Учрашув аввалида Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ юкини камайтириш, божхона тўловларини енгиллаштириш ва инвесторлар ҳуқуқларини қонунчилик билан ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотлар, 2030 йилга қадар давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури тўғрисида тақдимот ўтказилди.
“OneRoad Group” компанияси вакилига Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этиш ва қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Амирликлар томони ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ўзгариш ва кенг кўламли ислоҳотларни кузатиб бораётганини ҳамда мамлакатимиз бозорида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш мавжудлигини таъкидлади.
Хусусан, Чэньлинг Жанг Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиб, уларни қайта ишлаган ҳолда реэкспорт қилиш мумкинлиги маълум қилди.
Томонлар ушбу йўналишдаги ишларни бошлаш мақсадида мазкур компания ва Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси вакиллари ўртасида алоҳида учрашув ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.
Музокаралар якунида “OneRoad Group” компанияси бош ижрочи директорига юртимиз имкониятлари тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлиш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида жорий йил 13-16 октябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “Ўзбекистон – БАА” бизнес-форумида иштирок этиш таклифи билдирилди, деб хабар беради “Дунё” АА.