Қўмита мажлисида Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди

    Мамлакатимизда 30 сентябр 2022 1250

    2022 йил 30 сентябрда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда 2021 йилда Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган камчилик ва қонун бузилишларни бартараф этиш ҳолати юзасидан Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

    Қайд этилганидек, вазирликлар томонидан бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида қатор ишлар амалга оширилган.

    Халқ таълими вазирлиги тизимида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан Ҳисоб палатаси ҳамда Молия вазирлиги томонидан ўтказилган назорат тадбирида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, инсон омилини камайтириш ва бюджет харажатларини режалаштиришдаги камчиликларнинг олдини олиш бўйича «UzASBO» дастурий мажмуасига ўзгартиришлар киритилиб, янги модуль ва автоматик чекловлар жорий этилган.

    Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги барча умумтаълим мактабларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларини назорат қилиш ҳамда ортиқча тўловларнинг олдини олиш, ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини автоматлаштириш ва бу жараёнда инсон омилини камайтириш, сарфланган ва тежалган маблағларни кўриш имконияти мавжуд бўлган ягона электрон дастурий мажмуа (erp.maktab.uz ахборот тизими) ишлаб чиқилган.

    Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов шартнома асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун онлайн шаклда ариза қолдириш ҳамда тўлов шартномаларни онлайн олиш имконини берувчи «t-kontrakt.edu.uz» ахборот тизими ишга туширилган.

    Сенаторлар мажлисда таълим тизимидаги ижобий ишлар билан бирга, мавжуд айрим муаммолар ва камчиликлар ҳанузгача сақланиб қолаётганлигига ҳам эътибор қаратди.

    Хусусан, Халқ таълими вазирлиги тизимида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, қиммат нархларни қўллаш орқали бюджет маблағларини ортиқча сарфлашга йўл қўйиш ва давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик талабларига зид равишда шартномалар тузиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.

    Шунингдек, мазкур вазирлик тизимида иссиқ овқат билан таъминлашда аутсорсинг хизматларига бюджет маблағларини тўлашда тизимли хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги таъкидланди.

    Бундан ташқари, Олий таълим тизимида ОТМга ўқишга кириш учун белгиланган имтиёзлар тўғри қўлланилмаётганлиги, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўшимча давлат гранти асосида таҳсил олиши учун давлат бюджети маблағлари нотўғри сарф этилаётганлиги танқид қилинди.

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида бюджет маблағларининг сарфланиши, иш ҳақи ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёни, шу жумладан, таълим объектлари қурилишидаги коррупциявий омилларни тўлиқ бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги ҳамда вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги масъул раҳбарларга кўрсатиб ўтилди.

    Шунингдек, вазирликлар тизимида Давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланишида йўл қўйилган айрим камчиликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар сенаторларнинг эътиборидан четда қолмади.

    Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates