Қалб кўзим асраган ҳақиқат – Ватан!

    Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Қизил ва яшил” асари тақдимоти бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари, таниқли ёзувчилар, адабиётшунослар – Эркин Аъзам, Абдусаид Кўчимов, Қулмон Очил, Абдуқаюм Йўлдошев, Нурбой Жабборовлар сўзга чиқиб, муаллифнинг ижодий фаолияти ҳамда у тилга олган мавзуларнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга уйғун ўзгача руҳияти борлигини алоҳида таъкидлашди.

    Ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг ҳикоя ва қиссаларида зиддият кўпинча зоҳирий эмас, ботиний бўлади. Қаҳрамонлар асосан бир-бири билан эмас, балки ўз-ўзи билан курашади. Бу маънавий-маърифий курашлар замиридаги нозик ҳиссиётлар ҳар қандай киши қалбини ларзага солади: “О, сеҳрли куй! Неча асрлардан буён қанча-қанча одамларнинг юрагини зирқиратасан? Не-не тошбағирларни мумдай эритмадинг! О, буюк халқ! Она халқим! Сенинг бетимсол даҳонгга таъзим! Минг бор тасанно! Шу куйларинг, шу сеҳркор мўъжизаларинг бўлмаганда, фарзандларинг ҳам шу қадар мулойим, одамохун, бағри кенг бўлармиди! Минг бор қуллуқ сенга, она халқим!” дейди ёзувчи “Чўли Ироқ” номли ҳикоясида.

    Янги китобда ёзувчи Маматқул Ҳазратқуловнинг турли йилларда ёзилган асарларидан саралаб олинди. Уларда ёшларнинг жўшқин муҳаббати, висол лаззати-ю, инсон ҳаётида дуч келадиган синовлар, уларни енгиб ўтиш йўллари ҳақида ҳикоя қилинади.

    – Хаёлимдан ўткан, қалб кўзим билан кўриб турган воқеаларни китобхонлар билан бўлишгим келди, – деди муаллиф Маматқул Ҳазратқулов. – Албатта, асарда келтирилган воқеларни ўз ҳаётимдан бир томчидир, дейиш мумкин. Улар батафсил ёзиладиган бўлса, неча жилдлик китоб бўлади. Ҳозирча шулар билан кифояланайлик.

    Китоб аввалида адибнинг болалик йиллари, катта ҳаётга, журналистика ва адабиёт оламига кириб келишидаги қийинчиликлари тўғрисида унинг ўзи битган сўзбоши берилган. Унда “Чўли ироқ”, “Ёмғир ҳиди”, “Соғинч”, “Қизил ва яшил” каби ҳикоялар ва “Интизор”, “Эшиклар очиқ”, “Бир тилим қовун”, “Меҳр кўп кўргуздим...” қиссалари ўрин олган.

    Ушбу китоб “Ғафур Ғулом” нашриётида чоп этилган бўлиб, унга Ҳабиб Абдуназар муҳаррирлик қилган. Эшитганмисиз, инсоннинг кўнгли қаримайди, деган гап бор. Дарҳақиқат, одам боласи ўзини доимо ёшдай ҳис қилади. 75 ёшни қаршилаган муаллиф ҳам асар орқали босиб ўтган умр йўлларига назар солади. Ундаги машаққатлар, роҳат-фароғатлар, ўринли-ўринсиз баҳс-мунозаралар, соғлигу ғам-ташвишларни таҳлил қилади.

    Тақдимотда баҳс-муноразалар қизғин кечди. Турфа таклифлар, илиқ фикрлар билдирилди. Умрнинг олтин фаслида тақдим этилган ушбу асарга бўлган эътибор ва эътирофлар ёзувчи кўнглини тоғдек кўтарди. У ўз миннатдорлигининг изҳори сифатида анжуманда иштирок этган барча ижодкорлар ва адабиёт ихлосмандларига янги китобидан улашди.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates