Профессор Аҳмет Шимширгил: Амир Темур ҳақида айтилган 4 та ёлғон хусусида

    Ижтимоий ҳаёт 9 апрел 2021 5254

    Ўзбекнинг улуғи Амир Темур туғилган кунининг 685 йиллиги муносабати билан Фанлар академияси Тарих институтида халқаро илмий йиғин ўтказилди.

    Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркияда Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб бораётган етук олимлар ва ёш тадқиқотчилар узоқдан ( онлайн) қатнашдилар.

    Анжуманни Тарих институти директори, профессор Азамат Зиё очиб берди ва Амир Темурнинг дунё тарихидаги ўрни хақида сўз юритиб, буюк бобомиз қолдирган бой ва тенгсиз меросни Туркия, Озарбайжон ва бошқа қардош мамлакатларнинг олимлари билан биргаликда ўрганиш вақти келганини алоҳида таъкидлаб, қўшма лойиҳалар олиб боришни таклиф этди.

    Озарбайжон Миллий фанлар академияси Тарих институтидан академик Ёқуб Маҳмудов “Амир Темур дунё тарихининг даҳо саркардаси” номли маърузасида Соҳибқирон шахсининг турк дунёси учун аҳамияти юқори бўлган даҳо қўмондон, ақлли сиёсатчи, туркий халқларни бирлаштириш йўлида марказлашган давлат тузишга эришган етакчи бўлганига эътибор қаратди.

    Шу билан бирга озарбайжон халқининг Амир Темурга ҳурмат-эҳтироми, муҳаббати кучли эканини эътироф этиб, туркий халқларнинг умумий тарихини қайтадан ўрганиш таклифини илгари сурди.

    Бегоналар томонидан ёзилган тарих туркий халқларни бир-биридан узоқлаштиргани, уруштириб қўйганини таъкидлар экан, биргаликда халқларимизни янада яқинлаштириш учун тарихимизни яқинлаштириш, бирга ўрганиш, мактаб ва университетларимизда умумий тарихимизни ўқитиш муҳим вазифалигини илгари сурди.

    Туркиянинг Мармара университети профессори Аҳмет Шимширгил “Туркияда Амир Темур қиёфаси ва ҳақиқатлар” номли маърузасида лицейда ўқиган кезларида Амир Темурнинг қаттиқ қоралангани, уни салбий қиёфада тасвирлангани, кейинчалик изланишлари натижасида ҳақиқатлар аслида бошқача экани масаласини ўртага ташлади.

    Соҳибқироннинг бу қадар янглиш ва ёлғон танитилишига асосий сабаб икки араб тарихчиси Ибн Aрабшоҳ ва Ибн Тағрибердининг холис бўлмаган фикрларидир, деб сўз юритар экан, Аҳмет Шимширгил ушбу тарихчиларнинг ўз асарларидаги иддаоларини таҳлил қилди, рус олимларидан В.Бартолднинг Aмир Темур ҳақидаги бир ёқлама ёндашувларини танқид остига олиб, керакли асослар келтирди. Аҳмет Шимширгил Амир Темур хақида айтилган 4 та ёлғонни шарҳлаб, холис таҳлил қилиб берди.

    Амир Темур хақида уйдирилган ёлғонлар қуйидагилар бўлиб, биринчи ёлғон Амир Темурнинг Сивасда 70 минг инсонни қатл қилгани, ҳолбуки у даврда Сивас аҳолиси 15 минг атрофида бўлган; иккинчиси, Йилдирим Боязидни қафасга солиб шарманда қилгани ҳақидаги ёлғон - аслида Aмир Темур Боязидга подшоҳларга хос ҳурмат кўрсатган; учинчиси, турк ҳукмдори аёлларининг шарманда қилингани ҳақидаги ёлғон; тўртинчиси эса, Тўхтамишхоннинг енгилиши натижасида Русиянинг кучайиши ҳақидаги ёлғон – Рус давлатининг кучайиши Амир Темур томонидан Олтин Ўрданинг қулатишига ҳеч қандай боғлиқ эмас, деб кўрсатиб берди.

    Аҳмет Шимширгил ўз маърузасида Aмир Темур маданият ва маърифат ҳомийси, олимларга алоҳида ҳурмат кўрсатган улуғ инсон, деб таъриф берар экан, туркий халқлар томонидан жиддий тадқиқотлар олиб бориш орқали ёшларга холис тарихни ўқитиш ҳамда ўргатишни таклиф этди.

    Туркиянинг Истамбул маданият университети профессори Ҳайруннисо Алан “Амир Темурнинг қудалари” номли маърузасида хонадонларнинг сулҳи ва келажагида қуда-андачиликнинг жуда муҳим бўлганига эътибор қаратди. Ҳайруннисо Алан “Муиз ал-ансоб” асари асосида Амир Темур ва унинг қуда-андачилигини беш қисмга ажратган ҳолда таҳлил қилиб берди. Соҳибқироннинг синггиллари, қизлари, хотинлари ва келинлари ҳамда асосан қуда-андачиликда арлот, барлос, жалойир каби уруғлар, тархонлар билан никоҳ тузганлиги хусусида тўхталди.

    Хўжанд давлат университети доценти Бўстон Турсунов “Темур ва темурийлар даври тожик тарихшунослигида (совет ва мустақиллик даври)” маърузасида хозирги Тожикистонда Амир Темур ва темурийлар даври тарихшунослиги хусусида ўз фикр мулоҳазаларини билдирар экан, совет даврида ва ҳозирда яратилган асарлар, тадқиқотларни таҳлил қилиб берди.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими Низомиддин Гулбоев Амир Темур ҳарбий жанг санъатининг жаҳонда ўрганилишига эътибор қаратди. У ўз чиқишида Соҳибқирон қўшинининг турлари, жангда қўлланган ҳарбий усулларини манбалардаги маълумотлар асосида ёритиб берди.

    Фанлар академияси Тарих институтининг яна бир ёш олими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қахрамон Ёқубовнинг маърузаси Амир Темур даврига оид вақфномаларга бағишланган бўлиб, унда архив жамғармаларида сақланаётган, темурийлар даврига оид нодир вақф хужжатлари хусусида маълумотлар берилди.

    Ушбу анжуман Амир Темур шахсини ўрганилмаган жиҳатлари кўп экани, олдимизда муҳим илмий вазифалар турганини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, тадбирда иштирок этган олимлар томонидан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш бўйича якдил фикрлар, таклифлар ўртага ташлангани илмий ҳамкорликни ривожлантиришга, миллий тарихимизни кенг кўламда ўрганишга хизмат қилади.

    Шерзодхон Маҳмудов,

    ФА Тарих институти директорининг

    илмий ишлар бўйича ўринбосари,

    тарих фанлари номзоди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates