Прогрессив ислоҳотлар марказида АҚШ Тинчлик институти экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди

    Прогрессив ислоҳотлар маркази (ПИМ) директори Миршоҳид Асланов 22 апрелда АҚШ Тинчлик институти (USIP) экспертлари Карла Фриман, Бейтс Гилл ва Алисон Макфарленд билан учрашди.

    Томонлар ақл марказлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини кўриб чиқиб, ташқи сиёсий жараёнлар, жумладан, Хитойнинг глобал ташаббуслари ва уларнинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири юзасидан фикр алмашдилар. АҚШ Марказий Осиё республикалари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтириши мумкин бўлган соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

    Доктор Карла Фриман таъкидлаганидек, уларнинг Тошкентга ташрифи АҚШ Тинчлик институтида Си Цзиньпиннинг «Уч ташаббуси» — «Глобал хавфсизлик ташаббуси», «Глобал тараққиёт ташаббуси» ва «Глобал цивилизация ташаббуси»га ва уларнинг Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига таъсирига эътибор қаратган ҳолда Хитой ташқи сиёсатини ўрганишга бағишланган тадқиқот лойиҳаси доирасида амалга ошириляпти. Ушбу ташаббус 2023 йил сентябрь ойида минтақа давлат раҳбарлари иштирокида Нью-Йоркда бўлиб ўтган 5+1 саммитидан сўнг Вашингтонда Марказий Осиё мамлакатларига қизиқиш ортиб бораётганига жавобан USIP томонидан илгари сурилган.

    Эксперт Вашингтон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилганидан сўнг ҳамда Яқин Шарқ ва Шарқий Европага эътибор кучайгани сабаб АҚШнинг минтақадаги иштироки амалда қисқарган. Бироқ бунга қарамай Марказий Осиёдаги ижобий тенденциялар АҚШдаги сиёсатни шакллантирувчи доираларнинг эътиборини тортяпти. Улар ушбу жараёнларга минтақавий тинчлик ва фаровонликка эришишда ижобий тажриба сифатида қарамоқда. Шу билан бирга, Карла Фриман Ўзбекистоннинг, айниқса, 2016 йилдан кейинги минтақалаштириш жараёнларидаги ролини юқори баҳолади.

    Учрашув якунида USIP экспертлари ПИМдаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилишга, жумладан, АҚШ Тинчлик институти веб-сайтида таҳлилий мақолалар чоп этишга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Прогрессив ислоҳотлар маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates