Учрашувда институт ректори Р.Каримов, ўқув ишлари бўйича проректор П.Лутфуллаев, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор М.Яқуббоев ҳамда 72 нафар тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Ректор Р.Каримов институтда докторантларга илмий фаолият олиб бориш учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар, илмий стажировкаларда иштирок этиш, нуфузли илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш, таълим соҳасидаги янги ёндашувлар, глобал миқёсда институтнинг салоҳиятини ошириш, ҳақида кенг қамровли фикрлар билдирди.
Шу билан бирга докторантлар учун янги илмий конференциялар ташкил этиш, халқаро тадқиқот дастурларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш ва илмий ислоҳотларни амалга ошириш борасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ректор, илмий тадқиқотларнинг юқори сифатини таъминлаш учун институтнинг илмий ходимлари ва докторантлари ўртасида жадал ишлашни, инновацион фикрлашни ривожлантиришни ва мустаҳкам илмий алоқалар ўрнатишни асосий вазифа сифатида белгилади.
Проректорлар томонидан докторантлар билан илмий-тадқиқот мавзулари юзасидан изланишлар олиб бориш, ҳамкор хорижий университетлар кутубхоналари ва илмий маълумотлар базаларидан самарали фойдаланиш, мақолалар чоп этиш ҳамда хорижий тажриба билан яқиндан танишиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида, ёш олимлар ўз фикрларини билдирган ҳолда, илмий фаолиятни янада ривожлантириш ва юқори даражадаги илмий ютуқларга эришиш йўлида ўз таклифларини илгари сурдилар. Бу каби учрашувлар институтнинг илмий салоҳиятини оширишга, докторантлар учун янги илмий ва академик имкониятлар яратишга, ҳамда халқаро илмий ҳамжамият билан алоқаларни янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида:
- 2022 йилдан шу кунгача 3 та DSc ва 24 та PhD диссертациялар ҳимоя қилинди.
- Илмий салоҳият 17 фоиздан 34.4 фоизга кўтарилди.
- 2024 йил 19 декабрь ҳолатига кўра институтда 43 нафар таянч докторант ва 29 нафар мустақил изланувчилар илмий изланишлар олиб бормоқда.