Қўнғирот темир йўл вокзали фойдаланишга топширилди

    Қўнғиротлик Бахтыбай Джиенбаев темир йўл соҳасида 37 йил меҳнат қилиб, бугунги кунда нафақада дам олмоқда. Янгидан қад ростлаган Қўнғирот темир йўл вокзали биносини ҳамкасблари билан томоша қилиб, замонавий услубда қад кўтарган бинога узоқ вақт назар ташлаб, ўтган даврларини бир-бир эслади. Қўримсиз, эски вокзалда оғир шароитда ишлар олиб борар эди. Энди буткул бошқача манзара. Ҳақиқатдан ҳам Қўнғирот туманидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг яққол намунасидир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунларида берилган топшириқлари бўйича 15-сонли баёни ижросини таъминлашда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти зиммасига “Қўнғирот темир йўл вокзали” биносини янгидан қуриш вазифаси юклатилган эди.

    Қисқа давр мобайнида “Тоштемирйўллойиҳа” МЧЖ мутахассислари билан биргаликда замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига биноан, Қўнғирот темир йўл вокзали биноси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан муваффақиятли амалга оширилди.

    Жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан 12.5 миллиард сўм сарфланиб бунёд қилинган ушбу замонавий темир йўл вокзали бугун фойдаланишга топширилди.

    Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанали маросимда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Орынбаев, “Ўзбекистон темир йўллари“АЖ Бош муҳандиси -Бош менеджери Шарофитдин Қодиров, шунингдек, Қўнғирот тумани меҳнат фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар, Давлатимиз раҳбарининг, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини янада яхшилаш, темир йўл тизимида йўловчиларга ҳамда тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида қабул қилган қарорлари ижросини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

    - Қўнғирот темир йўл вокзали ўтган асрнинг ўрталарида яъни, 1955-йилда қурилган бўлиб бир вақтнинг ўзида 50 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган. Умумий фойдаланишдаги майдони 460 м2 ташкил этадиган ушбу вокзалда йўловчиларга сифатли сервис хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд эмас эди, -дейди Қўнғирот темир йўл вокзали бошлиғи Камалатдин Акимов. — Юртбошимизнинг ташаббуслари билан эски вокзал ўрнига қурилган мазкур янги ва замонавий мажмуанинг умумий фойдаланишдаги майдони 820 м2 ни ташкил этиб 22 та хонани ўз ичига олган. Янги вокзалнинг ўзида эндиликда бир вақтнинг ўзида жами 150 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бу эса олдингига нисбатан уч баробар кўпроқ дегани.

    Вокзали биносининг биринчи қаватида темирйўлчилар ҳамда ички ишлар ходимлари хизмат хоналари, кутиш зали, депутатлар хонаси, она ва бола хонаси, санитария назорати, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва оғир беморлар вақтинчалик дам олиш хоналари, буфет, савдо шохобчаси, аёллар, эркаклар ва ногиронларга мўлжалланган махсус ҳожатхоналар жойлашган. Вокзалнинг иккинчи қаватида эса, барча қулайликларга эга, замонавий анжом-ускуналар билан жиҳозланган меҳмонхона ва овқатланиш хонаси мавжуд. Меҳмонхона жами 7 та хонадан иборат бўлиб, 17 нафар кишига хизмат кўрсатади.

    Умумий майдони 252 м2 бўлган алоҳида бир қаватли чипта сотиш кассаси ҳам барпо қилинди. Йўловчиларнинг ёғингарчилик, ёки жазирама кунларда фойдаланишлари учун, умумий майдони 277.2 м2 бўлган соябон ҳам қурилди.

    - Мен темир йўл соҳасида 28 йилдан буён меҳнат қилиб келмоқдаман. Лекин, бугунгидек шароит рости олдинлари умуман бўлмаган, — дейди Қўнғирот темир йўл вокзали навбатчиси Аширбай Сейтжанов. – Асосан биз Қўнғирот-Тошкент, Қўнғирот-Андижон, Волгаград -Тошкент, Манғыстаў -Нукус, шунингдек, Душанбе -Волгаград, Хўжакент -Волгаград йўналишидаги йўловчи поездларга хизмат кўрсатамиз.

    Янги барпо этилган вокзалда бундан ташқари, назорат ўтиш пункти биноси, шунингдек, вокзал ҳудудида умумий майдони 20 м2 бўлган ичимлик суви билан таъминловчи насос станцияси биноси ҳам қурилган. Суғориш учун ва ёнғинга қарши сув резервуарларининг қурилгани, вокзал атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

    Соҳада замонавий инфратузилма бино ва иншоотларини барпо этишда эришилган ютуқ, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига намунали хизмат кўрсатилишини таъминлаш, йўловчи ҳамда сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қуриб битказилган Қўнғирот темир йўл вокзалининг фойдаланишга топширилиши янги йил байрами арафасида Қорақалпоғистонлик юртдошларимизга, қолаверса ушбу диёрга ташриф буюрадиган меҳмонларга байрам совғаси бўлди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар, юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қиладиган мана шундай эзгуликлар, инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган савобли ишлар янада кўп ва бардавом бўлишини мамнуният билан эътироф қилдилар.

    Минажатдин Қутлымуратов,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates