Пойтахтимизда Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси бошланди

    Саноат 14 ноябр 2022 1237

    Жорий йил 14 ноябрда Тошкент шаҳридаги Миллий кўргазмалар марказида Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда илк бор Ўзбекистоннинг 14 вилояти ва 21-тармоқдаги 944 та корхона томонидан ишлаб чиқарилган 9 350 номдаги маҳсулот намойиш этилди.

    Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев мамлакатимизда ўтказилаётган тармоқлараро ярмаркалари самарадорлигини ва улар натижасида 4,4 триллион сўмлик шартномалар имзоланганлигини таъкидлаб, иштирокчилар эътиборини бу йил ўтказилаётган ярмарканинг мамлакатимизга импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини оптималлаштиришни рағбатлантиришга қаратилган мутлақо янги форматда ташкил этилганлигига қаратди.

    Тақдим этилган намуналар орасида – саноат кооперация асосида ўзлаштириш таклиф этиладиган 2 275 турдаги импорт маҳсулот, истиқболли шартномалар тузиш учун 3 112 турдаги янгидан ўзлаштирилган маҳсулотлар намуналари ва 2023 йилда етказиб бериладиган импорт ўрнини босувчи 4 998 турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар бор. Потенциал ташаббускорларни жалб этиш мақсадида махсус ташкил этилган стендда мазкур турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича корхоналар лойиҳалари намойиш этиляпти.

    Яна бир янгилик – янги ташкил этилган Рақамли трансформация марказида маҳаллий маҳсулотларни сотиш имконини берувчи ва Escrow kliring тизими орқали тўловни кафолатловчи механизм, шунингдек, республика ногиронлар жамиятлари томонидан ҳам жорий ярмарка доирасида, ҳам электрон ҳамкорлик портали орқали маҳсулотларни сотиш тизимлари жорий этилди.

    Бундан ташқари, 2023 йилги Давлат инвестиция дастури доирасида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар «маҳаллий контентини» шакллантириш ҳам ушбу ярмарка давомида аниқланадиган устувор йўналишлар ва ташаббусларга асосланиши таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    Ярмарка 14-18 ноябрь кунлари давом этади. Унинг натижаларига кўра 4,2 триллион сўмлик шартномалар имзоланиши кутилади.