Қизилтоғда сайёр қабул

    Бугун халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

    Ангрен шаҳрининг Қизилтоғ (Красногорск) шаҳарчасида 17 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу шаҳарча аҳолиси давлат хизматларини олиш учун 100 чақирим масофа босишига тўғри келади. Аммо Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига сайёр давлат хизматлари ва сайёр қабуллар кўрсатилаётгани бу каби оворагарчиликларга чек қўймоқда. Давлат хизматлари маркази ходимлари аҳоли вакилларининг муаммо ва дарду ташвишларини бажонидил тинглаб, жойида бартараф этишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

    Навбатдаги сайёр қабул “Толбулоқ”, “Саид ота”, “Ойдин” ва “Файзобод” маҳалла фуқаролари йиғинларида ўтказилди. Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари уйма-уй аҳоли билан суҳбат қилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни эшитди. Давлат хизматларининг мазмун-моҳияти, янги хизмат турлари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳам тарғибот тадбирлари олиб борилди.

    — Давлат хизматлари кўрсатиш борасида аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилмоқда, — дейди шаҳарчанинг Толбулоқ маҳалалсида истиқомат қилувчи Д. Махаматова. — Давлат хизматлари маркази ходимлари бизга бу борада батафсил маълумот бериб ўтди. Анчадан буён фарзандимни мактабгача таълим муассасасига жойлаш учун ариза бериш ниятида эдим. Оила ташвишлари билан бўлиб, марказга боришга вақт тополмаётгандим. Бугунги сайёр қабул давомида бу имкониятдан фойдаландим. Аризамни қабул қилишди, ишим тез битди. Авваллари ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзи бир муаммо эди-да. Бу каби доимий эътибордан биз аёллар жуда миннатдормиз.

    Сайёр қабул давомида шаҳарча аҳолиси бир қатор йўналишлар, жумладан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича навбатга қўйиш учун ариза бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланди. Шунингдек, пенсия тизимига ҳисобга кўйиш, кадастр соҳасидаги хизматлар бўйича 60 дан зиёд сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тўғрисида ҳам кенг қамровли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

    Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилаётган бундай сайёр қабуллар орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилаётгани, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари жойида ўрганилаётгани, аҳолининг ариза, шикоят ва таклифларини ўрганишда эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатларига барҳам бермоқда. Бу эса, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилади, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси Матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates