баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Қишлоқ эмас, эртакнамо маскан

    Туризм 2 декабр 2021 161

    Чўпонота тепалиги этагида жойлашган қишлоқ Самарқанд қоғози, ёғжувоз, кулоллик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандлик анъаналари давом этиб келаётган ҳудуд саналади.

    Юртимиз тараққиётидаги стратегик йўналишлардан бири сифатида баҳоланаётган туризм соҳаси ривожида тизимли ишлар амалга оширилаётгани нафақат давлат иқтисодиётига катта фойда келтириши, балки қишлоқ жойларда аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши, қўшимча иш ўринлари яратиши билан ҳам аҳамиятли. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси ҳудудларнинг янада обод бўлишига, аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилмоқда.

    Ўлкамизда гўзал ва сўлим гўшалар, асрларни қаритган нодир тарихий ёдгорликлари билан сайёҳларни ўзига жалб этиб келаётган, тарихий-маданий ресурсларга бой манзиллар бисёр. Туризмга оид махсус мақом берилишига қаратилган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларнинг азалдан сақланиб қолган моддий ва маънавий меросини сақлаш ҳамда ҳудудларда туризм хизматларини ривожлантириш орқали хорижий сайёҳларни кенг жалб қилишдир. 

    Албатта, бу борадаги ишлар иқтисодий фойда келтириши билан ҳам устуворликка эга. Масалан, «туризм қишлоғи» мақомига эга бўлиш учун фуқаролар йиғини ҳудудида камида йигирмата оилавий меҳмон уйи мавжуд бўлиши, сайёҳларга турар жой ва овқатланиш хизматларидан ташқари яна камида беш турдаги сифатли туристик хизмат кўрсатилиши шарт. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариладиган эсдалик совғалар сотиладиган савдо шохобчаси бўлиши ҳам талаб этилади. Табиий иқлим шароити ва ҳолати юқори даражада бўлиши, қўшимча кўнгилочар масканлар, автомобиль йўллари, транспорт алоқаси каби барча инфратузилмалар мавжудлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

    — Бундай мақомга эга бўлган фуқаролар йиғини учун бир қатор имтиёзлар мавжуд. Хусусан, улар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига биринчи навбатда киритилади, — дейди Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Лола Закирлаева. — Сайёҳларга хизмат кўрсатадиган аҳоли бепул ўқитилади. Маҳалла ҳудудидаги диққатга сазовор манзиллар оммавий ахборот воситаларида бепул тарғиб қилинади. Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлар ҳисобидан маҳаллий сайёҳлик кўргазмалари ҳамда бошқа зарур материаллар тайёрланади. Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди туризм нуқтасига айланса, мамлакатимизнинг дунёдаги мавқеи янада юксалади. Шунингдек, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, ҳудудлар ободонлигига эришилади.

    Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғига юртимизда биринчилардан бўлиб туризм қишлоғи мақоми берилган. Чўпонота тепалиги этагида жойлашган қишлоқ Самарқанд қоғози, ёғжувоз, кулоллик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандлик анъаналари давом этиб келаётган ҳудуд саналади. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар бу ердаги ўзгача, қадимий анъаналаримизни акс эттирувчи ҳунармандлик, этнотуризм, агротуризм, гастрономик ва бошқа туризм марказлари билан яқиндан танишади, тарихий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёнларига гувоҳ бўлади. Лойиҳа сабаб азалдан ҳунармандлар маскани бўлган қишлоқнинг инфратузилмаси янада яхшиланиб, биноларнинг тарихий қиёфаси тикланди ҳамда маданий-кўнгилочар дастурлар ташкил этиш учун имконият яратилди. Меҳмонларнинг табиат қўйнида дам олиши ҳамда сайр қилиши учун Сиёб ариғи бўйида пиёдалар йўлаги, дам олиш масканлари, меҳмон уйлари, овқатланиш шохобчалари очилди.

    Конигилда кўплаб ҳунармандлик ва хизмат кўрсатиш маскани ишлаб турибди. Қишлоқда меҳмонлар учун Самарқанд нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиладиган новвойхона мавжуд. Ҳунармандларнинг савдо шохобчалари доим харидорлар билан гавжум. 

    Меҳрожиддин Бобомуродов истеъдодли кулоллардан. Унинг устахонасида оддий лойдан санъат асарлари яратилишини кузатиб, ҳайратланасиз. Теракота ва сирланган идиш-товоқлар, турли рўзғор буюмлари, эртак-афсона қаҳрамонларининг асосий иштиёқмандлари — сайёҳлар.

    — Қишлоғимизга туризм қишлоғи мақоми берилиши ҳунармандлар учун айни муддао бўлди, — дейди Меҳрожиддин Бобомуродов. — Сайёҳлар оқими кенгайиб, қўлда ясалган буюмларга талаб ортаётганидан хурсандмиз. Ҳунармандлик мактабимизга бугунгача Туркия, Россия, Япония, Қатар ва яна бошқа кўплаб мамлакатлардан қизиқувчилар келиб тажриба алмашишди. Ўзимиз ҳам дунёнинг турли давлатларига бориб кўргазмаларда иштирок этиб келяпмиз. Бизнинг кулоллик йўналишимиз Афросиёб услуби дейилади. Миллий қадриятларга таяниб, замонавий ва қадимий услубни мужассам этган ҳолда маҳсулот яратишга ҳаракат қиламиз.

    Оилавий асосда кулоллик билан шуғулланаётган Бобомуродовларга Сиёб ариғи ёқасидан ер ажратиб берилиб, бу ерда устахона қурилди. Айни пайтда ушбу мўъжаз даргоҳ хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

    Конигилда ташкил этилган меҳмон уйлари сайёҳларни халқимиз ҳаёти, урф-одатлари, маданияти билан танишиштиришда катта аҳамиятга эга. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос яшаш ва турмуш тарзи, миллий ўйинлари, чолғу асбоблари, ҳунармандлик анъаналари мавжуд бўлиб, этнотуризм айнан ушбу қадриятлар билан яқиндан танишиш имконини беради. Таъкидлаш жоизки, меҳмон уйлари сайёҳларни қабул қилувчи оилаларнинг турмуш фаровонлигига ҳам ҳисса қўшади.

    — Меҳмон уйлари ташкил қилишга қизиқишим баланд эди, — дейди Конигилда яшовчи Содир Азимов. — Чет эллик сайёҳларни урф-одатларимиз, миллий таомларимиз билан таништирганда улар чеҳрасидаги ҳайрат ва ҳавасни кўриб завқ оламан. Туризм қишлоғи мақоми маҳалламизни янада ободонлаштиришга олиб келди. Қувонарлиси, кўпчилик ишли, рўзғори бут бўлди.

    Мазкур соҳадаги ишлар юртимизнинг бетакрор ва ранг-баранг сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг тараннум этишда муҳим ўрин тутади. Туризм қишлоғи, овули, маҳалласи сабаб бугун бу манзиллар шу қадар чирой очмоқдаки, улар эртакнамо, кўзни қувнатувчи масканларга айланмоқда.

    Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларидаги жами йигирмата қишлоққа мана шундай мақом берилиши юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу дегани, шунча манзил обод, халқининг ҳаёти эса янада фаровон бўлади.

    Феруза Жўраева,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    January 2022
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates