Қиёматли қуролдош дўстлар

    Жангга киришдан олдин, Самарқанга эсон-омон қайтамиз дея аҳдлашиб олдик

    Гирдиқўрғон – Каттақўрғоннинг шундоққина биқинида жойлашган Пайшанба шаҳарчаси таркибига кирувчи сўлим гўшалардан бири. Қорадарё бўйидаги жарликлар этагидаги боғу-роғлар Гирдиқўрғоннинг кўрки. Дарё бўйидаги қалин тўқайзорлар ҳам қишлоқнинг ўзгача тароватини ўзида акс эттириб туради.

    Мана шундай сўлим гўшада туғилиб ўсган Раҳмат бобо Қобулов ҳамда Райим бобо Юсупов Иккинчи жаҳон урушининг қонли сўқмоқларидан жонажон қишлоғининг соғинчи ила омон қайтди. Ёшлиги ана шу жарликлар этагида ўтказган икки нуроний отахонни қиёматли дўстлар бир умрга қиёматли дўстлар бўлиб қолишди.

    Жангга киришдан олдин, Самарқанга эсон-омон қайтамиз дея аҳдлашиб олдик

    – Райим билан болаликдан талашиб катта бўлганмиз. Айниқса ёзнинг жазирама кунларида Қорадарёнинг лойқа сувида чўмилиб, ким ўзарга сузганларимиз, тик жарликларга пойгалашиб чиққанларимиз асло ёдимдан чиқмайди. Хуллас, лойқа сувлар ва жарликлар бизни ўсмирлик даврида роса чиниқтирган. 1942 йил 17 ёшни қаршилаш арафасида фашист босқинчиларига қарши курашга отланиб, Ульяновск вилоятининг Кузнецк шаҳрида уч ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтдик. Душманга қарши жангга киришдан олдин, албатта Гирдиқўрғонга эсон-омон қайтамиз дея аҳдлашиб олдик...

    Воронеж шаҳри учун кечган жанглар олдидан 42-гвардиячи ўқчи полки таркибига келиб қўшилган полвон келбатли ўзбек йигити дарҳол командирлар эътиборига тушди ва разведкачилар бўлинмасига ўтказилди. Разведкачилар асосан тунда жанговар топшириқни бажарар, кундузи эса уларга дам бериларди. Бунинг устига разведкачилар камдан-кам ҳолларда, бўлинмани душман пайқаб қолгандагина ҳақиқий жангга киришарди. Кунларнинг бирида Раҳмат Қобулов ўзидан ёши бироз каттароқ бўлган лейтенатдан ишғол гуруҳига ўтказишни талаб қилди.

    – Командир, переведи меня штурмовую группу. А то без боя руки чешется. Фашистнинг онасини учқўрғонидан кўрсатай.

    – Ничего Кабулов. И так без боя выполняешь очень важную задании. Знаю, ругаешь фашистов. Терпи родной, будеть у тебя такой возможность.

    Раҳмат бобо хотиралари

    – Взвод командири билан бўлиб ўтган ушбу суҳбатда топшириқни бажаришдан бўйин товламагандим, – дея эслайди Раҳмат бобо ўз хотираларида. Аслида ўшанда кечаси резведкага чиққанлар қаторида кундузи дам олишдан, фронт чизиғининг олдинида жанг олиб бораётганларнинг ортида юришдан, жангларда қуролдош дўстларни йўқотаётгандан виждони қийналганди.

    Димацини ва Мали аҳоли пунктларини озод қилишдан олдин взводдаги йўқотишлар сабабли Раҳмат Қобулов ўзи хоҳлаганидек ишғол гуруҳига ўтказилади. Артиллериячиларнинг ҳужумидан кейин, душман траншеясига шердек отилиб борган каттақўрғонлик йигит милтиғи ёрдамида бешта фашистни ер тишлатди. Сонидан яраланганига қарамасдан, сафдан чиққан взвод командири ўринбосарининг вазифасини аъло даражада бажаришга киришди. Ўлжа сифатида қўлга киритган пулемёт ёрдамида жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатишга уринган босқинчиларнинг боплаб тазирини бериб, Мали қишлоғининг озод этилишида қаҳрамонлик кўрсатди. Жангдаги мазкур жасорати учун 1944 йилнинг 9 августида полк командирининг буйруғига асосан, III даражали “Слава” ордени билан тақдирланди.

    1945 йил 24 январь куни Раҳмат Қобулов хизмат қилаётган 13-гвардиячи ўқчи дивизия Одер дарёсини кечиб ўтиш жангларида қатнашди. Гвардиячи кичик сержант унвонини олган қаҳрамонимиз ўқ ва снарядлар ёмғири остида ўз бўлинмасини ҳужумга бошлади ва Линден аҳоли пункти фашист босқинчиларидан озод этилди. Кўрсатган мардлиги учун II даражали “Слава” ордени билан мукофотланди.

    1945 йилнинг 16 апрелида Берлин остоналарида шиддатли жанглар бўлиб ўтди. Фашист босқинчилари бор кучи билан қаршилик кўрсатар, гвардиячи кичик сержант Раҳмат Қобулов бўлинмаси эса бу қаршиликка қарамай фақат олға борарди. Натижада Одер дарёсининг ирмоқлари Нейсе ва Шпрее оралиғидаги Гросс-Дюбен аҳоли пунктида душманнинг аввалига биринчи, кейин иккинчи ҳимоя истеҳкоми ишғол қилинди. Раҳмат Қобулов ана шу жангда кўрсатган қаҳрамонлиги учун «Қизил юлдуз» орденига лойиқ топилди. Аслида полк командири подполковник Иван Половец ўзбекистонлик жангчини I даражали «Слава» орденига тавсия этса бўларди. Шунда “Слава” орденининг барча даражалари билан тақдирланган ўзбекистонликлар сони яна биттага ортарди. Аммо полк командири Раҳмат Қобуловнинг ҳар сафарги қаҳрамонлигин “Қизил юлдуз” орденига лойиқ топган.

    – Жангларнинг бирида фашистлар бомбардимони туфайли қаттиқ яраландим. Шерикларим йиқилганимни кўриб, ўлди деб ўйлаган экан. Бомба парчалари елкамдан пастроққа санчилибди. Кейинроқ овоз чиқарганманми ёки қимирлаганманми билмайман каттақўрғонлик Хуррам деган йигит кўриб қолган. Хуллас, Украинанинг Кременчуг шаҳридаги госпиталда тўрт ой даволаниб, сафга қайтгандим. Хуррам Катта минг томондан, Туғма қишлоғидан. Урушдан кейин уни топдим. У ҳам қиёматли дўстим бўлиб қолди.

    98 ёшда бўлишига қарамай Раҳмат бобонинг анча тетик, шу билан бирга хотираси ҳам кучли эканлигига қойил қолдик. У воқеалар кетма-кетлигидан чалғимас, ҳатто йил, ой, сана ва куннинг қайси вақтида, қаерда содир бўлганини аниқ-тиниқ эсларди.

    Раҳмат бобо Қобулов 5-гвардиячи армия таркибида 1 ва 2-Украина фронтларида Воронеж, Харьков, Полтава, Львов, Курск каби ўнлаб шаҳарларни, Украина, Руминия, Польша, Германия, ва Чехословакияни фашизмдан озод этишда қаҳрамонлик кўрсатди. Жангларда беш марта яраланди. Жасорати ва мардлиги учун II ва III даражали “Слава”, “Қизил юлдуз” орденлари ва қатор медаллар билан тақдирланди. Урушдан кейин ҳарбий хизматни 1949 йилга қадар Австрия пойтахти Вена шаҳрида давом эттирди. Жонажон юртига қайтиб келгандан кейин колхозда электр устаси бўлиб халққа хизмат қилди. Турмуш ўртоғи Муяссар ая Қобулова билан биргаликда 9 ўғил ва бир қизни вояга етказди.

    Раҳмат бобо узоқ умр кўришининг сабабини сўраган инсонларга шундай жавоб беради: – Пайшанба шаҳридаги 4-мактаб биноси олдида урушга сафарбар қилинган ҳамқишлоқларим, дўстларим ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Уларнинг қанча-қанчаси фронтдан қайтмади. Уруш туфайли юртимиз асл ўғлонларидан айрилди. Фашизм балоси халқимиз қалбига битмас жароҳат солиб кетди. Кўплаб ватандошларим жанггоҳларда кўз олдимда армон билан жон берди. Мен ўшанда улар учун ҳам яшашим кераклигини англаб етганман. Армон билан ўтган забардаст йигитларимизнинг порлоқ хотираси учун нафас олиб яшаяпман. Уларнинг қаҳрамонлигини ҳали анча вақт келгуси авлодларга етказиш менинг бурчим деб ўйлайман. Узоқ умр кўришимнинг сабаби шунда бўлса керак.

    Райим Юсупов уруш сўқмоқларига Харьков шаҳрини озод этиш жанглари билан кириб борди. Руминия, Венгрия, Австрия, Чехословакия, Германия учун бўлган қонли жангларда қатнашди. Бир неча марта яраланиб, яна сафга қайтди. Қиёматли дўсти Раҳмат бобо Қобулов сингари 1949 йилга қадар ҳарбий хизматни Руминияда давом эттирди. II даражали «Ватан уруши» ордени ва мардлиги учун бир қатор медаллар билан тақдирланган.

    Райим бобо дўсти билан аҳдлашгандек, жонажон юртига тирик қайтди. Фашист босқинчиларига қарши курашган уруш қаҳрамони тақдирига бир-биридан аччиқ қисматлар битилган эди. Жанггоҳларда қон кечиб, йигитлик даврининг энг гуллаган даврини йўқотган Райим бобони юртида машъум хабар кутиб турарди.

    Урушга кетган акасидан қора хат келган, ота-онаси эса икки фарзандининг фронтдан қайтишини кута-кута вафот этганди. Оиласидаги оғир жудоликни меҳнат билан енгиб ўтишга қарор қилган қаҳрамонимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олди ва колхозда аграном, бригадир лавозимларида фаолият кўрсатди. Турмуш ўртоғи Очилтош ая билан учта ўғил ва иккита қизни вояга етказди.

    Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган ўзбекистонлик жангчилар қаторида Раҳмат бобо Қобулов ҳамда Райим бобо Юсупов ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшгани бугуни ёш авлодга ўрнак бўла олади. Отахонлар ҳар доим Каттақўрғон гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, шунингдек фахрийлар, маҳалла фаоллари ва мактаб ўқувчиларининг эъзозида. Улар байрамларда Раҳмат бобо ҳамда Райим бобонинг хонадонида меҳмон бўлишади.

    Икки қиёматли дўст фронтда босиб ўтган суронли йиллар ҳақидаги ўз ҳикояларини ёшларга сўзлаб берар экан, бугунги осойишта ҳаётга шукрона келтириб, давлатимиз томонидан уруш фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун миннатдорчилик билдиришди. Нуроний отахонларнинг Ватан ҳимоячилари бўлмиш ҳарбий хизматчиларнинг шарафли касби-корига муваффақият ва ёшларнинг порлоқ келажагига омад тилаб қилган дуоларини тинглаб ўтириб биз ҳам бугунги фаровон турмушумизга шукрона келтирдик.

    Асрор РЎЗИБОЕВ,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates