Пиллакор белгиланган ҳосилни топширмагани учун жарима тўлайди(ми?)

    Пиллачилик ва қоракўлчилик қўмитаси ижтимоий тармоқларда пилла ўрнига пул топширилаётгани ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдирди.

    Жорий йилда мамлакатимиз пиллачилик соҳасида туб ислоҳотлар бошланганига тўрт йил бўлди. Ўтган давр бу соҳа учун мисли кўрилмаган юксалиш вақти бўлди, десак, муболаға бўлмас. Тараққиёт йўлидан бораётган Янги Ўзбекистон учун бу жуда муҳим. Чунки пиллачилик – катта ва барқарор даромад манбаи, мамлакатимиз учун валюта оқими, демакдир.

    Шуниси эътиборлики, ҳозирда ипакка бўлган талаб бутун дунёда таклифдан ортиқ бўляпти. Жаҳон миқёсида энг йирик ипак ишлаб чиқарувчиси бўлган Хитой ўз аҳолисининг меҳнатга лаёқати ва тут плантациялари учун ерлар камайгани боис изчил равишда ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб боряпти (2008 йилдан бери даврий равишда 20% фоизга). Дунё миқёсида хом ипак ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринда турган Ҳиндистон ҳам ички эҳтиёжи йилига 35 минг тонна бўлган бир пайтда бор-йўғи 28 минг тонна пилла етиштирмоқда.

    Бундай шароитда, айниқса дунё миқёсида пандемия давом этаётган пайтда ипакчилик Ўзбекистон учун стратегик жиҳатдан муҳим тармоқлардан бирига айланди. Давлатимиз томонидан соҳага берилаётган эътибор ва кўмакдан оқилона фойдаланаётган кластерлар ипакчилик соҳасида салмоқли натижаларга эришмоқдалар. Бунга кўп жиҳатдан пиллакорлар учун таъминланаётган шароитлар омил бўляпти. Жумладан, бир оила пилла боқиши учун кластер ёки фермер хўжалиги уни ипак қурти уруғи ҳамда сарфлаш учун материаллар (махсус қоғоз, қуртхонанани дезинфекция қилиш воситалари, хона ҳарорати ва намлигини доимий равишда ўлчаб туриш учун термометр, психрометрлар ва ҳоказо) билан таъминлайди.

    Табиийки, пилла боқувчилари билан тузилган ички меҳнат шартномасида ана шу чиқимлар ҳам ҳисобга олинган. Жумладан, пилла хом ашёсини етиштириш бўйича фермер хўжалиги билан ипак қурти боқувчиси ўртасида тузилган ички меҳнат шартномасининг (бу каби шартномалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган) томонларнинг жавобгарлигига оид 4-бандида “Боқувчи” “Хўжалик”га ушбу шартномада кўрсатилган ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида етказиб берилмаган маҳсулот қийматининг 30 фоизи микдорида жарима тўлаши белгилаб қўйилган. Бу эса ўз навбатида тарафларнинг ўз ҳоҳиш-истаклари билан ифодаланган, яъни тарафлар ўз розиликлари билан шартномага имзо чекишган.

    Бозор иқтисодиёти шароитида бу – табиий ҳолат ҳисобланади. Чунки, иш берувчи сарф-харажатини пилла ҳосилидан чиқариб олади. Мазкур шартнома тарафларнинг манфаатларини ифода этувчи ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу ўринда ижтимоий тармоқларда пилла ўрнига пул топширилаётгани ҳақидаги хабарларга жавобан айтиш жоизки, пилла боқувчи шартномада белгиланган пилла ҳосилини топширмаганлиги учун жарима миқдорини тўламоқда.

    Шуни ҳам айтиш керакки, ҳозирда пиллачиларга давлатимиз томонидан тегишли имтиёзлар берилмоқда. Ҳар бир пилла боқувчи оилага тут плантациялари бириктириляпти, агар тут ўстириш учун ер ажратилаётган бўлса, унда тут кўчатлари ҳам бепул тарқатиляпти. Қишлоқдаги оилалар манфаатдор бўлиши учун уларга тут плантациялари учун ер берилиб, тут қатор ораларига сабзавот экиш ёки боғ ташкил қилиш учун имконият тақдим этиляпти. Пилла боқиш баҳонасида ер олган, лекин берган ваъдасининг устидан чиқмай, пиллачилик меҳнатидан қочиб, мўмай ва осон даромад ортидан қувган инсонларга эса баҳона ва айбдор керак, холос. Улар ўз манфаати йўлида ҳар қандай ҳолатга тайёр бўладилар. Ваҳоланки, пиллачилик соҳасига ихтисослашган кластерлар ва корхоналарнинг сўнгги йилларнинг ўзида неча миллиардлаб сўм харажатлари ундирилмай қолиб кетаётганлиги ҳақида ҳеч ким сўроқланмайди ҳам.

    Шу ўринда биз, журналистлар ва кенг жамоатчиликни айрим оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган мақсади фитнадангина иборат бўлган хабарларга ишонмасликка чақирамиз. Инсон бежизга тафаккур ва онг деган неъмат билан сийланмаган. Шундай экан, бу каби масалаларга бирёқлама ёндашув қилмасдан, тафсилот ва сабаблар билан қизиқсак, айни муддао бўлади, дейилади Пиллачилик ва қоракўлчилик қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates