Президент: Сизнинг ғалабангиз бизга жуда катта куч-қудрат берди

    Ҳукумат 10 сентябр 2021 1762

    Айни пайтда Токиода ўтган XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросим давом этмоқда.

    Президентимиз Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз қўлга киритган юксак натижаларга алоҳида тўхталиб, уларни муборакбод этди.

    Нуфузли ўйинларда маҳоратли дзюдочимиз Учқун Қуронбоев терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этди. Яна бир полвонимиз Бобуржон Омонов эса ядро улоқтириш бўйича олтин медалга сазовор бўлиш билан бирга, Паралимпия рекордини ҳам янгилади. Таъкидлаш керакки, бу борадаги янги жаҳон рекордини ҳам айнан Бобуржон ўрнатган эди.

    Жасоратли енгил атлетикачиларимиз Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова, рақиблари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимова олтин медалларни қўлга киритиб, барчамизга чексиз хурсандчилик бағишлади.

    Давлатимиз раҳбари Гулжанойга юзланиб, унинг жангларини кузатганини таъкидлади.

    – Сизнинг жангларингизни ўзим кузатдим. Очиғи, сўнгги жангингизни охиригача кўролмадим, ютқазиб қўймасин деган кучли ҳаяжон бор эди. Ҳайрият, муросасиз курашда ғалаба қозониб, барчамизни қувонтирдингиз. Сизнинг ғалабангиз бизга жуда катта куч-қудрат берди, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Мусобақаларда дзюдочимиз Феруз Саидов, ядро улоқтириш бўйича спорт устаси Ҳусниддин Норбеков ҳам олтин медалларга сазовор бўлди.

    Ҳусниддин бу ютуғи билан икки карра Паралимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлгани алоҳида таъкидланди.

    Ана шу чемпионларимиз қаторида Асила Мирзаёрова, Роза Қўзиева, Парвина Самандарова, Довурхон Кароматов, Нурхон Қурбонова, Ислом Асланов, Элбек Султонов, Нафиса Шерипбоева, Шариф Халилов, Шоҳсанам Тошпўлатова сингари жами 11 нафар спортчимиз кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, мамлакатимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.

    Президентимиз бундай беқиёс ютуқларга эришишда чинакам фидойилик кўрсатган Алфия Ибрагимова, Бобур Қўзиев, Сардор Абдухолиқов, Азизжон Норматов, Шамсиддин Саидов, Мавлонбек Ҳайдаров, Григорий Камуля каби тажрибали мураббийларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates