Тадбиркорлар билан учрашувлар давом этмоқда

    Мамлакатимизда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш ҳамда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш мақсади йўлида комплекс ижтимоий-иқтисодий чоралар кўрилмоқда.

    Албатта, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилган ушбу муҳим қарор тарихан қисқа давр учун катта мақсад. Лекин режамиз ҳар қанча улкан, мақсадимиз буюк бўлмасин, унга комплекс ёндашувисиз эришиб бўлмайди. Агар буни соддароқ ифодалаб, юқорида айтилган мақсадни бир замбил юкни бир манзилдан бошқа жойга олиб бориш вазифаси ўлароқ олиб қарайдиган бўлсак, аввало, ундаги юк бирор томонга оғмаслиги учун замбилнинг тўрт томони бирдек кўтарилиши ва бутун йўл давомида шундай тутилиши керак бўлади. Чунки бир томоннинг бошқасига нисбатан паст бўлиши ўша томонга босимни оширади ва натижада юк манзилга етиб бормайди ёки йўлдаги тўкилишлар ҳисобига камайган ҳолда боради.

    Шу маънода, мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги ислоҳотлар барча соҳаларни қамраб олгани, ўзаро уйғун, комплекс ёндашув асосида олиб борилаётгани аҳамиятлидир. Масалан, тадбиркорлик йўналишини олайлик. Мамлакатимизда ушбу йўналишни замон талаблари асосида ривожлантириш, қулай инвестиция ва бизнес муҳити яратиш мақсадида, аввало, соҳа вакилларига кредит, солиқ, божхона каби қатор йўналишларда имтиёзлар берилди. “Текшир-текшир”ларга мораторий жорий қилинди, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ бюрократик чекловлар олиб ташланди.

    Натижада илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолган бўлса, бугунга кунга келиб уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этгани ҳолда улар сони илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор.

    Жорий йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам – ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп бўлди.

    Булар – кейинги тарихан жуда қисқа, 6-7 йил учун катта натижа, албатта. Лекин бу кўрсаткичларни фақатгина қулай тадбиркорлик муҳити билан боғлаш бироз хато бўлади, назаримда. Зеро, бундай натижага юқорида айтиб ўтганимиз – тадбиркорликни ривожлантиришга комплекс ёндашув орқали эришилмоқда. Бошқача айтганда, давлат ишбилармонлар учун қулай бизнес муҳити яратибгина қолмай, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларни зарур инфратузилма ва маблағ билан таъминлаш, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирини йўлга қўйишдан тортиб, унга янги бозорлар топиш, экспорт билан боғлиқ ташкилий масалаларни тизимли ҳал этиш чораларини ҳам кўрмоқда.

    Эътиборли жиҳати, бунда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳам алоҳида вазифа ва масъулияти бор. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти ривожида экспорт қанчалар муҳим ўрин эгалласа, уни амалга оширишда агентлик вазифаси божхона, логистика каби йўналишлардагидан кам эмас. Яъни, экспорт жараёни билан боғлиқ халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлик масаласи айнан агентлигимиз зиммасига катта масъулият юклайди.

    Шу боис ҳам мамлакатимизда агентлик фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, шу йил 26 февраль куни Президентимиз танишган техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимотида соҳа ривожига қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

    Аввало, мамлакатимиз стандартлаштириш соҳасини ислоҳ қилиш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилганини таъкидлаш ўринли.

    Соҳани замон талабларига мос ислоҳ қилиш мақсадида кўрилган бу каби чоралар натижасида кейинги йилларда 12 мингта стандарт қабул қилинди, 400 турдаги маҳсулотни синовдан ўтказиш йўлга қўйилди. Натижада 40 та янги экспорт бозорига чиқилди.

    Шу билан бирга, охирги етти йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,5 баробарга ошиб, 63 миллиард долларга етди. Бу йил ҳам экспортни 1,5 баробарга кўпайтириб, 25 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсад қилинган.

    Умуман олганда, аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашда давлат назоратини таъминлаш ҳам агентлик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан тадбиркорлар билан доимий мулоқот ўтказиб келинмоқда. Ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилаётгани баробарида, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

    Жумладан, Наманган вилоятидаги “Идeал тeкстил орзу” ҳамда “Сантех дизайн” МЧЖ корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш асносида тадбиркорларга улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни экспорт қилиш юзасидан соҳага доир таклиф ва тавсиялар берилди.

    Бухоро вилоятига хизмат сафаримиз доирасида “Эмирате Стеел” ва “Зарҳал Груп” МЧЖлари фаолияти билан яқиндан танишдик. Ушбу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш юзасидан ишларни ташкил этиш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати, лабораториялар имкониятлари, маҳсулот сифати ва уни ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ишлаб чиқарувчиларимиз техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида янги қабул қилинган қонун, қарорлар ва техник регламентлар талаблари билан таништирилди.

    Профилактика тадбирлари доирасида Самарқанд шаҳрида жойлашган гилам маҳсулоти учун сунъий ип ва газон ишлаб чиқарувчи “Самарканд Эуро Асиа Техтиле” ва Жомбой туманида қадоқланган сув ишлаб чиқарувчи “Ҳйдролифе Боттлерс” корхоналарида ҳам бўлиб, уларга маҳсулотини экспорт қилишда хорижий давлатлар томонидан қўйилган талабларни тушунтирдик. Шунингдек, тадбиркорларимизни техник регламентларни қабул қилиш ва ўзгартиришлар киритиш бўйича қилинаётган ишларни билан ҳам таништирдик, таклиф ва тавсиялар бердик.

    Худди шундай, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Комфорт Мебель” МЧЖ ва “Термиз халқаро савдо маркази”да фаолият олиб бораётган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилишда хорижий давлатлар томонидан қўйилган талаблар тушунтирилди. Улар билдирган таклиф ва тавсиялар, муаммоли масалалар юзасидан соҳа масъулларига топшириқлар берилди.


    Азамат АБДУРАҲМОНОВ,

    Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги инспекция бошлиғи

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates