Осиё қитъасининг энг нуфузли футбол турнири Осиё кубоги-2023 финал ўйинлари жорий йилнинг 16 июнь – 16 июль кунлари Хитойда ташкил этилиши лозим эди. Бироқ ушбу давлат коронавирус билан боғлиқ ҳолат сабаб ўтган йилнинг май ойида мусобақа мезбонлигидан воз кечди. Шу боис турнир 2024 йилнинг январь ойида Қатарда ташкил этиладиган бўлди.
Куни кеча Осиё кубоги-2023 баҳсларини қабул қиладиган стадионлар номи эълон қилинди. Рўйхатдан “Al-Janub”, “Al-Bayt”, “Ahmad bin Ali”, “At-Tumama”, “Edukeyshn Siti”, “Xalifa”, “Jassim bin Hamad”, “Abdullo bin Xalifa” стадионлари жой олган.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада 24 жамоа иштирок этади. Улар Австралия, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Вьетнам, Гонконг, Жанубий Корея, Ироқ, Индонезия, Иордания, Ливан, Малайзия, Саудия Арабистони, Сурия, Тожикистон, Таиланд, Уммон, Фаластин, Хитой, Эрон, Япония, Ўзбекистон, Қатар, Қирғизистон, Ҳиндистон терма жамоалари.
Ўзбекистон учинчи саралаш босқичи орқали турнир йўлланмасини қўлга киритган.