“Қўллаб-қувватлов учун барча ватандошларга улкан миннатдорчилик билдираман!..”  

    Суҳбат 24 сентябр 2020 2077

    Америка Қўшма Штатлардаги ҳамюртимиз Достонбек Тоиров билан суҳбат

    Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали ўзбекистонлик ёш дастурчи йигит Достонбек Тоировнинг АҚШдаги йирик компания – “Morgan Stanley” ширкатида амалиёт ўташни бошлагани, компания маъмурияти томонидан амалиётнинг илк кунида Достонбекка кутилмаган совға тайёрлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Унга кўра, Ню-Ёркнинг машҳур Таймс скверидаги улкан пешлавҳада ўзбекистонлик мутахассиснинг исм-шарифи ва сурати эълон қилинган.

    Кўп сонли қизиқувчилар истакларига биноан океан ортидаги ёш қаҳрамонимиз билан суҳбатлашдик. Достонбек ҳозирги кунда АҚШнинг Кентукки штатидаги Береа коллежи 4 босчиқида таҳсил олади.

    — Достонбек суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз?

    Мен 1998 йил Андижон вилояти Хўжаобод туманидан туғилганман. Ота-онам биз фарзандларнинг таълим ва тарбиямизга алоҳида эътибор қаратишган. Шу боис, 6 ёшимдан Андижон шаҳридаги 34 давлат ихтисослаштирилган мактабида ўқидим. Мактаб даврида ҳам уларнинг фанларни яхши ўзлаштиришимга нисбатан эътибори кучли эди. Ўқишга бўлган кучли қизиқишим, ота-онам ва устозларимнинг билим борасидаги кўмаги сабаб мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомладим. Сўнг Андижон давлат университети қошидаги 5 сонли академик лицейда таҳсил олдим. Ҳозирда Кентуккий штатидаги Береа коллежининг 4 йиллик бакалавр даражасини берувчи Компьютер ва ахборот фанлари, математика ва бизнес бошқаруви соҳалари бўйича тўлиқ грант асосида таълимни давом эттиряпман.

    — Яқинда эришган ютуғингиз ижтимоий тармоқларда анча илиқ кутиб олинди. Амалиётга қабул қилиниш жараёни ўзи қандай кечди?

    Кичик бўлсада, эришган муваффақиятим ватандошларимиз томонидан илиқ кутиб олинганидан бағоятда хурсанд бўлдим. Ҳалигача, қўнғироқ ва ижтимоий тармоқлар орқали юртдошларимиздан табрик хабарлари келиб турибди. Очиғи, бу ўзга юртда, мусофирчиликда мен учун катта далда бўлди, деб айта оламан. Фурсатдан фойдаланиб, қувончимга шерик бўлган барчага алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

    Саволингизга тўхталадиган бўлсам, “Morgan Stanley”га қабул қилиниш жараёни “Red Hat” компаниясида амалиёт ишимни якунлашга яқин бошлаганман. Яъни, “Morgan Stanley”да ишлайдиган танишим билан боғланиб тавсиянома олганман. Аризани топширганимдан бир ой ўтиб мени уларнинг Нью-Йоркдаги бош офисига интервьюга чақиришди. Интервьюда ширкатнинг икки вакили билан техникавий, хулқий ва шу каби бошқа мавзуларда савол-жавоб бўлди. Кейин бир ҳафта ўтиб, интервьюдан муваффиятли ўтганим тўғрисида қўнғироқ қилишда. Шу тариқа “Morgan Stanley”да амалиётни бошладим.

    — Ширкатдаги вазифаларингиз нималардан иборат ва ўзингизнинг режаларингиз қандай?

    Тўғрисини айтсам, “Morgan Stanley”да ички маълумот хавфсизлигини жуда жиддий олишади ва кўп маълумотларни кенг оммага тарқатишни ман этишади. Лекин ширкатда мен ишлаган лойиҳа ҳақида қисқача айтиб ўтишим мумкин. Мен компаниядаги Технология бўлимининг “Wealth Management” қисмида ишладим. Асосий вазифам ширкатнинг маслаҳатчилари ва мижозлари учун хизмат қилувчи CRM (Costomer Relationship Management) ички платформасида молиявий маслаҳатчиларни SEC (U.S. Securities and Exchange Commission) томонидан яратилган янги қоидаларга амал қилиши учун ёрдам берувчи янги функцияларни яратиш ҳисобланади.

    Аслида бу фақат амалий иш ҳисобланади. Аммо ширкат келлежни битирганимдан сўнг доимий ишлаш таклифини берган. Коллежни тамомлаб “Morgan Stanley”да ишлашни ният қиляпман.

    — Нима учун айнан АҚШда таҳсил олишга қарор қилгансиз?

    Андижонда ўқиб юрган кезларимдан қўшимча хорижий тилларни айниқса, инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилганман. Мақсадим, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида ўқиш бўлган. Береа коллежи ҳақида лицейнинг биринчи босқичида ўқиётганимда эшитганман ва айнан Береада ўқиш мен учун муҳим мақсадга айланганди. Лекин, летсейни тугатиб баъзи сабаблар билан Тошкентдаги Халқаро Вестминестер университетига ҳужжат топширдим. Университетга афсуски грантга эмас, балки контракт асосида қабул қилиндим. Шу туфайли ҳам яна Береа коллежига топшириш иштиёқи пайдо бўлди. 2016 йил ноябрь ойида барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб коллеж маъмуриятига юбордим. Шундай бўлсада, Вестминестер университетидаги ўқишни ташлаб қўйганим йўқ. 2017 йил апрель ойининг бошларида Береа коллежидан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келган.

    Бу ерга келишимнинг яна бир асосий сабабларидан бири – Қўшма Штатларнинг юқори даражадаги сифатли таълим тизими, айниқса мен танлаган соҳада. Ундан ташқари, молиявий сабабларга кўра тўлиқ грант олиб ўқиш мен учун жуда муҳим ҳисобланган. Береа коллежи эса, 4 йиллик ўқиш учун барча харажатларни қоплаб берувчи грантни тақдим этди.

    — Сиз таҳсил олаётган коллежингиз ҳақида таассуротлар қандай?

    Коллежим Береа шаҳарчасида жойлашган. Шаҳар адирлар ва кичик ўрмондан иборат яшил табиатли ҳудуд. Коллеж шаҳарнинг катта қисмини эгаллаган. Береани талабалар шаҳарчаси дегувчилар ҳам бор. Коллежда дунёнинг 120 дан зиёд давлатлари ва АҚШнинг деярли барча штатларидан келган 1600 дан ортиқ талабалар таҳсил олишади. Береа коллежи 60 дан кўп биноларни ўз ичига олган. Улардан 15 га яқини талабалар ётоқхонаси, улкан кутубхона, спорт комплекси, аниқ фанлар ва бошқалардан иборат.

    Қолаверса, коллежда талабалар дарслардан ташқари кампусда тайинланган ишларда ҳафтасига 10-15 соат ишлашлари лозим. Бу ишга албатта ойлик тўланади. Талабалар ишдан топган пулларини ўзларининг шахсий харажатлари учун сарфлашлари мумкин.

    — Кузатишларингиз натижасида америкаликларнинг ҳаётга муносабати ва қандай ўзига хос характерларга гувоҳ бўлдингиз?

    Мен мулоқотда бўлган америкаликлар орқали улар ҳақида кўп нарсаларни ўргандим. Менга ёққан жиҳатлардан уларнинг ўзаро мулоқоти самимий ва дўстона. Мисол учун, қаерга борманг, айниқса, ўқиш ва иш жойларида нотаниш америкалик, у ёш ёки кекса бўлсин, мулоқотда профессионаллик билан жавоб беришига гувоҳ бўласиз.

    Шунингдек, кўпчилик америкаликлар жуда меҳнаткаш ва билим олишга эътибор беришади. Уларнинг ёши 40–50 дан ошган бўлса ҳам, университет ёки коллежга бориб таълим олишдан уялмайди. Уларда фаровон ҳаётга фақат юксак билим ҳамда катта меҳнат ортидан эришиш мумкин, деган ғоя шаклланган.

    Улар иш ва ўқиш билан бирга дам олиш, ҳордиқ чиқаришга ҳам яхшигина эътиборли. Аксарият америкаликлар ҳафтада 5 кун ишлашади (кўпинча кунлик 8 соат), қолган 2 кунини оила ва дўстлар билан турли машғулотлар ҳамда дам олиш билан ўтказишади.

    — Ўзбекистонда АҚШдаги қандай инновацияларни жорий этиш мумкин деб ҳисоблайсиз?

    Болаликдан АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб, ўйлаганман. Ва бу ерга келиб фикрларим кўп жиҳатдан ўзини оқлади. Ҳақиқатдан ҳам АҚШ йирик молиявий ва инновацион марказ. Ўрганадиган тажрибалар талайгина.

    Ўйлашимча, АҚШнинг фуқароларга индивидуал шароитлар яратиб бераётгани, қонун ҳимоясининг тўлиқ ишлаши, ютуқлар ва ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг бугунги мавқесига сабаб бўлган. Энг муҳими бу ерда фуқаронинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши, мансабидан қатъий назар ўз ғояси ёки бизнесини бошлаш учун барча керакли манбалар ва қонунчилик механизми етарлича яратилган.

    — АҚШ-Ўзбекистон таълим тизимида ўхшашликлар борми, уларнинг таълим соҳасидаги қандай тажрибаларини ўрганишимиз мумкин?

    — Бир қанча ўхшашликлар мавжуд. Мисол учун, таълим давомийлиги яъни Ўзбекистондагидек бошланғич, ўрта ва юқори босқичдан иборат. 11 йиллик мактаб тизими ва 4 йиллик бакалавриат ва ҳоказо. Лекин менинг фикримча АҚШнинг таълим тизимида Ўзбекистонга нисбатан фарқлар ҳам кўп. Ўзбекистонда буларнинг энг мақбулларини жорий этиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

    Масалан, АҚШ таълим тизимида талабаларга катта эркинлик берилган. Олий таълим муассасаларида талаба қайси соҳада ўқишини ўқишга қабул қилинганидан кейин ҳам ҳал қила олади ва энг қизиғи 4 йил давомида ўқиётган соҳасини бир неча марта ўзгартириши ҳам мумкин.

    Шунингдек, Қўшма Штатларда ўқишни тамомлаш кўп ҳолларда Ўзбекистондаги каби вақт билан ўлчанмайди. Балки таълимда кредит курс амал қилади. Мисол учун, бизда бакалавр даражасини олиш учун талаба 4 йил тўлиқ ўқишга мажбур. Америка тизимида талабаларга ўқув дастури берилади ва агар улар мана шу дастурдаги барча курсларни ўқиб тугатса, 3 йилда ҳам бакалавр дипломини қўлга кирита олади.

    АҚШ таълим тизимининг яна бир афзаллиги – талабалар дарс режаларини ўзлари тузади. Яъни талабалар қандай дарслар олишни мустақил ҳал қиладилар. Талаба хоҳласа соҳасига алоқадор бўлмаган фанларни ҳам ўқиш имкониятига эга.

    Билишимча, Ўзбекистон олий таълим тизимида талабалар учун 4 йиллик дарс ва курслар режаси олдиндан тасдиқланади. Бу тизимдан босқичма босқич воз кечиш керак, деб ўйлайман. Боиси ҳозирги шиддатли даврда кечаги дунёқарашингиз бугунги кунга ёки эртанги кун учун мос келавермаяпти.

    — Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

    Келажакдаги мақсадларим талайгина. Булардан энг асосийси танланган соҳамда билим ва тажрибаларимни кўпайтириб профессионал даражага етишиш ва шу орқали бошқалар учун яхшилик келтирадиган ишларни амалга оширишдир.

    Бугунги кунда ўқишдан ташқари дастурлаш ва инглиз тилини ўргатишга мослаштирилган beruny.com интернет лойиҳасини олиб боряпман. Кейинчалик Ўзбекистонга қайтиб таълим, технология ва логистикага оид бир неча лойиҳаларимни амалга оширмоқчиман.

    Нурилло Тўхтасинов

    суҳбатлашди