Президент сайловининг дастлабки натижалари

    Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

    Марказий сайлов комиссия раиси З.Низомхўжаев Президент сайлови халқаро ва миллий сайлов мезонлари асосида, кўтаринки руҳда ўтказилганини қайд этди. Мазкур сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами 800 га яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатгани, шунингдек, сайловни миллий ва хорижлик оммавий ахборот воситаларининг жами 1400 вакили ёритиб боргани айтилди.

    Таъкидланганидек, халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий тадбир бўлган сайловни юқори савияда ўтказиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Юртимиз бўйлаб 10 минг 784 та, шунингдек, мамлакатимизнинг 39 та хорижий давлатдаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 56 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари қизғин ва фаол ташкил этилди.

    Президент сайловида жами сайловчиларнинг 15 миллион 651 минг 405 нафари ёки 79,88 фоизи овоз беришда иштирок этди. Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов 629 минг 116 та ёки 4,02 фоиз, “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудова 693 минг 634 та ёки 4,43 фоиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев 13 миллион 625 мингдан ортиқ ёки 87,05 фоиз, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев 585 минг 711 ёки 3,74 фоиз овоз тўплади.

    Дастлабки натижаларга кўра, Шавкат Мирзиёев сайловда ғалабага эришди.

    Шу куни Олий суд ва Бош прокуратура вакиллари иштирокида брифинглар ҳам ўтказилди. Уларда Президент сайловида қонунийликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

    Билдирилишича, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан бугунги кунга қадар судларга сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан, сайлов ўтказувчи комиссиялар фаолиятига аралашиш, уларнинг ишида тўсиқларни юзага келтириш, сайлов ўтказувчи комиссиялар қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриқонуний равишда рад этиш, кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари келиб тушмаган.

    Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов иштирокидаги брифингда ҳам сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилгани алоҳида қайд этилди.

    Шу куни Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида халқаро ташкилотлар миссиялари вакиллари иштирокида ҳам брифинглар бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясида қатор учрашувлар ўтказилди. Уларда хорижлик экспертлар сайлов жараёни билан боғлиқ фикр-мулоҳазаларини баён этди.

    — Ўзбекистонга учиб келишимиз билан бу ўлка нақадар меҳмондўст эканига гувоҳ бўлдик, — дейди Араб сайлов органлари уюшмаси ижро аппарати раҳбари Ҳишам Маҳмуд Юсуф Кухаил. — Сайлов куни биз 15 дан ортиқ сайлов участкасига бордик. Участкаларда сайлов жараёнлари тинчлик-осойишталик билан ўтди. Сайловчилар участкаларга юзларида табассум билан кириб келди. Мамлакатингизда сайловчилар учун яратилган имкониятлар мени ҳайратга солди. Марказий сайлов комиссияси овоз беришни профессионал тарзда ташкиллаштирилгани, участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳам ўз ишига масъулият билан ёндашгани таҳсинга сазовор. Биз Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилдик. Чунки Марказий сайлов комиссиясининг сайлов соҳасидаги бой тажрибаси гувоҳи бўлдик. Демократик сайлов юқори савияда ўтган билан барчангизни табриклаймиз.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбир

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates