Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш

    Жорий йил 18 сентябрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида “Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, “Ветеран” фахрий жангчилар бирлашмаси раиси Талат Муродов тадбирни очиб берди.

    Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг

    11-моддаси “Таҳдидли ва фавқулодда гуманитар вазиятлар”га бағишланган бўлиб, унда иштирок этувчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларни таҳдидли вазиятларда, фавқулодда гуманитар вазиятлар ва табиий офатлар пайтида ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши белгиланган.

    Шундан келиб чиққан ҳолда, айни тадбирда пандемия ёки бошқа фавқулодда вазиятлар даврида ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ҳаракати чекланган шахсларнинг яшаш ва соғлиққа оид ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинган ишлар муҳокама этилди.

    Амалий семинарда давлат органлари ходимлари хамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

    Тадбир давомида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга фавқулодда вазиятларда ёрдам беришга мўлжалланган энг янги жиҳозлар билан танишдилар. Республика тезкор хизмати ва кўнгиллилар (волонтёрлар) томонидан фавқулодда вазиятлар пайтида ногиронлиги бўлган инсонларни қутқариш ишларини қандай амалга оширилиши ҳақида зарур тушунчага эга бўлдилар.

    Амалий машғулотлар давомида иштирокчилар нафақат назарий маълумотларга эга бўлди, балки фавқулодда вазиятларда ногирон шахсларни қутқариш, эвакуация қилиш ва уларни хавфсиз жойга кўчириш жараёнларини ҳам бевосита кузатдилар.

    Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахслар учун табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш мавзусида амалий кўргазмали чиқиш ҳам бўлиб ўтди.

    Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан махсус қутқарув техникаси ва жиҳозлари семинар иштирокчиларига намойиш этилди. Ва Ҳар хил вазиятларда қўлланиладиган замонавий техника ва технологиялар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

    Семинар давомида табиий офатлар, масалан, сув тошқини, ер қимирлаши, ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар пайтида ногирон шахсларни қутқариш учун махсус жиҳозлар ва техникадан қандай фойдаланилиши амалиётда кўрсатилди.

    Амалий машғулотларда фавқулодда вазиятларда махсус ташкил қилинган вақтинчалик бошпаналар қандай жиҳозлангани, ногирон шахслар учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг соғлиғини назорат қилиш ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш тартиблари тўғрисида тушунтиришлар берилди.

    Бундай вақтинчалик шароитлар яратиш бўйича давлат томонидан амалга ошириладиган чоралар батафсил муҳокама қилинди.

    Ушбу амалий кўргазма ногирон шахсларни қутқаришда қандай замонавий техник воситалар қўлланилиши, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қандай тактикалардан фойдаланиш кераклиги бўйича иштирокчиларга кенг маълумотлар беришга имкон яратди.

    Республика тезкор хизмати томонидан олий таълим муассасаларида фавқулодда вазиятлар вақтида фуқаролар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг эвакуациясини таъминлаш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилаётганлиги ҳақида маълум қилинди.

    Иштирокчилар ушбу семинар ногирон шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга хавфсиз муҳит яратиш йўлида муҳим қадам эканини эътироф этдилар.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

    Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates