Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ходимлари қўриқхона ҳудудида олиб бориладиган мониторинг-кузатув ишлари жараёнида ҳар бир ҳолатни эътиборга олиб, суратларда ҳам қайд қилиб боришади.
Қўриқхонанинг Қизилсув бўлимида ўтказилган навбатдаги ўрганишларда Тянь-Шань қўнғир айиғининг излари ҳам борлиги аниқланиб, расмга олинди.
Қўриқхона ходимларининг билдиришича, бир қарашда одамникига ҳам ўхшаб кетадиган бу излар, тахминан, 7-8 ёшлардаги қўнғир айиққа тегишли бўлиб, чангли сўқмоқда юрганида аниқ кўринган.
Эслатиб ўтамиз, қўнғир айиқ — республикамиз фаунасининг ноёб турларидан бири.
ТМХИ Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган қўнғир айиқларни муҳофаза қилишга кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз самарасини бермоқда. Хусусан, “Ҳисор” давлат қўриқхонаси ҳудудидаги аниқланган айиқлар сони ҳозирда 150 бошдан ортиқ ва қўриқхонанинг деярли барча ҳудудларида учрайди.