Пезешкиён: Теҳрон ҳеч қачон ядро қуролини яратишга уринмаган

    Эрон ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқаришга интилмайди, чунки бу Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеий томонидан тақиқланган.

    Бу ҳақда Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси билан учрашувда айтиб ўтди.

    “Олий раҳбарнинг фатвосига асосланиб, биз ҳеч қандай йўл билан ядро қуролини яратишга интилмадик ва интилмаймиз ҳам, ҳеч ким бу сиёсатдан четга чиқишига йўл қўйилмайди”, дея Пезешкиён сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.

    “Биз даъво қилинган муаммоларни ҳал қилиш ва мамлакатимизнинг тинч ядровий фаолиятига оид шубҳаларни йўқ қилиш учун ҳамкорлик қилиш ва [МАГАТЕ] билан яқинлашишга тайёрлигимизни эълон қиламиз”, дея қўшимча қилди Эрон президенти.

    Унга кўра, Эрон ядро дастури бўйича келишувларнинг бузилишида АҚШ айбдор. “МАГАТЭ ҳисоботларига кўра, биз Қўшма комплекс ҳаракатлар режаси бўйича барча мажбуриятларимизни бажардик, аммо айнан АҚШ [2018 йилда] бу келишувдан бир томонлама чиқиб кетди ва бу йўлда давом этишни имконсиз қилди”, деди Пезешкиён.

    1 ноябрь куни Эрон раҳбарининг маслаҳатчиси Камол Харрозий Теҳрон ядровий доктринасини мамлакатга экзистенциаль хавф туғилган тақдирда ҳамон ўзгартириш мумкин эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ядро қуролини ишлаб чиқариш учун техник имкониятларга эга ва олий раҳбарнинг қарори ягона тўсиқдир.

    2003 йилдан бери Эрон ўзининг маънавий раҳбаридан ядровий қурол ишлаб чиқариш исломга зид бўлгани учун тақиқлангани ҳақида фатво олган. Эрон сиёсатчилари буни миллий ядро дастурининг фақат тинч мақсадли эканлигига далил сифатида келтирмоқда, деб хабар беради tass.ru.