Қорақалпоғистонлик ёшлар IT касбларни пухта эгалламоқда

    Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиалини бориб кўрди.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Етти йил олдин юртимизда IT компаниялари сони 147 та бўлган бўлса, бугунги кунда 2 мингтадан ошди. Уларда 30 минг нафар ходим юқори даромадли иш билан банд. 70 минг нафардан зиёд ёшлар IT билан мустақил шуғулланаяпти.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида шу соҳада экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш ва 300 минг нафар ёшни иш билан банд қилиш режалаштирилган. Чекка ҳудудларда ҳам IT-шаҳарчалар ташкил этишга киришилган.

    Хусусан, Қорақалпоғистонда IT-парк резидентлари сони ўтган йил якунига нисбатан бугунги кунда уч баробарга ошиб, 108 тани ташкил этди. Улар томонидан 310 нафар мутахассис иш билан таъминланган. 2024 йилнинг биринчи ярмида хизматлар ҳажми 2,4 баробарга, экспорт ҳажми эса 1,7 баробарга кўпайди.

    Таълим резидентлари томонидан 25 минг нафар ёш ва давлат хизматчилари ўқитилиб, малакаси оширилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида онлайн платформа орқали 2023 йилда 18 минг нафар ёш ўқитилган бўлса, 2024 йилнинг шу кунига қадар 29 минг нафар ёш ўқитилди. Жорий йил 33 мингдан зиёд ёшга таълим бериш режалаштирилган.

    Бу натижалар яратилган шароит инъикоси. Давлатимиз раҳбари 2021 йил ҳудудга ташрифи чоғида IT-парк учун янги бино қуриш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, Нукус шаҳри марказида 17 қаватли замонавий бино бунёд этилди. Бу ерда IT-таълим ва коваркинг марказлари, офислар, конференция зали ва хизмат хоналари мавжуд. Шунингдек, бинога IT-парк резидентлари, соҳада фаолият олиб бораётган инвесторлар, чет эллик аутсорсинг корхоналар жойлаштирилади.

    Илгари икки қаватли бинода очилган IT-парк бугун муҳташам мажмуага кўчгани режалар улканлигидан дарак беради.

    Президентимизга бинода бажарилган ишлар, соҳадаги натижалар ва режалар ҳақида ахборот берилди.

    Масалан, аввал АҚШнинг Амазон компаниясида ишлаган қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамалов юртига қайтиб, ўзининг HUPO стартапига 4 миллион доллар сармоя жалб қилган. Давлатимиз раҳбари у билан суҳбатлашиб, ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

    Давлатимиз раҳбари IT-парк резидентлари, ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикрларини тинглаб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

    – Бу соҳада стартапларни ҳаётга татбиқ этсак, ҳам тармоқларда натижадорлик ошади, ҳам давлат харажати камаяди, ҳам ёшлар учун иш ўринлари пайдо бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Бинода UZINFOCOM марказининг филиали ҳам жойлашган. Марказ ҳудуд ёшларини uStudy дастури орқали замонавий касбларга ўқитади. Малакаси оширилган кадрлар ўз соҳаси бўйича замонавий компанияларга ишга жойлашади.

    Президент барча ҳудудларда IT парклар учун давлат-хусусий шериклик асосида шундай кўп қаватли бинолар қуриш зарурлигини таъкидлади.

    – Уларда муҳит шундай бўлиши керакки, ёшлар ўзини эркин ҳис қилсин. Овқатланиш, дам олиш, спорт ва бошқа хизматлар мужассам бўлсин. Бинолар шаҳарлар марказида, ёшларга қулай жойда бўлгани маъқул, – деди давлатимиз раҳбари.

    Мазкур IT-паркни Қорақалпоғистон туманларидаги мактаблар билан боғлаб, соҳага қизиққан ёшларни ўқитиш, келгусида юқори даромадли ишларга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates