Пахтачилик кенгаши ҳудудларда чигит экиш ишлари мониторингини ўтказди

    Агросектор 25 март 2023 1032

    Жорий йил 24-25 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши раиси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Пахтачилик кенгаши ва 13 та туман ишчи гуруҳлари аъзолари иштирокида далаларга чигит экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида қатор объектларни кўздан кечирди.

    Пахтачилик кенгаши раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани, Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Навоий вилояти Навбаҳор туманларида бщлиб, у ерларда мониторинг ўтказди.

    Таъкидлаш жоизки, Президент ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши ҳосилдор ва эртапишар ғўза навларини республикамиз ҳудудлари кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб беради, иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш схемасини ишлаб чиқади, гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга солади, зарарли ҳашаротларга қарши курашиш бўйича ҳар бир ҳудудга мос агротехнологиялар ишлаб чиқади.

    Кенгаш ва ишчи гуруҳи аъзолари даставвал Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги «ТСТ agro cluster» МЧЖга қарашли Кетмонтепа пахта қабул қилиш пункти ҳудудида жойлашган уруғлик чигитларни туксизлантириш ва дорилаш цехида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Уруғлик материали тайёрлаш, чигитларни дорилаш ҳолати, дала майдонларига етказиб бериш тартиби ўрганилди. Бунда жараённи уруғлик чигити қайта ишлашнинг стандарт талабларига мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бевосита далаларга экишга тайёрлаб қўйилган чигитлар таркибидан сифатсиз чигитларни олиб ташлаш ҳамда сифатли чигитларни экиш бўйича топшириқлар берилди.

    Кластер пахта далаларининг жорий ҳолати ва айни пайтда чигит экилаётган пахта майдонлари ҳам ўрганилди. Хусусан, намунавий майдон сифатида алоҳида танлаб олинган контурда юқори ҳосилдорликни таъминлашга оид кўрилаётган агротехник тадбирлар муҳокама этилди.

    Шундан сўнг ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятидаги 40 тонна чигитни қайта ишлаш қувватига эга бўлган «Poly Tex Sirdayo» кластери фаолияти билан танишди. Кластерлар ва фермер хўжаликлари экин майдонларидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун қишлоқ хўжалик экинлари ҳамда ҳосилдор, турли касалликларга ва қурғоқчиликка чидамли сара навлардан уруғликлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. 2022 йил май ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган янги навлар уруғчилигини ташкил этиш ва пахта-тўқимачилик кластерига жорий этишга қаратилган лойиҳа бугунга кунда ўз самарасини бериб, уруғ қайта ишловчи замонавий корхона ўз фаолиятини олиб боряпти.

    25 мартда эса Пахтачилик кенгаши томонидан Самарқанд вилояти Нарпай ҳамда Навоий вилояти Навбаҳор туманларида сайёр йиғилиш ташкил этилди. Унда, кенгаш аъзолари Нарпай туманидаги «Мароқанд сифат» ҳамда Навбаҳор туманидаги «Навбаҳор текстиль» пахта-тўқимачилик корхонасига ташриф буюриб, у ердаги жамғарилган уруғлик чигитни экинга тайёрлашда Кенгаш томонидан берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида амалга оширилиши ҳамда чигит экиш ишларининг тўғри ташкил этилиши, жумладан минерал ўғитларнинг қўлланиши юзасидан ўрганиш ўтказди.

    Пахта экиладиган майдонлар четларида тут, узум кўчатлари, зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилиш билан бирга қўшимча даромад олишга қаратилган мойчечак, саримсоқпиёз, қовоқ ҳамда бошқа экинларни экиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

    Шунингдек, Пахтачилик кенгашининг янги тизим жорий этиладиган мазкур туманларидаги биолабораториялар фаолияти билан танишилиб, уларни бугунги кун талабига мувофиқ қайта қуриш юзасидан тавсиялар берилди, деб хабар беради Инновацион ривожланиш агентлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates