка асосланган ушбу ҳамкорлик чуқур тарихий илдизларга бориб тақалади.

    Икки мамлакат етакчилари Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедовнинг очиқ ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотлари самараси ўлароқ, кўп қиррали ўзбек-туркман стратегик шериклиги мустаҳкамланишига замин яратилди.

    Ўзбекистон Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил март ойида Туркманистонга илк ташрифи қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада фаоллаштириб, унинг бугунги ҳолати ва истиқболлари учун мустаҳкам пойдевор яратди.

    Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланиши томонларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникацияси, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда мавжуд салоҳиятни юксалтиришига туртки бўлди.

    Мамлакатлар етакчилари ўртасида мулоқотлар бардавомлиги яқин ҳамкорликдан манфаатдорлик далолати ҳисобланади. Президентлар шу йилнинг ўзида уч маротаба учрашгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

    Июль ойида Туркманистон раҳбарининг Тошкентга илк давлат ташрифи ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги саммитлар, жумладан, ШҲТ Самарқанд саммити доирасида учрашувлар бўлиб ўтди.

    Икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинадиган ўзаро телефон мулоқотларини ўтказиш анъанага айланди. Масалан, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўртасида 6 маротаба телефон мулоқоти бўлиб ўтди (шу йилнинг июль ойига қадар маълумотлар).

    Ушбу алоқалар нафақат расмий характерга эга, балки кун тартибидаги икки ва кўп томонлама долзарб масалаларни муҳокама қилишда ўзига хос амалий мазмун касб этади.

    Мамлакатларимиз ўртасида ҳукуматлар даражасида ҳам фаол мулоқот йўлга қўйилгани ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, икки томонлама ва минтақавий характердаги долзарб масалаларни ҳал этишга кўмаклашишга тайёрликни амалда тасдиқлайди.

    Бунинг асосий кўрсаткичларидан бири савдо-иқтисодий ҳамкорлик динамикасидир. Глобал салбий тенденциялар, жумладан, санитария чекловларига қарамай, сўнгги беш йил ичида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,3 баробар ўсди. 2016 йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми 200 миллион доллардан кўпроқни ташкил этган бўлса, 2021 йилда қарийб 902 миллион долларга етди. Шу пайтгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бу қадар юқори суръатни кўрсатмаганди.

    Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари ҳам сезиларли даражада ўсди, бу, шубҳасиз, икки қардош давлат раҳбарлари эзгу мақсадларининг ҳақиқий рўёби бўлди.

    Ўзбекистоннинг Туркманистон билан ўзаро ҳамкорлигида яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги қатор йўналишлар устувор аҳамият касб этади.

    Биринчидан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик. Мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва диверсификациялашдан манфаатдор. Бунда аввалроқ имзоланган ҳужжатлар, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг учрашуви доирасида эришилган савдо шартномалари ва саноат кооперацияси лойиҳалари муҳим аҳамият касб этади.

    Aгросаноат мажмуаси, автомобилсозлик ва енгил саноат, транспорт ва коммуникация тармоқлари корхоналари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга икки мамлакат компанияларини жалб этиш иқтисодий ҳамкорликнинг драйвери сифатида кўриб чиқилиши муҳим.

    Иккинчидан, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик. Ҳар икки давлат ҳам транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришдан, шунингдек, мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги ўзаро савдони ривожлантиришдан манфаатдор. Икки давлат алоқа тизимларининг интеграциялашуви нафақат Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга ва тескари йўналишда юк ташишни амалга ошириш, балки Яқин ва Ўрта Шарқ бозорларига энг қисқа муддатда чиқиш имконини беради.

    Учинчидан, сув-экология соҳасидаги ҳамкорлик. Бу йўналиш бутун Марказий Осиёда фаровонлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Ҳозирги босқичда минтақада мамлакатлар ўртасида сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида яқин ҳамкорликни намунали ва энг самарали дейиш мумкин.

    Президентларнинг 2022 йилда қабул қилинган қўшма баёнотида Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш соҳасида конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

    Бу борада 2021 йилдан бошлаб мамлакатлар ўртасида фаол иш бошлаган ҳукуматлараро сув комиссияси ўрни ғоятда муҳим.

    Тўртинчидан, маданий-гуманитар алоқаларни ўрнатиш. Томонлар кўп йиллик дўстлик ришталарини сақлаш ва мустаҳкамлашдаги тарихий масъулиятини англаган ҳолда ўз она тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мумтоз адабиёт ва халқ асарларини ўзаро таржима қилишни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор.

    Бу йўналишда ташкилотлар, маданият ва санъат намояндалари, илмий тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Бешинчидан, халқаро майдонда сиёсий-дипломатик алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Тошкент ва Aшхобод ташқи сиёсат соҳасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, БМТ, МДҲ, ИҲТ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Бу каби ишлар нафақат миллий, балки минтақавий ва айрим глобал муаммоларга ечим топишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

    Шубҳасиз, томонлар Aфғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш бўйича умумий тушунчага эга бўлиб, ушбу мамлакат билан савдо-иқтисодий, транспорт логистикаси ва энергетика алоқаларини сақлаб қолиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, кенг қамровли халқаро ҳамкорликни таъминлашга ҳисса қўшади.

    1996 йилдан буён савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси фаол иш олиб бормоқда. Ушбу давр мобайнида комиссиянинг 16 та йиғилиши ўтказилди.

    Қўшма комиссия доирасида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-транзит, маданий-гуманитар соҳаларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўз навбатида, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ишлар бошқа форматларда ҳам амалга оширилмоқда. Жорий йилда Бухорода биринчи Ўзбек-туркман ҳудудлараро форуми ташкил этилди. Ушбу тадбир натижасида умумий қиймати 451 миллион AҚШ долларига тенг қатор инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди.

    Шубҳасиз, Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга бу галги ташрифи икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларда янги суръат бағишлайди, яқин ва ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

    Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда икки томонлама фаол саъй-ҳаракатлар туфайли Туркманистон Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ бўйича ўнта йирик ҳамкор давлати қаторига кирди.

    Савдо алоқалари ривожи ўзбек-туркман ҳамкорлиги локомотивларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Қўшма корхоналар ташкил этилаётгани, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги кооперация янада ривожланаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

    Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда туркман капитали иштирокидаги корхоналар сони 11 тадан 160 тага кўпайди. Туркманистон ҳудудида эса ўзбек резидентлари иштирокидаги 61 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

    Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда транспорт соҳаси устувор ўрин тутади.

    Бугун Туркманистон Марказий Осиёнинг асосий транзит давлатларидан бирига айланиб бормоқда. Унинг ҳудуди орқали Ўзбекистон товарларининг катта оқими Эрон чегаралари ва ундан кейин Форс кўрфази портларигача йўналади. Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Жанубий Кавказ транспорт йўналиши имкониятларини максимал даражада ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу йўлак Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиз портларига чиқишга мўлжалланган.

    Ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик туфайли сўнгги йилларда икки мамлакат автомобиль ва темир йўллари орқали олиб ўтиладиган юклар ҳажми ортиб бормоқда.

    Ўтган йил якунларига кўра, халқаро автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми 17 фоиз ўсган ҳолда 1,96 миллион тоннани ташкил этди. Худди шундай ижобий тенденция жорий йилнинг 9 ойида ҳам кузатилмоқда. Aвтомобиль ва темир йўл транспортини ўз ичига олган халқаро юк ташишнинг умумий ҳажми 36 фоиз ошиб, қарийб 1,9 миллион тоннани ташкил этди.

    Мамлакатларимиздан ўтувчи халқаро транспорт йўналишларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида бугунги кунда тарифларни янада оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини транзит ташиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

    Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркманистон Миллий Кенгаши парламентлараро дўстлик гуруҳлари мамлакатларимиз ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган стратегик шерикликнинг муҳим бўғини эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Сўнгги йилларда ўзаро яқин ҳамкорлик туфайли икки давлат қонун чиқарувчи органлари кўплаб қўшма йиғилишлар, учрашув ва форумлар ташкил этиб, парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш каби масалаларни муҳокама қилди.

    Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кейинги икки йилда Туркманистонга икки маротаба бўлди. Хусусан, 2021 йил августида Туркманбоши шаҳрида ўтган “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти” форуми, 2022 йили Ашхободда ўтган Марказий Осиё – Россия биринчи парламентлараро форумида иштирок этди.

    Айни шундай фаоллик Туркманистон қонунчилик палатаси томонидан ҳам кузатилмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси Раиси Гулшат Маммедова Жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммитида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистон парламентида самарали музокаралар ўтказди ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

    Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йил бошида ўрнатилган бўлса-да, ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар минг йилларга бориб тақалади.

    Бугун биз маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Икки қардош давлат санъати ва адабиётига ҳар икки томонда катта қизиқиш мавжуд. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудида ўтказиладиган барча тадбирларда икки мамлакат фан, таълим ва маданият намояндалари яқиндан ҳамкорлик қилиб, фаол иштирок этади.

    Ўзбеклар ва туркманлар энг бой маданий ва илмий анъаналарнинг ворислари ва сақловчиларидир. Буюк шоир ва мутафаккирлар Aлишер Навоий ва Махтумқули ижоди халқларимизнинг умумий мероси ҳисобланади. Тошкент шаҳрида Махтумқули номидаги кўча ва унинг барельефи очилиши, Халқлар уйи ташкил этилиши мустаҳкам дўстлик, бирлик ва маданий яқинликнинг ёрқин рамзидир. Ўз навбатида, Туркманистон пойтахтида Aлишер Навоий номидаги кўча очилди.

    Ўзбекистонда яшаётган 200 минг туркманга миллий анъаналари ва маданиятини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

    Ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда Республика туркман маданият маркази томонидан мувофиқлаштирилган олтита маданият маркази, Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик жамияти фаолиятининг улкан ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Мамлакатимизда туркман халқининг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, таълим туркман тилида олиб бориладиган 45 та мактаб фаолият кўрсатмоқда, уларда 8 минг бола таҳсил олади.

    Таълим соҳаси икки давлат ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 40 та олий ўқув юрти, жумладан, Урганч, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Қарши давлат университетлари, шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида туркманистонлик 1,8 мингдан ортиқ йигит-қиз таҳсил олмоқда. Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тилида дарс бериш бўйича бошланғич синфлар учун ўқитувчилар тайёрлаш факультети, Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси факультети бор.

    Ўзаро алоқаларга қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олсак, ушбу йўналишда катта истиқболлар мавжуд. Таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик, шубҳасиз, маданий ҳамкорликни бойитиш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб, ёшлар ўртасидаги мулоқотга хизмат қилмоқда, қардошлик муносабатларимизни мустаҳкамламоқда.

    Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар минтақавий савдо-сотиқ, транзит ва энергетика салоҳиятини ривожлантириш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш каби соҳаларда манфаатлар яқинлиги билан ажралиб туради.

    Мамлакатлар ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда ва салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга расмий ташрифи ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришда ғоятда аҳамиятли. Музокараларда қабул қилинган қарорлар икки қардош халқ ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва ўзаро яқин алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

    Ўз халқлари манфаатлари йўлида ҳар икки давлат ҳам кўп қиррали ҳамкорлик ва самарали ҳамкорликнинг барча имкониятларини рўёбга чиқаришга қаратилган.

    Ташаббусларни биргаликда илгари суришда ўзаро қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг икки томонлама ва минтақавий даражада амалий манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиши, албатта, минтақада тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун муҳим омил саналади.

    Анвар НОСИРОВ,

    Марказий Осиё халқаро институти директори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates