Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат байроғини баланд тутган гуруҳлар Қарши шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб марш юришди.
Бўйи 20, эни 10 метрлик улкан байроқ ва яна юзлаб давлат рамзларини саф тортиб, ғурур билан олиб ўтаётган ҳарбий хизматчиларни кузатаётган шаҳар аҳли ҳамда ёшлар дилида рамзимизга нисбатан ҳурмат, ватанпарварлик ҳислари жўш ургани аниқ.
Кўплаб ёшлар ҳам сафларда қўлларида юрт рамзини баланд тутиб, шижоат билан ўтдилар.
Шундан сўнг, вилоят мусиқали драма театри биноси олдидаги кенг саҳнада тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Сўз олганлар, давлат байроғининг яратилиш тарихи ҳақида тўхталиб, унинг юксалиши юрт қадрининг улуғланишига тенг эканини алоҳида таъкидладилар. Ёшлар томонидан байроқ ҳақида шеърлар ўқилди, санъаткорлар қўшиқлар куйлашди, рақслар ижро этилди.