Ўзгаришлар фалсафаси

    Бир соҳадаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда ҳам ўзгаришлар келтириб чиқаради. Айни дамларда қизғин паллага кирган конституциявий ислоҳотлар ҳам жамиятимиздаги чуқур ўзгаришлар таъсирида юзага келди.

    Сўзбоши

    Ўзгаришлар ҳаётимизнинг ажралмас хусусиятидир. Ўзгаришлар нарса ва ҳодисаларнинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтишини назарда тутади. Ўзгаришлар барча тизимларда кузатилади. Улар турли омиллар таъсирида юзага келади ва турли оқибатлар келтириб чиқаради. Гераклитнинг фикрича, барча нарсалар доимий ўзгариш ҳолатида бўлади. Форобийнинг таъбирича, мавжудотнинг даражалари номукаммалликдан бошланади ва мукамалликка, такомилга қараб боради. И.Кант ўзгаришлар узлуксиз табиатга эга эканини қайд этади. Т.Гоббс ўзгаришларни ҳаракат билан айнан бир нарса, деб билади. Кўриниб турибдики, “ўзгариш” тушунчаси ривожланиш, тараққиёт, ўсиш, эволюция, трансформация, модификация, юксалиш, такомил каби тушунчалар билан бир қаторда туради.

    Конституцияни ўзгартириш шартми?

    Мақоламизни ўзгаришлар ҳақидаги фикрлардан бошлаганимиз бежиз эмас. Ўзбекистон ҳам чуқур ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Моҳиятан бу ўзгаришлар туб ўзгариш бўлиб, суръатларига кўра жадал ўзгаришлар ҳисобланади, миқёсига кўра тизимли ўзгаришлар, деб аталишга ҳақли, чунки улар бутун давлат ва жамиятни қамраб олмоқда. Ўзгаришларнинг муҳим хоссаси – уларнинг ўзаро боғлиқлиги. Яъни бир соҳадаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда ҳам ўзгаришлар келтириб чиқаради. Айни дамларда қизғин паллага кирган конституциявий ислоҳотлар ҳам жамиятимиздаги чуқур ўзгаришлар таъсирида юзага келди.

    Бир тасаввур қилиб кўрайлик, бундан олти йил аввал нақд пул олиш ва валюта айрибошлаш операциялари бугунгидек енгил битармиди? Мажбурий меҳнатга барҳам берилишини ёки меҳнат муҳожирларига бўлган муносабатнинг мутлақ ўзгаришини тасаввуримизга сиғдира олармидик? Мавжуд муаммолар ҳақида ҳозирги блогерлардек баралла овозда танқидий гапира олармидик? Жамоатчилик назоратининг кучи билан катта режа ва лойиҳаларни тўхтата олармидик? “Ватансиз” деган мақомини Ўзбекистон паспортига алмаштирганлар қанчани ташкил этарди? Қўшни давлатларга чиқиб келиш шу қадар осонмиди? Минглаб инсонларнинг тақдиридаги бу ўзгаришлар мамлакатимиз янги Ўзбекистон, деб аталишига мустаҳкам асос бўлди.

    Дарҳақиқат, охирги йилларда Ўзбекистондаги ҳаёт мазмуни ўзгарди, жараёнлар янгича сифат касб этди, янги вазифалар кун тартибидан ўрин олди, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар мутлақо ўзгарди. Натижада бу ўзгаришларнинг барчасини Бош қонунимизда акс эттириш зарурати вужудга келди.

    Аслида Конституция давлатнинг асосий қонуни, олий юридик кучга эга ҳужжатдир. Жайдари тилда уни “қонунлар қонуни” деса ҳам бўлади. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик маҳсули бўлди, унда суверен мамлакат сифатида мавжудлигимиз эълон қилинди. Конституцияни яратишда бевосита иштирок этган инсонлар қаторида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев номи ҳам тилга олинади. 1990 йилда тузилган Конституциявий комиссиянинг аъзоси сифатида Президентимиз ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганини доимо фахр билан эслайди.

    Ўтган вақт давомида Конституция ҳаётимизда юз берган қанчадан-қанча ўзгаришларга ҳуқуқий замин бўлди. Шу вақтгача эришган барча ютуқ, натижа ва марраларимизни Бош қонунимиз билан боғламай иложимиз йўқ. Узоқни кўзлаб яратилгани ва ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилгани боис, Конституциямиз узоқ вақт давомида жиддий ўзгартиришларсиз амал қилди. Лекин ҳар қандай қонун сингари Конституция ҳам келгусидаги барча ўзгаришларни назарда тута олмайди. Дунёда мутлақо ўзгармаган Конституция йўқлиги ҳам шундан.

    Жаҳон тажрибаси кўрсатадики, Конституция қабул қилинганидан сўнг дастлабки йилларда унга муайян қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 1789 йилдан буён Францияда 16 та Конституция қабул қилинган. 1958 йилда қабул қилинган ва ҳозир амал қилувчи Конституция – Францияда 17-сидир. Ҳисоб-китоб қилинса, Франция тарихида ўртача ҳар 13-14 йилда Конституция янгиланганини кўриш мумкин. Янги конституциялар қабул қилиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш бўйича Франция жаҳон рекордини ўрнатган, деган фикр ҳам йўқ эмас.

    Табиийки, Ўзбекистон Конституцияси ҳам абадий ўзгармас ҳужжат эмас. Ҳаётимиздаги чуқур янгиланишлар ва туб ўзгаришлар Конституциядан, албатта, ўрин топмоғи лозим. Бошқача айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини конституциявий даражада мустаҳкамлаш зарурати юзага келди. Айни пайтда ҳаёт олдимизга қўяётган долзарб вазифалар ва ўткир муаммолар ҳам Конституцияда ўзгаришлар ясашни тақозо этади.

    Конституцияни ким ёзди?

    30 апрель – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиладиган санагача оз вақт қолди. Шу боис, бугунги кунда янгиланаётган Конституциямизнинг ҳаётимизда тутажак ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлаш айни муддао.

    Кўплаб муҳокамаларда Янги Ўзбекистон Конституцияси “Халқ Конституцияси” дея аталаётганини кўриш мумкин. Ҳужжатнинг бундай сифатланишини турлича талқин қилса бўлади. Бир томондан, янги таҳриридаги Конституция халқ томонидан яратилган, деган ишора бор. Иккинчи томондан, бу ҳужжат халқ фойдаси учун хизмат қилади, унда халқ манфаатлари устувор қўйилган, мансабдорларнинг халққа нисбатан суиистеъмолларига чекловлар қўйилган, деган маънони уқиб оласиз.

    “Халқ Конституцияси” деган ўхшатманинг ҳақиқатга мослигини текшириб кўрамиз. Тан олиш керак, илгари Конституциянинг тайёр лойиҳаси халққа тақдим қилинар эди. Бу лойиҳа ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа экспертлар томонидан тайёрланарди. Бу сафар эса Конституция лойиҳасини шакллантириш жараёни ҳам халқимиз ихтиёрига берилди. Бошқача айтганда, Конституция лойиҳаси кабинетларда эмас, хонадонларда, меҳнат жамоаларида, гузарларда ишлаб чиқилди.

    Фуқароларимиздан 60 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Муҳими – бу таклифларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Кейинги босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокама давомида лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишди, 150 мингдан зиёд таклиф билдирилди. Бундан ташқари, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда яна 10 мингга яқин таклиф берилди. Юқоридаги рақамлар Конституция лойиҳасининг том маънодаги муаллифи халқ эканини далиллайди.

    Бироқ, тан олиш керак, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш – шунчаки оддий ва осон иш эмас. Халқ фикрини ўрганишдан ташқари бу жараён ҳар бир масалани ақл чиғириғидан ўтказишни, янги моддаларнинг Ўзбекистон амалиётида қандай ишлашини чамалаб кўришни, ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибасини синчиклаб ўрганишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, лойиҳани тайёрлаш давомида 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилди, ҳужжат 6 турдаги экспертизадан ўтказилиб, пухталанди. Кўриниб турибдики, Конституция лойиҳаси кўплаб муҳокамалар, баҳслар ва пешона тери маҳсули сифатида дунёга келди. Бу ҳужжат устида машаққатли меҳнат қилинди, у умумхалқ муҳокамасида тобланди, халқдан тушган таклифлар билан бойитилди, бир неча карра экспертизадан ўтказилиб, пишитилди.

    Ана энди Конституция лойиҳасини халқчиллик тарозусида ўлчаб кўрайлик. Аслида халқнинг фаол иштирокида тайёрлангани Конституция лойиҳасининг халқчил бўлишини таъминлайди. Чунки халқ ўз манфаатларига зарар келтирадиган таклифлар билан чиқмайди. Бундан ташқари, Конституция лойиҳаси “муаллифлари”нинг бу қадар кўплиги ҳужжатда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинишини кафолатлайди. Шундай бўлса-да, лойиҳада халққа қайишишни назарда тутадиган айрим моддаларга тўхталиш ўринли.

    Тегишли моддаларни қидириб, ҳужжатни узоқ варақлашнинг ҳожати йўқ: янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасидаёқ Ўзбекистоннинг халқпарвар давлат экани мустаҳкамлаб қўйилган. Аниқроғи, илк бор Ўзбекистон Республикаси ижтимоий давлат экани белгиланган. Назарияларда ижтимоий давлатда сиёсат ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ юритилиши, ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати таъминланиши, энг муҳими, эҳтиёжмандларга давлат ёрдам қўлини чўзиши эътироф этилади. Олимлар айнан ижтимоий давлат ғоялари Европа мамлакатларининг фаровонликка эришишига пойдевор бўлганини уқтиради.

    Давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулияти, ижтимоий соҳани ривожлантиришга бюджетдан ажратмаларнинг кўп бўлиши, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизими ривожлангани, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қўллаб-қувватланиши кабилар ижтимоий давлатнинг муҳим белгиларидир. Бошқача айтганда, ижтимоий давлатда давлат идоралари билан жамият аъзоларининг мақсадлари ва манфаатлари бир-бирига ниҳоятда яқин, муштарак бўлади. Жайдари айтганда, ижтимоий давлат фуқаролар ҳақида ғамхўрлик қилишни ўзининг бош вазифаси деб билади.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда ижтимоий давлат ғояси шунчаки декларатив тарзда баён этилмаган, балки бу ғоянинг ишлаш механизмлари ва кафолатлари акс эттирилган. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун улардан айримларини келтирамиз. 43-модда: “Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради”. 42-модда: “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаши зарур”. 50-модда: “Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади”. Ҳужжатнинг 57-моддасида эса ижтимоий давлатнинг деярли барча функциялари жамланган: “Давлат аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини ошириш чораларини кўради. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади”.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар амалдагисидагидан 3 баробар кўпайтириляпти. Шу боис, битта мақола ҳажми доирасида ижтимоий давлат ғояларини акс эттирувчи янги моддаларни шарҳлаш эмас, акс эттиришнинг ўзи амри маҳол. Энг муҳими, бу моддалар орқали ўз муаммоларига ечим топган қанчадан-қанча ҳожатманд кишилар, уларнинг оила аъзолари, яқинларининг қалбига меҳр уруғлари қадалади. Бу эса янги таҳрирдаги Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.

    Миқдор ўзгаришларидан – сифат ўзгаришларига

    Фалсафада миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига айланиши қонуни мавжуд. Диалектиканинг бу қонуни ҳаракат ва ривожланишнинг қай тарзда юз беришини тушунтиришга хизмат қилади. Бу қонунга кўра, кўзга ташланмайдиган, аста-секин юз берадиган миқдор ўзгаришлари (миқдорнинг ортиши ёки камайиши) муайян вақт ўтгач, жиддий ва катта сифат ўзгаришларига, эски сифатдан янги сифатга ўтилишига олиб келади. Бу қонун табиат, жамият ва тафаккур ривожи билан боғлиқ барча жараёнларда амал қилади. Бу қонунни мақолада келтиришдан мақсад-муддао нима?

    Бу саволга жавоб бериш учун янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасидаги миқдор ўзгаришларини ифодалайдиган айрим рақамларни келтирамиз. Моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайди, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага етди. Натижада Конституция матни 65 фоиз янгиланди ва, табиийки, миқдор ўзгаришлари сифат ўзгаришларини келтириб чиқарди. Шунинг учун ҳужжат номи “Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар”дан “Янги таҳрирдаги Конституция”га ўзгартирилди.

    Навбатдаги ҳисоб-китобларга юзланамиз: Сенатни ихчам, халқчил ва ҳудудлар манфаатини ифода этадиган идорага айлантириш мақсадида сенаторлар сонини ҳозирги 100 нафардан 65 нафарга тушириш, Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилиши белгиланмоқда. Ҳужжатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар 3 баробардан зиёдга ошмоқда. Бошқача айтганда, Конституция инсон ҳуқуқларининг кафилига айланмоқда. Лойиҳада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда.

    Амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, лойиҳага асосан, 12 та етмоқда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ортмоқда. Рақамлардаги бу ўзгаришлар шунчаки декларатив эмас, улар тегишли соҳаларда ривожланишни келтириб чиқариши, туб бурилишларга сабаб бўлиши, сифат ўзгаришларига айланиши муқаррар.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда миқдор, сон, рақам билан боғлиқ бўлмаса-да, инсонлар ҳаётига белгиловчи таъсир кўрсатадиган моддалар ҳам талайгина. Жумладан, 52-моддада бундай битилган: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”. Эътибор беринг, янги таҳрирдаги Конституция ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қиммати, шаъну-шарафининг ҳимоячисига айланмоқда. Юқоридаги модданинг олий юридик кучга эга Конституцияда мустаҳкамланиши 658 мингдан зиёд муаллиму устоз ҳаётида сифат ўзгаришлари ясамайдими?

    Конституция лойиҳасидаги 44-моддага назар ташлайлик: “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”. Биргина шу модданинг ўзи миллионлаб ёшлардан бепул меҳнат қуроли сифатида фойдаланишга, уларнинг эксплуатациясига чек қўймайдими, уларнинг ҳар томонлама ривожини кафолатламайдими? Демакки, жамиятимизнинг ярмидан ортиғини ташкил этган ёшларнинг ҳаёти сифати ўзгаришига олиб келмайдими? Бу саволлларга жавоб топиш ўзингизга ҳавола.

    Конституциядаги чекловлар

    Конституция ҳуқуқий нормаларнинг шунчаки мажмуи эмас. Конституция жамият ҳаётининг кўзгуси ҳамдир. Унда турли ҳокимият идораларининг вазифалари ва ваколатлари, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланади. Энг муҳими, Асосий қонунда жамиятда устувор бўлган руҳият, қарашлар, тасаввурлар, интилишлар, мақсадлар ҳам ўз ифодасини топади. Шундай экан, Конституциямизнинг янги таҳририда қандай руҳият устувор? Унинг моддаларига “давлат халққа хизмат қилиши керак” деган инсонпарвар ғоя сингдирилганми? Бундан буён ҳам халққа қайишиш, одамларни рози қилиш сиёсати давом этадими? Бу каби саволлар ҳар бир ўзбекистонликни ўйлантириши табиий.

    Аслида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, умуминсоний қадриятларга содиқликка интилиш барча Конституцияларга хос хусусиятдир. Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун мавжуд ҳокимиятни муайян даражада чеклайди. Чунки инсон ҳуқуқларини кафолатлаш учун уларга нисбатан қилинадиган турли суиистеъмолчиликларни чеклаш зарур. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида “тақиқланади”, “ҳақли эмас”, “мумкин эмас” жумлалари кўплаб учрашининг боиси ҳам шунда. Мисол сифатида айрим моддаларни келтириш ўринли. 42-модда: “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.” 44-модда: “...мажбурий меҳнат тақиқланади”. 25-модда: “Ўлим жазоси тақиқланади”. 28-модда: “Шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”. Ёки узоқ кутилган 67-моддага назар ташланг: “Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади”. 120-моддадаги “Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас”, деган қоида ҳам шулар жумласидандир.

    “Бир кишининг эркинлиги бошқа бировнинг эркинлиги бошланган жойда тугайди”, деган ибора кенг тарқалгани бежиз эмас. Конституциянинг айнан шу хусусияти, яъни давлат идораларининг ваколатларини чеклаши, мансабдорларни суиистеъмолликлардан тийиши бу ҳужжатни инсон ҳуқуқлари кафилига, ижтимоий барқарорлик пойдеворига айлантиради.

    Шу ўринда Конституция лойиҳасидан ўрин олган 37-моддага эътибор қаратмоқчиман: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади”.

    Давлат хизмати институти мамлакатни бошқаришда муҳим ўрин эгаллайди. Давлат хизматчилари давлат идораларининг ваколатларини амалга ошириш бўйича профессионал фаолият юритадилар. Ривожланиш суръатлари ҳам, ислоҳотлар самараси ҳам, одамларнинг ҳаёт сифати ҳам, аҳоли кайфияти ҳам давлат хизматчилари фаолиятига тўғридан-тўғри боғлиқ.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматчиларини танлаш, уларни ривожлантириш ва лавозимда ўстиришнинг янги тизими шаклланди. Илгари ишга ҳал қилиш “объективка” деб аталмиш ҳужжатнинг орқа томонидан ўрин олган маълумотларга боғлиқ бўлган. Кадрларнинг шахсий фазилатлари, билими, иш малакасидан кўра, номзоднинг қариндош-уруғлари ҳақидаги маълумот ёки жайдари тилда айтганда, унинг “танкаси” ким экани муҳим бўлган. Кадрларнинг қандай вазифаларини уддалагани, эришган ютуқлари, қайси кўникма ва компетенциялар соҳиби экани тўғрисидаги маълумотлар бу ҳужжатда акс эттирилмаган.

    Бугунги кунда “меритократия” атамаси китоблардан ҳаётга, назариядан амалиётга кўчди. Энг муносибларнинг ҳокимиятга келишини ўзида ифодалайдиган меритократия тамойили туфайли қобилиятли, тиришқоқ ва лаёқатли номзодлар учун раҳбарлик эшиклари очилди. Ёшларга кенг имкониятлар яратилди. Билимли ва юртига садоқатли кадрлар 22 ёшидаёқ вазир ўринбосари бўлиши мумкинлиги Ўзбекистон амалиётида исботланди.

    Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан сўнгги 2 йил давомида ўтказилган танловларда 1,3 миллиондан зиёд номзод (шу жумладан, 2022 йилда 919 минг 30 нафар) иштирок этиб, уларнинг жами 45 минг 349 нафари (шундан 39 минг 333 нафари 2022 йилда) танлов ғолиби сифатида вакант лавозимларни эгаллади. Конституция лойиҳасининг 37-моддасида ҳуқуқий мустаҳкамланган янги қоида ҳам давлат хизмати тизимида қаторларимиз ва кадрларимизнинг софлигини таъминлаши муқаррар. Ишонаманки, шу модда асосида ишга кирган давлат хизматчилари Янги Ўзбекистон раҳбарлар корпусининг олтин захирасини тўлдиради.

    Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ва давлат сиёсатининг ўзак тамойилига айланган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятига сингдирилган.

    Тарғибот нимага керак?

    Моддий жиҳатдан Конституция мўъжазгина ёзма ҳужжатдир. Давлат тузуми асосларини ифодалагани учун бу ҳужжат бироз декларатив табиатга эгадек туюлади. Шу боис бўлса керак, айримлар Конституцияга ўзидан бегона нарса, шунчаки бир рамз сифатида қарайди. Аслида Конституция нафақат давлат ва жамият, балки ҳар бир инсон ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Чунки унинг ҳар бир моддаси ортида одамлар тақдири турибди. Шунинг учун Конституциянинг ўзгартирилиши осон иш эмас. Янги Ўзбекистон Конституциясини умумхалқ овоз бериш, яъни референдум йўли билан қабул қилаётганимизнинг сабаби ҳам шунда.

    Конституция ўз-ўзидан ишламайди. Конституция нормаларининг ҳаётбахш самарасини кўриш учун унинг моддаларини англаш ва қўллай билиш керак. “Ўзи Конституция нима вазифани бажаради?” деган саволни ўзимизга берсак, жавобимиз оддий бўлади: у феъл-атворимизни, ҳаётимизни, муносабатларимизни тартибга солади. Айнан Конституция бизга нима мумкин-у, нима ман қилинганини ўргатади. Бу жиҳатдан Конституция ўзига хос тарбиячи ролини бажаради. Иккинчи тарафдан, у ожизларни кучлилардан ҳимоялаш воситаси сифатида мамлакатда адолат ўрнатади.

    Шунинг учун янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади. Бундан давлат идоралари эмас, энг аввало, фуқаролар манфаатдор бўлади. Зеро, Конституцияни яхши билган инсон ўзининг давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканини ҳам билади ва шунга яраша яшайди, ҳаракат қилади, фикр юритади. Конституция моддаларини “сувдек ичиб олган” инсон бу ҳужжатдан кўплаб тажовуз ва ўзбошимчаликларга қарши қурол, ўз ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли қалқони сифатида моҳирона фойдалана олади.

    Тарғибот воситасида янги моддаларнинг халқчил табиати ҳақида ахборот олган одамлар уларнинг қабул қилиниши ва ҳаётда рўёбга чиқиши ҳақида қайғуради. Янги таҳрирдаги Конституция тарғиботи фуқароларнинг сиёсий онги юксалишига, ҳуқуқий маданияти ортишига туртки беради ва пировард натижада фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшади.

    Аксинча, жамият аъзоларининг Конституцияни билмаслиги ва уни ўрганишга ҳаракат қилмаслиги конституциявий кафолатларга путур етказади. Конституцияни билмаган одам ҳар жиҳатдан ожиз бўлади. Билган одам эса кўплаб муаммоларни ҳал қилишда Конституцияга ўзига хос ҳаётий дастуруламал сифатида таянади. Ниҳоят, демократияни жорий этиш Конституцияни билиш ва унинг қоидаларига сўзсиз риоя қилишдан бошланади.

    Саноқли кунлардан сўнг янгича мазмун касб этган Конституция қабул қилиниши ҳар биримизнинг овозимизга, қароримизга боғлиқ бўлиб қолади. Ишонаманки, бу сана давлатимиз тарихида муҳим бурилиш ясайди. Чунки янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида жамиятимизни жипслаштиради. Демократик тараққиётимизда ўзига хос йўлчи юлдуз, компас вазифасини ўтайди. Фаровон ҳаётимиз кафолати, демократик ўзгаришларнинг гарови, ютуқларимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилади. Демак, БУ ЖАРАЁНГА БЕФАРҚ БЎЛИШ МУМКИН ЭМАС.

    Отабек ҲАСАНОВ,

    сиёсий фанлар доктори

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates