Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон парламент делегацияси Женева шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 149-ассамблеясида иштирок этяпти.
Ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқ Раиси Тулия Эксон хоним билан учрашув ўтказди.
Унда парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлар самарадорлиги ва истиқболдаги режаларга эътибор қаратилди.
Суҳбат давомида сўнгги йилларда мамлакатимиздаги иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ҳимоя тизимининг такомиллашгани ҳамда инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар Т.Эксон хоним томонидан алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, Барқарор ривожланиш мақсадлари йўналишидаги фаолият ва бу борада Ўзбекистон парламенти томонидан амалга оширилаётган ишлар қайд этиб ўтилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё тарихида илк маротаба Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси дастури, тадбирга доир режалар ва янги лойиҳалар ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.