Икки ойда ноқонуний равишда Умра тадбирларини ташкил этган 20 га яқин турфирмага чора кўрилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда Ҳаж ва Умра зиёратларини қонунга хилоф равишда ташкил этишнинг олдини олиш мақсадида текширувлар ўтказилди. Натижада, аниқланган ҳолатларни тартибга солиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Умра лицензиясига эга бўлмасдан хизмат кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Умра фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 24 та турфирмада эса текширув ўтказилиб, уларнинг 19 тасига 75 млн сўмдан жарималар қўлланилди. Шундан 5 таси «Реклама тўғрисида»ги қонунчиликка асосан Рақобат қўмитасига ва Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний кўриб чиқиш учун юборилди.
Дин ишлари бўйича қўмита ушбу хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлар кўрсатиши ҳамда фуқароларни Саудия Арабистонига умра визасиз юбориш тақиқланишини эслатмоқда.
Фуқаролардан Умра сафарига боришдан олдин ҳар қандай «турфирма»нинг қўмита томонидан тақдим этилган «Умра лицензияси» мавжудлигини суриштириш, кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмаслик учун ишончли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Бундан ташқари, Ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.