Президент мактаблари битирувчиларининг 88 нафари (92 фоизи) ўқув йили якунланмасдан Буюк Британия, АҚШ, Япония каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув муассасаларида таълим олиш учун таклифномаларни қўлга киритди. 8 нафари эса қабул жавобларини кутмоқда. Битирувчиларни катта ҳаётга муносиб кузатиш мақсадида ташкил этилган тантанали тадбирда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Cambridge Assessment ташкилотининг таълим маслаҳатчиси — Стивен Кинг ҳам иштирок этди. Мухбиримиз унинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
— Ўзбекистонга ташрифингиз боиси ҳақида сўрамоқчиман. Ташриф доирасида қандай ҳамкорлик режалари, талаб ва таклифларни амалга ошириш кўзда тутилган?
— Авваламбор, халқаро IGCSE, AS ва A Level имтиҳонларини топшириш юзасидан мутасаддилар билан олиб борилган музокара ҳақида тўхталмоқчи эдим. Эндиликда Кембриж халқаро имтиҳонларини нафақат Президент мактаблари ўқувчилари, балки Ўзбекистондаги барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида таълим олувчилар ҳам топшира олиш имконияти яратилмоқда. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Президент мактаблари Кембриж аккредитациясидан ўтган халқаро мактаб сифатида халқаро IGCSE, AS ва A Level имтиҳонлари жараёнларини ташкил этиб, талабгорларни рўйхатдан ўтказа олади.
Кембриж таълим ташкилоти 50 дан ошиқ фанлар бўйича имтиҳон топшириш танловини тақдим этмоқда. Бундай имтиҳонларни топшириш учун алоҳида талаблар мавжуд эмас. Ёш бўйича чеклов йўқ, маълум бир тил бўйича сертификат талаб этилмайди. Бир ўқувчи 5 тагача фандан имтиҳон топшириш имкониятига эга. А Level сертификати ҳам халқаро олий таълим муассасалари томонидан тан олинган олий стандарт сертификат ҳисобланади. У халқаро кўламда таълим олиш учун кенг имкониятларга йўл очади, дейиш мумкин.
А Level сертификатига эга бўлган ўқувчилар 76 мамлакатдаги университетларга ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлади. Яъни бутун дунёда 1000 дан ортиқ университет мазкур сертификатни тан олади. Бу, бутун Британиядаги барча ва АҚШдаги 700 та университетга ҳужжат топшириш имконияти дегани.
— Президент мактабларининг салоҳиятини қандай баҳолайсиз? Мазкур таълим муассасаларининг келажаги борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Ўзбекистон, жумладан, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларидан мамнунлигимни билдиришга ижозат этинг. Агентлик тизимидаги тўртта Президент мактаби Кембриж ташкилоти билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 2019 йилдан буён ушбу мактабларда таълим олаётган ўқувчиларни Ўзбекистоннинг янги тарихини яратувчи ёшлар, деб таърифлаган бўлардим. Улар илк маротаба халқаро Кембриж имтиҳонларини топширди. Глобал пандемия таъсирига қарамасдан, ушбу синовлардан муваффақиятли ўтишгани эътиборга молик. Уларнинг машаққатли меҳнати натижасини бугун кўплаб халқаро таълим ташкилотларидан тушаётган таклифлардан ҳам кўришимиз мумкин. Мамлакат ривожи кўп жиҳатдан истеъдодли ёшларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ўстириш, интеллектуал салоҳиятини намоён қилишга кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ.
Ана шундай тизимнинг яратилгани ўқувчиларнинг бугунги натижаларида яққол кўриниб турибди. Биз бир неча бор MOCK имтиҳонларининг тест синовларини ўтказдик. Ўқувчилар бу имтиҳонларни муваффақиятли топширди.
Президент мактаби ўқувчилари икки йил таълим олиб, бир қанча халқаро университетларга киргани — бу қисқа муддатда эришилган катта натижа, деб айта оламан.
Албатта, бу муваффақиятлар ўзўзидан рўй бергани йўқ. Аввало, мазкур мактабларда таълим олиш учун энг иқтидорли ўқувчилар танлангани дастлабки оқилона қадам бўлган. Ва мана шу тўғри йўлдаги саъй-ҳаракатлар давом этгани боис, юксак самара бермоқда.
Президент мактаблари ўқитувчилари ва ўқувчилар фаолияти, ютуқлари билан танишиб, унинг келажаги ғоят самарали бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Ўзига хос таълим тизимига, талабларга ва катта имкониятларга эга бу таълим муассасалари Кембриж ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилганига қарамасдан, у бизга тегишли эмас ва Британия мактаблари ҳисобланмайди. Президент мактаблари халқаро таълим тизимига асосланса-да, ўз миллий хусусиятларига эга ва бу сақланиб қолиши лозим.
Халқаро таълимдаги илғор ғояларнинг Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширилиши ва эришилган ютуқлар Кембриж университети учун ҳам манфаатли саналади. Биз келажакда бу мактабларнинг барқарор ривожланиши ва муваффақиятга эришишига ишонамиз.
— Ўқитувчилар малакасини ошириш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутиляпти?
— A Level — бу, ўқувчилар учун мўлжалланган сертификат бўлса, PDQ (Professional Development Qualification) педагоглар учун мўлжалланган дастур ҳисобланади. Яъни маҳаллий кадрларнинг халқаро стандартлар асосида малакасини оширишга мўлжалланган. Бу дастур синф хонасида қандай дарс ўтиш, таълимда етакчиликни ўрганиш имконини беради. 6 ва 9 ой давомида шу дастур орқали малака оширган ўқитувчилар Кембриж стандартлари асосида профессионал кадрга айланади. Шунингдек, PDQ дастури асосида педагоглар учун ҳам янги лойиҳалар кўзда тутилган. Бу борада олиб борилаётган ишлар маҳаллий педагогларнинг халқаро стандартларга асосан малакасини оширишга қаратилган. Бу ўз ўрнида маъмурий ходимлар, лидерлар учун ҳам аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан алоқаларимиз самимий ва мустаҳкам. Умумтаълим мактабларида инглиз тили фанини ўқитишни ривожлантириш бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Жумладан, мактаблардаги дарсликларда Кембриж дастури асосида мавзулар тақдим этилиши кўзда тутилган.
— Таълим йўналишидаги илғор лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳам ҳамкор мамлакат сифатида танлангани биз учун қувонарли албатта. Шу билан бирга, ҳамкорлик яхши самара беришида қандай омиллар сизда ишонч уйғотган эди?
— Ўзбекистон кейинги йилларда жадал суръатларда ривожланиб бораётган мамлакат ҳисобланади. Қолаверса, биз хорижликларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ва самарали фаолият юритиш учун жуда қулай, кенг имкониятлар яратилмоқда. Тўрт йил илгари Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан “Ҳозир Ўзбекистонга келишнинг айни вақти. Чунки янгиланишлар, ислоҳотлар жуда тез суръатларда олиб борилмоқда”, деган эди. Элчининг бундай ишонч ва самимият билан айтган сўзлари мени жуда қизиқтириб қўйди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси билан боғландим ва улар бу мамлакатга ташрифимни ташкил қилишда ёрдам берди.
Биз бу ерга 2018-2019 йиллар давомида бир неча маротаба келдик. Ана шундай ташрифларнинг бирида Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги ғоя билан танишдик, муҳокама қилдик ва амалга ошишида иштирок этдик.
Яна шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, мен Ўзбекистонни яхши кўраман! Унинг меъморчилиги, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлари, табиати мени доим ўзига мафтун этиб келади. Ҳали Бухоро ва Наманганга боришга улгурмадим, аммо режамда бор. Гўзал ва қадим юртнинг ҳали кўрадиган, танишадиган, қизиқтирадиган жиҳатлари жуда кўп.
Шунингдек, мен Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотларини бошқа ерда учратмадим. Тўғри, маҳаллий аҳоли учун улар одатий саналади. Аммо ишонинг, серқуёш юртнинг сархил мевасабзавотлари дунёдаги энг мазалиси назаримда. Мен ҳатто оила аъзоларим ва дўстларимнинг ҳам Ўзбекистонга келишини, қадим тарихий шаҳарларини ҳайратланиб кўришини, ўзбек миллий таоми бўлган паловдан татиб кўришини истардим.
Рисолат МАДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири










