Лого Лого-пв-уз

    Қишлоқ хўжалигидаги лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди

    Ҳукумат 27 апрел 2022 1732

    Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда таълим сифатини яхшилаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

    Қишлоқ хўжалиги халқимиз ризқ-рўзи, иш ўринлари ва даромад манбаи. Сўнгги беш йилда бу соҳага 2 миллиард 500 миллион доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Ҳозиргача шундан 1 миллиард 700 миллион доллари ўзлаштирилиб, 4 мингга яқин лойиҳа амалга оширилган. Жумладан, замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар, кўчатчилик хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар ташкил этилган.

    Йиғилишда халқаро молия институтларидан жалб этилган маблағларни самарали йўналтириш, лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

    Бугунги кунда умумий қиймати 400 миллион долларлик 580 та янги лойиҳа шакллантирилган. Лекин кредитлар муддати қисқалиги ёки мутахассислар етишмаслиги сабабли уларни амалга ошириш кечикмоқда.

    Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига лойиҳаларни ўзи ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати юклатилди.

    Хусусан, жорий йилда 6 та вилоятда қарийб 2 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиши, жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика маркази ишга туширилиши режалаштирилган. Улар тадбиркорларга тайёр ҳолда, лизинг асосида сотилади.

    Давлатимиз раҳбари соҳада хизматларни ривожлантириш, экинлар ҳисоби ва сув сарфини онлайн мониторинг қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

    Бу йил Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар маркази ташкил этилиб, 100 дан ортиқ хизматлар йўлга қўйилиши қайд этилди. Бу марказларда замонавий лабораториялар бўлади, хорижий мутахассислар жалб қилинади. Лойиҳалар бўйича маблағларни бошқариш, ерлар ва экинлар ҳисоби, суғориш ишлари ва ҳосилдорлик электрон тарзда кузатиб борилади.  

    Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар бир вилоят кесимида алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиб, уларнинг ижросини жойида ташкил этиш вазифаси қўйилди.

    Йиғилишда аграр соҳада таълим сифатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

    2022-2023 ўқув йилидан Халқаро қишлоқ хўжалиги университети иш бошлаши режалаштирилган. Президентимиз у ерга чет эллик ўқитувчиларни жалб қилиш, маҳаллий мураббийларнинг малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

    Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетига 17 миллион доллар кредит ва грант жалб қилинган. Бунинг ҳисобига университет лабораторияси 129 турдаги замонавий асбоб-ускуна билан жиҳозланади, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, механизация, озиқ-овқат саноати каби 20 та йўналиш бўйича янги тажриба участкалари ташкил этилади, хорижий мутахассислар жалб қилинади.

    Давлатимиз раҳбари соҳа учун ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ҳам муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун олий таълим билан коллеж ва техникумларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш керак. Шу боис мутасадди вазирликларга ўрта махсус ўқув дастурлари, дарсликлар ва амалиёт тизимини соҳа корхоналари талаблари асосида қайта кўриб чиқиш топширилди.