Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз

    Ҳар гал Адиблар хиёбонига бориб, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом ҳайкали пойида жамланганимизда устоз адибимизнинг ҳаёт ва ижод йўлларига қайта ва қайта назар солганимиз сари илгари ўзимиз англамаган ҳақиқатларни англай бошлаймиз. Бу сафар ҳам академик шоиримизнинг ҳаёти ва ижодига қайта назар солиб чиқишга қарор қилдик.

    Ўзбекистон Халқ шоири, академик адиб Ғафур Ғуломнинг болалиги дунёда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, янгиланишлар даврида кечади. Халқ қўзғолонлари бошланиши, шунингдек, жадидлар ҳаракати, янги мактаблар фаолияти одамлар онгида янгича дунёқараш шаклланаётганини кўрсатарди. Бу воқеалар зукко болакайнинг онгига таъсир қилмасдан қолмади. У янги даврга янгича орзулар, мақсадлар билан қадам қўяди. Аммо унинг эзгу орзулари ушалишини мустамалакачилик кўтармади...

    Ғафур Ғулом талотўп даврда, саросима замонда 9 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан айрилгач етимликнинг изтиробли ҳолатларини кўрди. Очликнинг шафқатсиз хуружини қалбан сезди. Унинг “Сен етим эмассан” шеърининг ҳаётга ҳамоҳанг эканлиги ҳам шундан.

    Бўлажак академик шоир оиласини боқиш учун ўсмирлик чоғидаёқ босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишлайди. Ишдан узилмаган ҳолда 8 ойлик ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқийди. Ўқишни тугатиб, у аввал Тошкент шаҳридаги Бодак маҳалласида жойлашган “Чўлпон” номидаги мактабга ўқитувчи этиб тайинланади.

    1924 йили “Ҳаёт” мактабида, сўнгра “Умид” мусиқа билим юртида ишлайди. Юрт эртаси, эрки, мухторияти парчаланаётган бир даврда, яъни 1926 йили 3-боқимсиз (ўша даврда шундай номланган) болалар уйига мудирликка тайинланади. Шунингдек, у 7 йиллик “Урфон” мактабида мудирлик вазифасини ҳам бажаради

    Албатта, меҳнат ва машаққат орти кечган турмуш жараёнлари улкан адибнинг ижодида ҳам ўз аксини топди. Айниқса, “Шум бола”, “Ёдгор”, “Ўғригина болам” насрий асарлари ҳаётийлиги билан одамлар орасида шуҳрат қозонди. Адиб ҳикоя ва қиссаларида воқеаларни содда, самимий, энг муҳими, халқона тилда ёрита олганлиги билан қадр топди.

    У таржимаи ҳолида шундай ёзади: “1928 йил 15 сентябрдан бошлаб, “Камбағал деҳқон” газетасида секретар бўлиб хизматга кирдим...Бирор кун йўқ эдики, “Қизил Ўзбекистон”да, “Камбағал деҳқон”да, “Муштум”да ё бошқа журнал, газетада бирор мақола, фелетоним, очерким ё шеърим босилмаса... Ижодим яна-яна янги илҳом билан авж олиб борар эди”.

    Шу тариқа, адабиёт қисмати эканлигини англаган Ғафур Ғулом таржимон сифатида ҳам ўз истеъдодини намойиш қила олди. У Жомий, Бедил, Рудакий, Лутфий, Шайх Саъдий, Шекспир, Лопе де Вега, Гоголь, Маяковский, Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Демьян Бедний, Тарас Шевченко, Кирилов, Нозим Ҳикмат асарларини ўзбек тилига моҳирлик билан ўгирди.

    1930 йилларда Ўзбек адибларининг ижодида адабиётга янгича қараш усуллари кучаяди. Собиқ иттифоқ исканжасида қолган кўпгина миллат зиёлийлари замонавийлашув йўлини танлашади. Шу ўринда, маҳаллий аҳоли ҳаётига рус тилининг, адабиётининг бостириб кириб келиши ижодкорлар тажрибасида алоҳида ўрин тутди.

    Мамлакатда янги, рус тузем мактаблари фаолият кўрсата бошлади. Шунингдек, завод, фабрикалар ишга туширилди, темир йўл магистраллари қурилиши бошланди. Шу билан бирга, жадид миллий адабиёти ҳам тез суратларда ривожланди. Бундай ўзгаришлар ҳар қандай ижодкорни шоштириб қўйиши табиий.

    Шунга қарамай, Ғафур Ғулом сермаҳсул ижод қилди. Унинг 1931 йилда “Динамо”, 1932 йилда эса “Тирик қўшиқлар” номли биринчи шеърий тўпламлари чоп этилди.

    Айтиш мумкинки, адибнинг “Халқ отланди”, “Мен яҳудийман”, “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Соғиниш”, “Қиш”, “Хотин”, “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак”, “Ғолиблар”, “Вақт”, “Қиш ва қор”, “Нон”, “Тошкент”, “Қутбда сайловлар”, “Қиш”, “Боғ”, “Қайғу”, “Куз келди”, “Кузги кўчатлар” каби шеърларида уриб турган юракнинг пинҳон ҳайқириқлари кўзга ташланади. Масалан, Ғафур Ғулом “Соғиниш” шеърида шундай ёзади:

    Зўр карвон йўлида етим бўтадек,

    Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.

    Энг кичик заррадан Юпитергача

    Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!

    Узилган бир киприк абад йўқолмас,

    Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид.

    Бугун сабза бўлди қишдаги нафас,

    Ҳозир қонда кезар эртаги умид...

    Айниқса, адиб “Нетай”, “Ёдгор”, “Шум бола” қиссалари ва “Шариат найранглари”, “Менинг ўғригина болам” ҳикояларида халқ кечмиши, миллий манфаатлар ҳар нарсадан устун эканлигини тасвирлади.

    Унинг юксак руҳда ёзилган етук асарлари албатта эътиборсиз қолмайди. 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси ташкил этилганда Ғафур Ғулом биринчилардан бўлиб, академик этиб сайланади.

    Шундан сўнг, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ғафур Ғулом “Навоий ва бизнинг давр”, “Фольклордан ўрганайлик” тадқиқотларини, “Жалолиддин драмаси ҳақида”, “Муқимий” мақолаларини матбуотда чоп эттирган.

    Ғафур Ғулом асарларида болаларга бағишлаган боблар алоҳида аҳамият касб этади. “Шум бола” ҳикоясида қаҳрамон ўзининг фожиали ҳаёти ҳақида ўзи сўзлайди. Маълумки, Қоравой уйидан нарса олиб чиқиб кетаётганида уни тутиб олган онаси жазолаганлиги сабаб уйидан қочади.

    Аммо, боланинг омади келмайди. У қўним топган тоғасининг уйида тоғаси учун боласидан ҳам азиз бўлиб қолган беданасини ўлдириб қўяди. Ва у ердан ҳам ҳайдалади. Шундай қилиб, унинг дарбадарлик ҳаёти бошланади.

    Ёзувчи бу асарида ўз эътиборини шум боланинг ҳодисалар, атрофни ўраб турган борлиққа нисбатан бола туйғуларини очиб беришга ҳаракат қилади. Шум боланинг шумлиги аслида адолатни қарор топтиришга қаратилади. Тўғрилик, инсонийлик ғоялари тараннум этилади.

    Ғафур Ғуломнинг “Икки болалик”, “Биламан”, “Сени Ватан кутмоқда” сингари шеърлари юксак пафос билан ёзилган. Айниқса, шоирнинг “Сен етим эмассан” шеърида “Сен етим эмассан, тинчлан жигарим”, деб халқимизнинг азалий одати — етимнинг бошини силаш инсоний меҳр фалсафаси эканлиги моҳирона баён этлади.

    Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу мисралар минглаб қалбларнинг гимнига айлангани бежиз эмас. Ғафур Ғулом ушбу шеъри орқали ўзбек халқининг нақадар бағрикенг, меҳрибон ва меҳмондўст эканлигини бетакрор мисраларда ифодалайди.

    “Шарқдан келмоқдаман” тўпламидан жой олган “Баҳайбат”, “Ғалабачилар қўшиғи”, “Вақт”, “Хотин” шеърлари фуқаролик шеъриятининг намуналари ҳисобланади. Урушнинг қонли кечмишлари, тинчликнинг топилмас неъмат эканлиги адиб ижодида адоҳида ўрин тутади.

    Ғафур Ғулом ўзбек адабиётида тинчлик, дўстлик ва халқлар бахтининг жўшқин куйчиси, яъни ўзи таъкидлаганидек, “Ўзбекнинг барҳаёт авлодлари”дан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

    Манзура ШАМСИТДИНОВА,

    Тошкент давлат юридик университети доценти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates