«Пахтакор»нинг янги бош мураббийи таништирилди

    Португалиялик мутахассис Педро Морейра Тошкентнинг «Пахтакор» клубида янги бош мураббий сифатида иш бошлади. Бу ҳақда клубнинг кейинги режалари бўйича матбуот анжуманида маълум қилинди.

    Tribuna.uz телеграм каналининг хабар беришича, янги бош мураббий билан 1+1 схемасида шартнома имзоланган. Унга 4 нафар ҳамюрти ассистентлик қилади.

    Анжуманда иштирок этган клуб раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўнгги мавсумларда жамоага устозлик қилиб келган Максим Шацкихга энди клуб раиси маслаҳатчиси сифатида ишлашда давом этишини маълум қилган.

    «Шацких клубдан кетгани йўқ. Қаторасига иккита чемпионлик учун унга раҳмат айтамиз. Бу мавсумда чемпионлик мақсади қўймагандик. У директорлар кенгашида менга маслаҳатчи бўлиб қолади. Янги мураббий билан эса 1+1 кўринишида шартнома туздик ва чемпионлик вазифасини қўйдик», деган у.

    Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, келгуси йил баҳордан Пахтакор стадиони реконструкцияси бошланади. ФИФА стандартларига мос бўлади.

    Педро Морейра «клубнинг лойиҳаси унга маъқул келганини таъкидлаб, жамоага янги услуб ва ғоялар олиб кирмоқчи эканини таъкидлаган. «Албатта, чемпионлик учун курашамиз», деган у.

    Маълумот учун, Педро Морейра ўз вақтида «Рома» ва «Шахтёр» клубларида Паулу Фонсекага ассистентлик қилган, «Спортинг» ёшлар жамоасини ҳам бошқарган.