Қайд этиш жоизки, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор. Бинобарин, янги Ўзбекистонни барпо этишда уларнинг фидойи меҳнати, инновацион фикр ва ёндашувлари, ташаббуслари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш тизимли кўриниш олган. Тадбиркорлар олдидаги муаммо ёки камчиликлар мамлакат тараққиётига тўсиқ сифатида баҳоланади. Ҳар йили ташкил этиладиган Президентимизнинг соҳа вакиллари билан очиқ мулоқоти ва унда билдириладиган фикр-мулоҳазалар бунга яққол бир мисол бўла олади. Шу жиҳатдан олганда, очиқ, самимий ва амалий натижаси билан алоҳида ажралиб турувчи мулоқот тадбиркорлар интиқ кутадиган анъанавий йирик тадбирга айланган.
2021 йилдан буён юртимизда 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида нишонлаб келинади. Мазкур сана муносабати билан жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ишбилармонлари билан навбатдаги очиқ мулоқоти ўтказилиши кутилмоқда.
Дўстона ва ишонч руҳини берувчи очиқ мулоқотдан катта натижалар кутилмоқда. У орқали тадбиркорларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал қилиш йўлларини топиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга эришиш кўзланмоқда.
Маълумотларга кўра, ўтган икки йилда тадбирларга тайёргарлик доирасида тадбиркорлардан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича 27 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган ҳамда улар янги ислоҳотлар дастурини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятида енгилликлар яратиш имконини берди.
Тадбиркорлик руҳи — камбағалликни қисқартириш йўли
Тадбиркорлик янги кўникма ва ўзгарган тафаккур, ўз қўли билан муваффақият эшигини очиш демакдир. Шу маънода, уни камбағалликнинг олдини олувчи муҳим восита, десак бўлади. Зотан, камбағаллик ва унинг оқибатларидан азият чекадиган одамлар турмуш даражасини ошириш бугун дунё ҳамжамияти диққат марказидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис, 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеясида “Барқарор тараққиёт соҳасидаги мақсадлар” қабул қилиниб, янги минг йиллик остонасида турган дунёда тинчлик, фаровон ҳаёт ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадлари илгари сурилди. Унда энг асосий вазифа сифатида эса 2030 йилгача қашшоқликнинг барча кўринишларини секин-аста бартараф қилиб бориш назарда тутилган.
Мутахассислар мамлакатлар тажрибасида камбағалликни қисқартиришда айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни ниҳоятда катта бўлаётганини таъкидлашади. Чунки айнан шу йўл янги иш ўринлари ташкил этишга замин яратади. Иш ўрни эса муқим ва мўмай даромад манбаи, муносиб ҳаёт тарзи, дегани. Бошқача айтганда, кичик бизнес иқтисодий ўсиш суръатларини белгилайди, моддий, молиявий ва кадрлар самарали тақсимланишига ёрдам беради. Янги иш жойлари ташкил этилишида йирик корхоналарга қараганда анча кам харажат талаб қилади.
Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражасида бўлганлар мамлакатимиз жами аҳолисининг тахминан 12–15 фоизини ташкил этмоқда. Бу 4–5 миллион кишининг бир кунлик даромади 10–13 минг сўмдан ошмайди, дегани. Бундай муаммоларни ҳал этиш учун, умуман, иқтисодий тараққиётга эришиш бўйича муносабатларни тартибга солувчи тизимни йўлга қўйиш мақсадида камбағалликни қисқартиришга масъул вазирлик ташкил этилди. Натижада айнан ушбу масалада чуқур шуғулланувчи тизим яратилди. Аҳоли билан мулоқот маҳаллаларга, хонадонларга кўчди. Камбағаллик илдизлари таҳлил қилиниб, уни камайтириш чоралари кучайтирилди. Одамларга ишбилармонлик кайфиятини бериш чоралари амалий ҳаракатга кўчди. Энг асосийси, бу каби ишлар мунтазамлик касб этди ва шахсан давлатимиз раҳбари назоратига ўтди. Йирик йиғилишлар мавзуси айнан камбағалликка бағишланди.
Жумладан, жорий йил 15 май куни давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиши баробарида, камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилингани қайд этилди. Хусусан, барча туманлар шароитига кўра 5 тоифага ажратилиб, табақалашган енгилликлар берилди. Натижада ўтган йили 1 миллион нафар, бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.
Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидия ажратиляпти. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган юртдошларимиз моддий ёрдам билан қамраб олинди.
Йиғилишда натижалар ҳали етарли эмаслиги, камбағалликни камайтириш, бу — аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифа экани алоҳида қайд этилди.
Охирги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайган. Бу — битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани. Агар, давлат бу тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватласа, жойларда бандликни ҳал қилиш имконияти ортади.
Шу мақсадда июнь ойидан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киришилди. Унда иштирок этиш ихтиёрий. Дастурга 2023–2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Бу маблағ ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Шунингдек, дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баробар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.
Умуман, ушбу тизим орқали шу йилнинг ўзида 550 минг киши камбағалликдан чиқарилиши режалаштирилган.
Эркин бозорнинг имконияти кўп
Яқинда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мамлакатимизнинг жорий йил олти ойдаги иқтисодий ривожланишига оид таҳлили эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи ярим йилликда юқори ўсиш динамикасини ва беқарор ташқи муҳит ўзгаришларига чидамлилигини сақлаб қолган.
Инвестициялар таркибида марказлаштирилган инвестициялар улуши 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 13 дан 12,3 фоизга камайган, ўз навбатида, марказлаштирилмаган инвестициялар улуши мос равишда 87 дан 87,7 фоизга ошган.
Бу юртимиздаги инвестициявий жараёнларда хусусий сектор ва хорижий инвесторларнинг ўрни, энг муҳими, уларнинг тадбиркорлик иштиёқи ошаётганидан далолатдир.
Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларнинг ўз вақтида қабул қилиниши билан боғлиқ.
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида самарали натижаларга эришилаётгани бор гап. Буни маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар бот-бот такрорлашади.
Мисол учун, дунёнинг 30 та давлатида фаолият юритувчи “Индорама Индустриес” компаниялар гуруҳи таркибига кирувчи “Индорама Агро” Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 2018 йилда ташкил этилган компания йирик ишлаб чиқарувчи бўлиб, 50 минг гектардан ортиқ майдонда пахта, ғалла ва бошқа экинлар етиштиради. Корхонага тегишли яна 25 минг гектар ер мустақил ишлаб чиқарувчиларга ижарага берилган. Корхонада 3000 дан ортиқ киши ишлайди. Компания Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг янги амалиётларини жорий қилмоқда.
Корхона ташкил этилган дастлабки кунларданоқ кластер тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор компания тажрибасини жорий этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Сирдарё вилоятида “Индорама агро” 27 минг гектар ерда деҳқончилик қилади. Логистика маркази, пахта тозалаш заводи, машина-трактор парки, биологик лаборатория ташкил этилган. Бундан ташқари, компаниянинг Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида ҳам қатор лойиҳалари мавжуд.
— Мамлакатингизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакиллари фаолиятининг ҳуқуқий кафолати, чет эл инвесторларининг эркин фаолият юритишини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўрилаётгани бизга катта имконият бермоқда, — дейди “Индорама агро” компанияси вакили Индранил Мужамбар. — Ўзаро ишонч ва қулайлик бўлса, ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораверади.
Дарҳақиқат, сармоядорлар, ишбилармонлар имкониятини кенгайтирувчи ва имтиёзларни назарда тутувчи, уларни иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаб, қўллаб-қувватловчи қонунчилик механизмлари шакллантирилгани бугун уларнинг, том маънода, иқтисодиётнинг таянч устунига айланишида муҳим асос бўлмоқда. Йилдан-йилга тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун солиқ, божхона ва бошқа соҳаларда бир қатор қулайлик ва афзалликлар берилаётгани мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнида ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, Ўзбекистон 2023 йилги иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнини 8 поғонага яхшилаб, 184 давлат орасида 109-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз 2022 йилда 117-ўринда эди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, индекс 1995 йилдан бери “Heritage Foundation” халқаро тадқиқот маркази томонидан “The Wall Street Journal” билан ҳамкорликда тузилади.
Ўтган йилга нисбатан Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик даражаси 0,8 пунктга ошди ва 56,5 кўрсаткичга етди (максимал сифатида 100 балл қабул қилинган — бу бизнес учун идеал шароитларни билдиради). Индексни тузишдаги 12 омилдан бири мамлакатдаги тадбиркорлик эркини эканлигини инобатга олсак, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, юртимизда ишбилармонлик муҳити йил сайин яхшиланиб бораётгани англашилади.
Ташаббуслар амалий ҳаракатга айланади
Яна Президентимизнинг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот”ига қайтамиз. Нафақат тадбиркорларимиз, балки оддий одамлар ҳаётига, иқтисодиётимиз равнақига ҳисса қўшувчи мазкур тадбирнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Унда билдирилган фикрлар амалий ҳаракатга айланиб, янги-янги ташаббус ва ғояларни юзага чиқаришга шароит яратмоқда. Бунинг учун алоҳида ҳуқуқий асос яратилмоқда.
Жумладан, ўтган йилги “очиқ мулоқот”дан сўнг давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори қабул қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти” доирасида тадбиркорлардан келиб тушган 12 мингдан ортиқ мурожаатда кўтарилган тизимли муаммолар ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда ушбу тадбирда белгиланган устувор вазифаларни бажаришга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларга қулай бизнес шароити яратиб бериш Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий ва устувор йўналиши бўлиб қолаверади. Бунда бугунги ва яқин келажакка доир ишлаб чиқилган дастурлардаги мақсадлар ижроси асос бўлади. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароит яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш белгиланган.
Шу вақт мобайнида ҳудудларда 200 та янги саноат зоналари ташкил этилиб, бизнес-инкубаторлар тизими ривожлантирилади. Шароити оғир туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.
2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламаси ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтирилади. Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолияти такомиллаштирилади.
Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун зарур маълумотлардан эркин фойдаланади. Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ишлари изчил олиб борилиб, хусусий секторга кенг йўл очилади. Иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойиллари янада кенг жорий этилади.
Яна бир жиҳат — тараққиёт стратегиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти”ни ҳар йили ўтказиш белгиланган. Демак, тадбиркорлик борасидаги ташаббус ва ғоялар амалий ҳаракатга айланишда давом этаверади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









