Жумладан, экологик партия Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш Стратегияси, “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси” ва бошқа истиқболли давлат дастурларини изчил амалиётга жорий этилишини қўллаб-қувватлайди.
Ушбу мақсадларда илм-фанни жадал ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда саноат, транспорт, қурилиш ва бошқа соҳаларда экологик модернизациялашни амалга ошириш, энг замонавий экологик тоза технологияларнинг жорий этилишини таъминлаш талаб этилади.
Экологик партия “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга тадбиқ этиш ғоясини илгари суради. Энергетика соҳасининг асосий драйвери инновацион технологиялар эканлигини инобатга олган ҳолда энергетика соҳасини тубдан модернизация қилиш орқали иқтисодиётда икки карра энергия самарадорлигига эришиш, энергия истеъмоли тежамкорлигини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасида бозор механизмларини тадбиқ этиш, энергия ресурслари бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, “яшил” тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари улушини умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш каби устувор чора-тадбирлар амалга оширилади.