Профессионал таълимда янги тизим амал қилади

    Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, мамлакатимизда мутлақо янги, узлуксиз профессионал таълим тизими йўлга қўйилган.

    Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам бугунги кунда ўсиб келаётган авлодда касбий кўникмаларни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ёшларни касб ва мутахассислик эгаллаши учун профессионал таълим муассасаларида яратилаётган имкониятлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шулар хусусида сўз борди.

    Янги таълим тизими амал қилади

    Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мамлакатимизда жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 339 та касб-ҳунар мактаби, 201 та коллеж ва 185 та техникум ташкил этилади.

    Янги профессионал таълим муассасалари мақсад ва вазифаларидан келиб чиқан ҳолда 3 тоифага бўлинади. Биринчи тоифа – касб-ҳунар мактаблари ҳисобланади. Уларда ўқувчилар таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келадиган дастурлар асосида бошланғич профессионал таълим олишади. Касб-ҳунар мактабларига 9-синф битирувчилари қабул қилинади ва 2 йиллик таълим дастури асосида ўқитилади. Унда ёшларга, асосан, оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик каби касблар ўргатилади.

    Профессионал таълим муассасаларининг иккинчи тоифаси ҳисобланган коллежларда таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келадиган дастурлар асосида ўрта профессионал таълим касб эгалари тайёрланади. Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тизимида фаолият кўрсатадиган ушбу коллежларда умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари қабул қилинади. Коллежларда ҳам ўқув муддати — 2 йил. Ана шу муддат давомида аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрланади.

    Буни Германияда яхши самара берган «дуал» таълим тизимига ўхшатиш мумкин. Ўқувчилар ҳафтанинг 3 кунида коллежда назарий билим олишса, қолган 3 кунида бириктирилган корхонадаги уста ёки мутахассис раҳбарлигида амалиёт ўтайди.

    Учинчи тоифа — техникумлар бўлиб, улар таълимнинг Халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келадиган дастурлар асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган бўлиб, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият кўрсатади. Улар ҳам тегишли ташкилотларга бириктирилади. Битирувчилар буюртмалар портфелига асосан иш билан таъминланади.

    Бунда ўқувчилар олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналиши билан интеграциялашган ҳолатда, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида 2 йил таҳсил олади. 2 йиллик таҳсилдан сўнг техникум битирувчилари тегишли олий таълим муассасасида эгаллаган касби бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бу тизим мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоиз, келажакда 50-60 фоизга етказиш учун хизмат қилади.

    Таълим шакли ҳам, принципи ҳам ўзгаради

    —Энди профессионал таълим муассасаларида ўқиган ёшлар аниқ иш ўрни ва касбига эга бўлади, — деди матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Муродулла Холмуҳаммедов. — Янги тизимнинг асосий тамойили шундан иборатки, битирувчи учун иш ўрни аввалдан аниқ бўлади ва у мутахассис сифатида иш берувчининг талаб ва таклифига мувофиқ тайёрланади. Шундан келиб чиққан ҳолда энди касб-ҳунар таълими тизимида таълим шакли, мазмуни ва принциплари мутлақо янгиланди.

    Ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилди

    Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилнинг 5 – 20 июль кунлари касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган умумтаълим мактабларининг 9-синф (жами 82341 нафар) битирувчилари ҳужжатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг онлайн электрон платформаси (kasb.edu.uz) орқали қабул қилинди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари тизимида бўлган коллеж ва техникумларга қабул параметрлари тасдиқланди.

    Умумтаълим мактабларининг касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган
    11-синф битирувчилари ҳужжатлари коллеж ва техникумларга 2020 йил 25 августдан 25 сентябрга қадар (25 сентябрь куни ҳам) онлайн тарзда қабул қилиниши белгиланган эди. Қабул жараёнлари айни пайтда жорий йилнинг 20 октябрига қадар (20 октябрь куни ҳам) узайтирилди.

    Маълум қилинишича, коллежларга kollej.edu.uz, техникумларга эса texnikum.edu.uz электрон платформаси орқали ҳужжатлар топшириш мумкин.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates