Қайд этилишича, 2021 йилда Ассоциациянинг ишонч телефонига 994 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган. Уларнинг 283 таси бўйича тушунтириш берилган бўлса, 711 та мурожаат ўрганилиб таҳлил этилган.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг аксарияти:
пластик карталар билан боғлиқ ҳолатлар;
кредит олиш бўйича муаммолар;
нафақа олиш билан боғлиқ масалалар;
банкоматлардан тўлов операциялари ва пул ўтказмалари бўйича мурожаатлар
ва шунга ўхшаш бошқа масалалар билан боғлиқдир.
Юқорида таъкидланганидек, пластик карталардан ноқонуний пул ечиш ҳолати бўйича сўровлар йил давомида кўп берилган. Мисол учун, Тошкент вилояти Янгийўл туманидан келган мурожаатга тўхталсак:“Менинг пенсия пластик картамдан номаълум одамлар пул ечиб олишди. Бошида менга телефон қилиб, сизга ютуқ сифатида пул юборяпмиз, пластик карта рақамингизни беринг дейишди. Кейин эса телефонимга СМС келди, улар ўша кодни беринг дейишди. Мен тушунмаганим, бу борада маълумотга эга бўлмаганим учун уларни айтганини қилдим. Афсуски, пул тушмади, аксинча ҳисобимдан пул ечиб олинди”.
Ушбу масала бўйича мурожаатчига тушунтириш берилди. Паластик карта берилган банк ҳамда Ўзбекистон банклари Ассоциацияси биргаликда иш олиб борди. Натижада ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар аралашуви билан мурожаат ижобий хал этилди.
Ҳурматли юртдошлар, пул ўтказмалари амалга оширилганда телефонингизга келадиган махсус код зарур эмас. Яъни, у махфий саналиб, уни ҳеч кимга бериш керак эмас. Шуни ёдда сақлангки, банк ходимлари ҳам ҳеч қачон ушбу кодни сўрамайдилар.
Яна энг кўп мурожаатларни ташкил этган кредит олиш бўйича саволларга эътибор берсак. Улардан бири: “Мен таълим кредитини олиш учун банкка 2021 сентябрь ойида мурожаат этгандим. Кейин етарли хужжатларни йеғиб иккинчи марта мурожаат этдим. Мана бугун 29 ноябрь мен хали ҳам кредит олиш сўровим қондирилмади. Нимага бундай бўлганига эса тушунмадим?”
Мазкур мурожаат кўриб чиқилди, керакли чоралар кўрилди, Ассоциация томонидан у мурожаат этган тижорат банкнинг билан гаплашилди. Олиб борилган ишлар натижасида эса кредит олувчининг талаби 2021 йил 16-декабрда қондирилди.
Бу каби мисоллар кўп. Ўзбекистон банклари Ассоциацияси халқимиз орасида бундай ҳолатларни камайтириш учун қатор тушунтиришлар олиб бормоқда. Банк-молия тизимига оид саволларни Ассоциациянинг 71 238 69 01 ишонч телефони орқали мурожаат қилишингиз мумкин.









