Қалбимизу руҳимизга кўзгу тил

    Таълим 18 октябр 2021 1531

    Она тили - муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. У орқали дунёни танийди, кашф этади, жамиятда ўз ўрнини топади. Дарҳақиқат, тил - инсоннинг миллий ва маънавий бойлиги ҳисобланади. Тил - она алласи орқали кириб, инсоннинг руҳиятига миллийликни сингдиради. Тил - миллатнинг кўзгуси бўлиб, унда тарих - ўтмиш ва келажак жонланади. «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур» - дея эътироф этади Абдулла Авлоний.

    Ўзбек тили тараққиёти бугунги кунга қадар жуда катта тарихий йўлни босиб ўтган. Тилимизнинг илк намуналари Ўрхун-Энасой битикларида учрайди. Улардаги ёзувларда акс этган тилимиз қадимги туркий тил ҳисобланади.

    XI-XII асрларда мамлакатимиз ҳудудида эски туркий тил шаклланади. Бу даврда яратилган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари эски туркий тильда ёзилган бетакрор ва нодир асарлардан ҳисобланади. «Девону луғотит турк» асари нафақат бадиий, балки илмий, ижтимоий аҳамиятга эга асардир. Худди шу даврда Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билик», Хўжа Аҳмад Яссавий «Ҳикматлар», Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибатул ҳақойиқ» асарлари юзага келадики, бу асарлар эски туркий тильда ёзилган адабиётнинг юксак намуналаридир.

    XIV-XV асрлар эски ўзбек адабий тили ривожланиши Лутфийнинг беназир сатрлари, Саккокийнинг гўзал ғазаллари билан боғлиқ. Ўша даврда форс - тожик тилининг бойлиги ва мафтункорлигини мадҳ этганлар Алишер Навоий туркий ғазаллари олдида бош эгди. Алишер Навоий тилимизнинг гўзал, жуда бой тил эканини исботлаб берди. Бу ҳақда Абдурауф Фитрат шундай эътироф этади: «Навоий...туркий тилининг адабий ҳамда бой тил эканини билдирмак учун ўзининг «Муҳокамат-ул луғатайн» деган асарини ёзиб чиқарди».

    Чунки топтим ул калом ичра камол,
    Турк алфози била сурдум мақол…
    Турк назмида чу мен тортиб қалам,
    Айладим ул мамлакатни якқалам…

    Алишер Навоийнинг бу соҳадаги ишларига Султон Ҳусайннинг ўзи ҳомийлик қилиб, қўллаб-қувватлаган ҳамда махсус фармон билан ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳам берган эди. Туркийдаги бетакрор ғазалу рубойилари, ўлмас «Хамса» асари Навоийни сўз мулкининг султони деган юксак эътирофга сазовор қилди. Чунки ҳеч бир шоир, Алишер Навоий каби ўзбек тилининг тараққиётига, унинг бутун дунёга танитишдек буюк заҳматни амалга ошира олмади.

    Навоий айнан ўзбек тилида 26 035 сўзни қўллаб, Шекспирдан 6 мингта, Жомийдан 10 мингта, Пушкиндан 5 мингтадан ортиқ сўз ишлатди. Навоийдан сўнг Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Турди Фароғий, Муқимийлар ҳам эски ўзбек тилининг тараққиётига беқиёс катта ҳисса қўшдилар. Айнан юқоридаги беназир шоирларимизнинг туркий ғазаллари, туюқлари, рубоийлари орқали биз ўз тилимизни нақадар жозибадор эканини ҳис қиламиз.

    Бир миллатни йўқ қилиш учун унинг тилини йўқ қилиш кифоя. Тилни йўқ қилиш маънавиятни йўқ қилиш билан баробардир. Тилимизга эътибор сусайиб бораётганлиги ҳақида Абдулла Авлоний ўзининг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобидаги «Ҳифзи лисон» мақоласида: «Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонликлар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз», — дея бонг уради. Жадидлар миллий тилни асрамоқ борасида кўп ишларни амалга оширишга ҳаракат қилишсада, бу саъй- ҳаракатлар бесамар кетади. Фақатгина 1989 йилда ўзбек зиёли қатлами она тилимизни ёқлаб овоз берганлари туфайли миллатимиз она тили мақомини, ўзбек тили мақомини қайта тиклади.

    1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Олий Кенгашининг XII сессиясида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинди. Бу Қонун мустақиллик арафасида турган давлатимиз ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб тарихга кирди. 1990 йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Кенгашининг 101-сонли қарори билан ушбу Қонунни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланди.

    Шу боисдан Давлат Дастурида «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул этилган кун 21 октябрда ҳар йили «Тил байрами» бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонлана бошланди.

    Биринчи қабул қилинган Қонун 30-моддадан иборат бўлиб, аввал ўзбек тилининг қадр-қимматини, ҳуқуқини, ўрнини тиклаш учун хизмат қилди. Қонуннинг 1-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили - ўзбек тилидир» деб кўрсатиб қўйилди.

    Ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулки бўлиб, унинг равнақи, қўлланиши ва муҳофазасини таъминлашга оид барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий доирасига кириши ижтимоий мавқеини кучайтирди, она тилимизнинг ижтимоий мавқеи кенгайтирди. Ўзбек тилининг тараққиёти ва истиқболи тўғрисида ғамхўрлик қилиниб, бир қанча қарорлар қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикасининг барча корхона, муассаса ва ташкилотларида иш юритиш давлат тилида олиб борилади, бу эса халқимиз учун енгилликлар яратади.

    Ўзбекистон Республикасининг барча таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар давлат тилида ўқитила бошланди.

    Республика миқёсидаги энг йирик анжуманлардан кичик йиғилишларгача давлат тилида олиб борилади, — деб кўрсатилиши ўзбек тилининг салоҳиятини янада оширди.

    1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг «Давлат суверенитети» ҳақидаги 1-бобининг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», — деб белгилаб қўйилди.

    1993 йил 2 сентябрда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» Қонун қабул қилиниши ватанимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида оламшумул аҳамият касб этди. Янги алифбога киритилган ўзгаришлар асосида «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари» ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1995 йил 24 августда тасдиқланди. Давр тақозоси билан «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга ҳам айрим ўзгаришлар киритилди ва 1995 йил 21 декабрида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни эълон қилинди. Бу Қонун 24 моддадан иборат. 1996-1997 ўқув йилидан мактабнинг 1-синфи янги алифбони ўргана бошлади. Давлат тилини ўрганиш, унга амал қилиш табиий эҳтиёж ва заруратга, ҳатто англанган мажбуриятга айланиб боряпти.

    Ўзбек тилида тўғри, ифодали сўзлаш ва ёзиш, она тилимизнинг софлиги ва бойлиги тўғрисида тинмай ғамхўрлик қилиш, унинг истеъмол доирасини кенгайтириш давлатимиз фуқароларининг бурчи саналади. Хусусан, ҳар бир ёш ва ўқувчи ўз она тилидаги сўз бойлигини ошириш ҳамда тил имкониятларидан ўринли фойдаланишга доимо ҳаракат қилиши лозим.

    Сўз — фикр қуролидир, киши қанчалик кўп сўз билса, унинг фикрлаш доираси, дунёқараши ҳам шунчалик кенг бўлади. Замонамиз олими Ғайбулла ас-Салом шундай ёзади: «Она тилида фикрлашга, тоза гапиришга, нутқингизни ҳар хил ёт унсурлардан сақлашга ҳаракат қилинг. Қаерда ва ким бўлмасин, она тили камситилишига йўл қўймасин. Тил мавсумий либос эмаски, об-ҳавонинг ўзгаришига қараб алмаштирилса, Онаизор, Ватан, миллат ҳар бири биттадан, Она тили ҳам битта. Агар ўз халқингиз орасида гунгалак-соқов ва ёт бўлишни истамасангиз, она тилини пухта ўрганинг. Бошингизга кўтаринг. Киши бошқа тильда билимли бўла олади, аммо фақат ўз тилида бекаму-кўст бўлиши мумкин».

    Бугунги кунда мамлакатимизда Давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларни ўқитиш ҳам кенг йўлга қўйилган. Республикамизнинг турли вилоятларида қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, рус тилига ихтисослашган мактаблар фаолият юритади. Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 2-моддасида «Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди», — деб белгилаб қўйилган.

    Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилларига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.

    Насибахон Ибодова, ТИҚХММИ Бухоро филиали ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ассистенти.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates