Қадимиятнинг файзиёб маскани

    3700 ёшли маскан сайёҳлик йўналишига киритилса...

    Хоразм ҳақида сўз кетганда кўз олдингизга дарров Хива шаҳри келиши, шубҳасиз. Чунки Ичанқалъадаги бир-биридан гўзал қадимий обидалар неча асрлардан буён кишини мафтун қилиб келади. Бироқ, Хоразмда бу ердаги обидалардан ҳам қадимийроқ зиёратгоҳлар мавжудлиги ҳақида кўпчилик яхши билмайди.

    Воҳанинг энг кўҳна масканларидан бири Ҳазорасп қалъаси саналади. Унинг ёшини маҳаллий олимлар 3700 йилга тенг деб тахмин қилишади. Тадқиқотчи Сергей Толстов ҳам “Древний Хорезм” монографиясида шунга яқин маълумотни беради. Ёқут Ҳамавий, Ал-Мақдисий, Ибн Батута каби илк ўрта аср араб сайёҳлари асарларида ҳам Ҳазорасп Хоразмнинг Гурганждан кейинги йирик шаҳри экани таъкидланади.

    Бугунги кунда Ҳазорасп қалъасининг харобалари сақланиб қолган бўлса-да, унинг шундоқ кунчиқар томонида жуда қадимий зиёратгоҳ ўз маҳобати ва салобатини йўқотмаган ҳолда қўр тўкиб турганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бу маскан маҳаллий аҳоли тилида “Шопир” қадамжоси деб номланади.

    Мазкур муқаддас маскан тўғрисида турли-туман тахминлар мавжуд. Кимдир бу ерда пирлар шоҳи дафн қилинган деса, яна кимдир бошқача ривоятларни талқин қилади. Хўш, аслида Шопир зиёратгоҳи кимнинг охират манзили саналади? Шу ҳақида қисқача тўхталишни лозим деб топдик.

    Тарихий манбалардан маълумки, қадимги Хоразм икки жўғрофий бирлик: жанубий ва шимолий минтақадан иборат бўлган. Шимолий минтақада марказ Кот шаҳри саналса, жанубий ҳудудда Гурганж пойтахт ҳисобланган. Бироқ турли қарама-қаршиликлар, жанг-суронлар натижасида Ҳазорасп қалъаси ҳам маълум муддат хоразмшоҳлар учун пойтахт вазифасини ўтаган. Бу ҳақда бир қанча тарихий битиклар, жумладан, С.П.Толстовнинг “Древний Хорезм” ва Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарларида аниқ далиллар келтирилади.

    Шарқшунос олим, мархум Абдулла Аҳмедов, Рўзимбой Оллоёров ва Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Абдуллаевларнинг изланишлари натижасида маълум бўлишича, подшоҳ Абу Муҳаррам Муҳаммад Музробшоҳ Хоразмий Ҳазорасп шаҳрини 745-775 йилларда ўзига пойтахт қилади. У 705 йилда пўстиндўз ҳунарманд оиласида туғилади. Унинг отаси Муҳаммад Мурод қўй териларидан чиройли пўстинлар ва сур телпаклар тикиб, халқ ҳурмат-эътиборини қозонган моҳир уста бўлган.

    Уларнинг оиласи ўз ихтиёрлари билан биринчилардан бўлиб ислом динини қабул қилади ва Муҳаммад алайҳиссалом пок суннатларини ўзларининг холис эътиқодларига айлантириб, бошқаларни ҳам бу ҳақ йўлга даъват қилганлар. Болаликдан ақл-фаросатли бўлиб ўсган Муҳаммад Музроб жисмонан бақувват йигит бўлиб етишади. У ов қилишга, айниқса, балиқ овлашга жуда қизиқар эди. Шу сабабли бўлса керак, ривоятларда айтилишича, Абу Муслим кўпинча Музробшоҳга “Чавақхўр Хоразмий”, деб ҳазиллашар, Музробшоҳ бундан ичида ранжиса ҳам ўз хафачилигини ошкор этмас экан.

    Ўз даврида Хуросонда умавийларга қарши авж олган Абу Муслим кураши сафида Музробшоҳ ҳам фаол ҳаракат қилиб, аббосийларнинг ҳукмронликни қўлга киритишига муносиб хизмат қилган. Аммо аббосийлар Абу Муслимнинг хизматларига муносиб жавоб қайтармайди: унинг кучайиб кетишидан қўрқиб, алдаб Бағдодга чақиртириб, бошини танасидан жудо қилади.

    Айтишларича, Абу Муслимнинг жасади Музробшоҳ томонидан ўз салтанати ҳудуди саналган Дарғонота (ҳозирги Туркманистон)га олиб келиб дафн қилинади. Минг йиллардан буён у дафн қилинган жой мусулмонларнинг табаррук зиёратгоҳи бўлиб келяпти.

    Хоразмда яшаб умргузаронлик қилган Питнак саййидлари деб эътироф қилинган шажара айнан Абу Муслимга бориб тақалади. Бу авлодга мансуб кишиларнинг кўпчилиги XVIII асрда воҳада юз берган қаҳатчилик туфайли Бухоро амирлигининг Қоракўл туманига кўчиб ўтгани айрим манбаларда қад этилади. Шарқшунос Абдулла Аҳмедов академик Иброҳим Мўминовни Питнак саййидларининг Қоракўлга кўчган қавмининг фарзанди эканини ўз мақолаларида таъкидлаб ўтган эди.

    Музробшоҳ моҳир саркарда, ислом дини ҳимоячиси, халқпарвар инсон бўлиш билан бирга садоқатли дўст ҳам бўлганлиги ривоятларда келтирилади. Унинг Абу Муслим жасадини ғанимларига хор қилдирмасдан ўз юртига олиб келиб, иззат-ҳурмат билан дафн қилдиришининг ўзи – дўстига бўлган ҳурматининг рамзи эди. Айтишларича, душманларидан кўп азият чеккан кишилар Музробшоҳ қабрини уч марта зиёрат қилса, улардан қутулар экан. Шунингдек, ул зотнинг руҳидан зиёратга келгувчи йигитларга ҳиммат истионатлар етишади, дейишади. Айниқса, бирор ҳунарни ўрганишни кўнглига мақсад қилиб юрган йигитлар Шоҳпирни зиёрат қилса, ўша ҳунарни тез ўрганиб, ўзлаштириб, ҳалол ризқ топа бошлар экан.

    Муҳаммад Музробшоҳ 730 йилда амакиси Султон Муҳаммад ибн Довуд вафот этгач, унинг вориси сифатида Амударёнинг чап соҳилидаги Хоразм тахтини эгаллайди.

    Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида бу даврларда Хоразмда нотинчликлар юз бергани ҳақида маълумот беради. Ҳатто ака-укаларнинг тожу тахт учун бир-бирига қарши қаттиқ кураш олиб боргани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд. Ана шундай вазиятда Абу Муҳаррам Музробшоҳ Ҳазораспни пойтахт қилиб танлаган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки бу қалъа ўзининг мустаҳкамлиги билан дунёга танилган эди.

    Бизга маълумки, бу даврда дарёнинг ўнг соҳилидаги Кот қалъасида африғий хоразмшоҳлар сулоласи ҳукмронлик қилар эдилар. Кот ва Ҳазорасп шаҳарлари ўртасида дўстона маданий-иқтисодий алоқалар, фаол савдо-сотиқ йўлга қўйилган эди. Борди-келди, асосан, сув йўли орқали бўлганлиги сабабли ҳар икки давлатда ҳам кемасозлик ривожланган бўлиб, тажрибали дарғалар, 10-12 эшкакчилар ва солдовчиларга эга бўлган катта-катта кемалар ясалар эди. Бундай йирик кемаларга юзлаб одамлар ва от-аравалар жойлашиши мумкин бўлган. Дарёдан кечиб ўтиш жойларидан махсус жиҳозланган порт-гузарлар ва хизмат кўрсатувчи гузарбонлар фаолият кўрсатганлар. Ҳазораспда илм-фан, маданият жуда ривожланган.

    Маърифатли, ватанпарвар, адолатли подшоҳ Муҳаммад Музробшоҳ 775 йилда Ҳазораспда вафот қилади ва уни шаҳарнинг қадимий бош қабристонига дафн қиладилар. Шоҳнинг хурмати учун бу муқаддас маскан халқ орасида эъзозланиб, Шоҳбобо, Ҳазрати шоҳ ва Шоҳпир номи билан машҳур бўлади. Абу Муҳаррам Муҳаммад Музробшоҳ Хоразмий ҳазратларига халқ томонидан “Шоҳпир” унвони берилишига у кишининг тасаввуф тариқатининг ҳазрати Али ибн Абу Толиб асос солган футувват (жавонмардийлик) тариқатини тарқатиб, минглаб муридларни ўз сафларига эргаштириб олганликлари сабаб бўлган эди.

    Шоҳбобо-Музробшоҳ Хоразмийнинг қабри устига ўз даврида мақбара қурдирган ва йиллар ўтиши оқибатида бу мақбара бузилиб кетган. Ушбу мақбара ўрнига XVII аср ўрталарида 1655 йил Абулғозихон буйруғига асосан янги мақбара қурилган. Мақбара атрофи қабристон ва унинг қибла, яъни жануб томонида 2000 нафар намозхон ибодат қилиш имконияти мавжуд жомеъ масжиди ҳам қад ростлаб турибди.

    Ҳар бир ҳудуднинг ўз “лангари” бўлади, дейишади. Ҳазораспликлар Шоҳпирни маконимиз лангари деб эътироф қилишади. Ҳазорасп қалъасининг жануби-шарқий томонида жойлашган “Шоҳпир” қабристонида мангу ором олаётган Абу Муҳаррам Муҳаммад Музробшоҳ Хоразмий ҳазратлари халқимиз томонидан авлиё сифатида эъзозланиб келинмоқда.

    Табаррук зиёратгоҳ мустақиллик шарофати билан қайта таъмирланди. Ҳозирги кунда бу муқаддас даргоҳни сайёҳлик маршрутига киритиш масаласи борасида бош қотириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Чунки жонажон республикамиз ва хорижий мамлакатлардан сайёҳлар, зиёратчиларни жалб этиш фақат оғизда бору амалда сароблигича қолиб кетмоқда. Ҳазорасп туманида сайёҳларга сервис хизмати кўрсатиш намунали даражада ташкил қилинса, етарлича шарт-шароитлар яратилса, айни муддао бўлар эди.

    Эрпўлат БАХТ,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates